АсосийSUG'DIYONA

Бахт калити қаерда? Ёхуд бахти очилмаётган қизлар таснифи

Гўзал, оқила, ишда, илмда катта муваффақиятларга эришган, феъли ҳам ажойиб, аммо… ёлғиз! Сизнинг танишларингиз орасида ҳам шундай қизлар бордир? Хўш, у нега шу пайтгача ёлғиз, нега бахти ҳеч очилмайди? Сиз келин қилиш умидида қиз қидирганларга унинг манзилини берасиз, яхши йигитлар билан таништириб қўясиз, бироқ бари бефойда. У негадир номзодларни ўзидан нари итараётгандек ёки нимаси биландир чўчитаётгандек. Хўш, муаммо нимада? Руҳшунослар фикрича, бундай қизлар бир неча тоифага бўлинар экан.

1-тоифа: ҚИРОЛИЧА

Шоҳсанам бир қарашда кишида яхши таассурот қолдиради. Чиройли, очиқкўнгил, киришимли, қувноқ ва бамаъни қиз. Бундан ташқари, ҳавас қилса арзигулик келин бўлиши мумкин: машинаси, квартираси бор, олий маълумотли, яхши ишда ишлайди, зиёли оилада тарбия топган. Шунга қарамай, ёши 28 га чиқса ҳамки ҳамон оила қурмаган. Ҳатто шу пайтгача бировдан севги изҳори ҳам эшитмаган экан. Умуман олганда, Шоҳсанамнинг ўзи унча-мунча йигитни назарига илмаслиги ҳеч кимга сир эмас. У бўлажак турмуш ўртоғига қўядиган шартларни эшитиб, нега йигитлар бу қиздан бир чақирим нарида юришларини тушунса бўлади. Яъни бўлажак куёв ичмасин, чекмасин, яхши пул топсин, уни қаттиқ севсин ва Шоҳсанамдан ҳар томонлама «бир калла баланд бўлсин» эмиш. Бордию талабгор йигит бу талаблардан биронтасига озгина бўлса-да жавоб бермасликка журъат этса, мағрур қироличамиз қошларини чимириб, шўрликни «брак»ка чиқарадилар. Қизиқ, унга бундай «шаҳзода»ни қаердан топамиз? Улар фақат киноларда бўлади ахир!

Аслида бундай қизларга эрнинг кераги йўқ, дейишга шошилманг. Биз биламиз, Шоҳсанам ҳам ҳамма қизлар қатори оила қуришни, фарзандли бўлишни орзу қилади. Аммо бу орзуси томон бир қадам ҳам ташлагиси, ўзига хаёлан яратиб олган идеалидан оз бўлса-да воз кечгиси йўқ.

Сиз шундай тоифага кирасиз, агар мана бундай бўлсангиз:

  • ҳаммани бўлар-бўлмасга танқид қилаверасиз;
  • муроса қилишни билмайсиз;
  • мулоҳазаларингиз қатъий ва кескин;
  • ўзингизни доимо ҳақ деб биласиз;
  • кўпинча сиз билан яхши мулоқот бошлаган инсонларнинг вақт ўтгани сайин сиздан ўзларини олиб қочишларини сезасиз;
  • ҳазилни кўтара олмайсиз.

Нима қилмоқ керак?

Биринчи навбатда ғурурни бир четга суриб қўйиб, дугоналарингиз, яқинларингиздан сизни яхшилаб танқид қилишларини сўранг. Сўнг уларга диққат билан қулоқ солинг, гапларини бўлманг ва баҳслашманг. Танқидларни инобатга олишга ҳаракат қилинг. Йигит билан учрашганда унинг камчиликларига эмас, фазилатларига эътибор қаратинг. Кўпроқ тинглашни ва бўлар-бўлмасга баҳслашавермасликни ўрганинг. Атрофингиздагилар ҳақида ёмон гапирманг. Қисқаси, тожингизни ечиб туринг, қироличам!

2-тоифа: НАЗОРАТЧИ

«Азизим, бугун концертга борамиз-а, унутмадингизми? Соат нечадалигини эсдан чиқармагандирсиз? Концерт зали қаерда жойлашганини биласизми? Илтимос, кеч қолманг, уйдан вақтлироқ чиқинг. Қани, ҳаммасини бир бошдан такрорланг-чи: қачон, қаерда, соат нечада учрашамиз? Бақирманг, мен нима қилдим сизга?!» Севара беш яшар бола ёки шаҳарга янги келган муҳожир билан концертга тушмоқчи, деб ўйладингизми? Йўқ, асло. Унинг собиқ (!) қаллиғи кап-катта йигит, шаҳарнинг ярмини машина мойлари билан таъминлайдиган фирма бошлиғи эди. Аммо, афсуски, тўй бўлмади. Чунки уни ёш бола деб ҳисоблаётган, ишонмаётган, суянмаётган, аксинча ўзини назоратчи онадек тутаётган қизга уйланишни ким ҳам истарди?! Севаранинг ҳамма нарсани назорат қилавериш одати ёшлигидан унга панд бериб келади, аммо қиз тушмагур буни тан олишни истамайди. Тарки одат — амри маҳол, деганлари шу бўлса керак. Фотиҳа бузилгач, қиз шўрлик «бевафо», «яхшиликни билмайдиган» йигитни қарғаб, роса кўз ёш тўкди. Аммо энди бари бефойда эди.

Сиз шундай тоифага кирасиз, агар мана бундай бўлсангиз:

  • ҳамма нарсани назорат қилаверасиз;
  • «буни мендан бошқа ҳеч ким қила олмайди», деб ўйлайсиз;
  • учрашув вақти ва жойини кунда бир неча бор аниқлаштиришдан чарчамайсиз;
  • учрашувга йигитнинг кеч қолишини кечириб бўлмас гуноҳ ҳисоблайсиз;
  • эркакларни ёш бола деб ўйлайсиз.

Нима қилмоқ керак?

«Бор-ей!» деб ҳаммасини ўз ҳолига ташлаб қўйинг. Йигитингиз концертга чипта топа олмаслигига 100 фоиз ишонсангиз ҳам, унга имкон беринг. Балки сизни лол қолдириб, олдинги қаторга чипта олиб келар! Хўп, сиз назорат қилмасангиз, ҳеч бир иш ҳал бўлмайди. Хўш, нима қилибди? Шунинг учун севимли инсонингиз билан муносабатларингизни қурбон қилиш ақлданми? Бир мартагина бўлса-да масъулиятни йигитнинг зиммасига юкланг. Ким билади, бу кейин ўзингизга ҳам ёқиб қолар.

3-тоифа: «ЭРСИЗ ҚОЛМАСАМ БЎЛДИ!»

Дилноза қизалоқлигиданоқ келин бўлишни орзу қиларди. Бошқа қизларга ўхшаб «шифокорлик касбини танлайман» ёки «катта ўқишда ўқийман» демасди, фақат «келин бўламан» дерди. Чиройли либосларда эрини кутиб олишини, унга ширин таомлар пишириб, бир этак бола туғиб беришини ўйлаб катта бўлди. Аксига олиб, бахт кутганингда келмайди. Дугоналари ўқишни битириб, турмушга чиқиб кетишди. У эса ёши 25 га чиқди ҳамки, орзу қилгани — оқ кўйлак ва Лимузин унга яқин келай демаяпти. Кадди-басти келишган, юзлари ойдай, бир хонадонни гулдек яшнатадиган қиз ҳамон бошқаларнинг тўйида келинларга ҳавас ва ҳатто ҳасад билан қарашдан нарига ўта олмаяпти. Шу пайтгача чиққан учрашувларию кўрган йигитларининг санаб, адоғига етиб бўлмайди. Йигитларга ортиқча талаб ҳам қўймайди. Шунчаки, уйим-жойим дейдиган бўлса, кифоя. Аммо йигитлар негадир уни танлашмаяпти. Айниб кетган совчилардан бирининг орқаваротдан айтишича, Дилноза иккинчи учрашувдаёқ ўзини йигитнинг хотинидек тута бошлабди. Учрашувнинг эртасига йигитга қўнғироқ қилиб, дориларини ичган-ичмаганини сўрабди, истаса, йигит билан бирга бозорга тушиб, унга кийим танлашда ёрдамлашиши мумкинлигини ҳам айтибди. Ҳозирданоқ қизнинг ўзини бекадек тутаётганидан чўчиган йигит орқасига қарамай қочворибди.

