Бугун, 19 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров ҳамда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов лавозимидан озод этилди.
Президентнинг айтишича, Денов тумани ҳокими И. Аброров ишларни назоратсиз ҳолга ташлаб қўйган. Чироқчи туманида эса тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган 309 млрд сўм ресурсдан мақсадли фойдаланилмаган.
“153 нафар ходим ишлайдиган туманда шунча ресурс бўла туриб, одамларга имконига яраша тайёр лойиҳа бериш ўрнига, аҳолини ёппасига кредит олишга мажбурлаяпти. Унинг қайтиши ҳақида ҳам ўйламаяпти”, — деди Мирзиёев.
Шу сабаб Денов тумани ҳокими И. Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш. Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Ф. Юсупов ва биринчи ўринбосари З. Эргашев ишдан олинди.
Давлат раҳбари йиғилишда Сