АсосийСиёсат

Хонқа туманида мебелсозлик саноат зонаси ишга тушди

Давлатимиз раҳбари шоурумда маҳсулот намуналарини кўздан кечирди, уларнинг сифатини ва дизайнини юқори баҳолади.

'Хонқа туманида мебелсозлик саноат зонаси ишга тушди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Хонқа туманида барпо этилган мебелсозлик кичик саноат зонасини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хабар берди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 июндаги мебель саноатини ривожлантиришга оид қарорига мувофиқ, салоҳияти бор туманларда шундай саноат зоналари ташкил этилмоқда. 

Хонқа туманида ҳам аввалдан мебелсоз усталар кўп. Ҳозирги кунда бу йўналишда 140 дан зиёд тадбиркор, 500 дан ортиқ хонадонда кичик устахоналар бор. Шу пайтгача уларнинг кўпчилиги тор жойларда, ноқулай шароитларда ишларди.

Шу боис 10 гектар ер ажратилиб, мебель маҳсулотларини кластер усулида ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо объектларини ўз ичига олган кичик саноат зонаси барпо этилди. Бу ерда 10 миллион долларлик 61 та корхона фаолият бошламоқда. 650 киши иш билан таъминланди. 

Корхоналарда Германия, Италия, Швейцария, Туркия, Хитой каби давлатлардан келтирилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилган. Йилига 108 миллиард сўмлик уй, офис, меҳмонхона, ресторан, савдо ва ижтимоий муассасалар учун мебеллар ишлаб чиқариш қуввати яратилган.

Президентимиз устахоналардаги иш жараёнини кўздан кечирди. Хоразм вилоятида қурилиш кўлами ошгани, кўплаб уй-жойлар, меҳмонхоналар, бино ва иншоотлар барпо этилаётганидан унумли фойдаланиб, корхоналар учун буюртмалар шакллантириш, янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Мебелсозлик кичик саноат зонасида дизайнер ва технологлар тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил қилинган. Унга Туркиядан малакали мутахассислар жалб этилган.

Улар билан мулоқотда мебеллар сифатини таъминлаш, ёшларнинг бу бўйича тажрибасини ошириш ҳақида сўз юритилди. 

Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ташқи бозорларга ҳам йўналтирилиши кўзда тутилган. 3 миллион долларликдан зиёд экспорт қилиниши мўлжалланган.

Яна бир муҳим жиҳати, саноат зонасида энергия самарадорликка эътибор қаратилган. Корхоналарнинг барчасига қуёш панеллари ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари шоурумда маҳсулот намуналарини кўздан кечирди, уларнинг сифатини ва дизайнини юқори баҳолади.

Хоразм вилоятида мебель ишлаб чиқариш билан 300 дан ортиқ корхона шуғулланади. Соҳадаги якка тартибдаги тадбиркорлар 200 дан ортиқ, 1 минг 300 дан зиёд аҳоли ўзини ўзи банд қилган.

    Бошқа янгиликлар