Сиз шундай тоифага кирасиз, агар мана бундай бўлсангиз:

  • ҳар бир йигитга бўлажак турмуш ўртоғингиз сифатида қарайсиз;
  • йигит нимадан гап очмасин, мавзуни тўй ва рўзғор ташвишларига бурасиз;
  • ўзингизнинг ажойиб бека бўлишингизни бўлар-бўлмасга кўз-кўз этаверасиз;
  • унинг пулларини тежамоқчи бўласиз.

Нима қилмоқ керак?

Аввало, келажакка доир аниқ режалар тузиб, ҳар бир йигитга бўлажак эрдек қарашни бас қилинг. Қизиқишларингиз доирасини кенгайтиринг, бирор фойдали машғулот билан шуғулланинг, касб ўрганинг, хуллас, «нима бўлса ҳам эрга тегиш» фикридан бироз чалғинг. Танишган йигитингизнинг шахсий ҳаётига дарҳол аралашиб, унда тартиб ўрнатишга киришиб кетманг. Сиз ҳозирча унинг ҳаётида шунчаки бир меҳмонсиз. Йигит сизни шунчаки кўрмоқчи, синамоқчи, аслида қандай эканлигингизни билмоқчи. Ҳеч қачон тўй, рўзғор, биргаликдаги ҳаёт мавзуларига шаъма ҳам қилманг. Аксинча, ўзингизни эркин тутинг, худди оила қуриш сизга эмас, унга керакдек.

4-тоифа: ОҒЗИ КУЙГАН ҚАТИҚНИ ҲАМ ПУФЛАБ ИЧАР

Карима йигитларга ишонмай қўйганди. Чунки талабалик даврида танишиб, севишган йигити Равшан тўрт йил унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юриб, охири бошқага уйланиб кетди. Кейин қизни совчилар орқали бир йигитга унаштиришганди, бўлажак куёвнинг гиёҳвандлиги маълум бўлиб, тўй бузилди. Шундан сўнг Карима ўз қобиғига ўралиб олиб, ҳеч бир йигитни яқинига йўлатмайдиган бўлиб қолди. Орадан маълум фурсат ўтгач, яралар ўрни битиб, қиз яна оила қуриш, фарзандли бўлиш ҳақида ўйлай бошлади. Аммо энди ҳар бир йигит унинг кўзига алдоқчи, гиёҳванд, ичкиликбоз бўлиб кўринарди.

Сиз шундай тоифага кирасиз, агар мана бундай бўлсангиз:

  • оилангизда муаммолар кўп;
  • яхши йигитлар ҳам борлигига ишонмайсиз;
  • эртами-кеч сизни барибир алдаб кетишларига аминсиз;
  • имкон бўлиши билан йигитингизнинг чўнтаги, телефони ва ҳатто электрон почтасини ҳам текширмоқчи бўласиз.

Нима қилмоқ керак?

Аввало, яхши нарсалардан ибрат олишга интилинг. Таниш-билишларингиз орасида бахтли оила қурганлар йўқми? Бўлса керак, фақат яхшилаб қаранг. Уларга бахт кулиб боқибдими, демак, сизга ҳам кулиши тайин. Ўзингизнинг бу қадар бадгумонлигингиз сабабини англашга ҳаракат қилинг. Инсонларга, хусусан, йигитларга озгина бўлса-да, ишонишни ўрганинг. Унутманг, инсонга ишонмасангиз, у кўнглингизнинг тақа-тақ ёпиқ эшигини чертавериб, охири чарчаши ва бир куни сизнинг энг ёмон шубҳаларингизни тасдиқлай бошлаши мумкин.

Шаҳноза СОАТОВА

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар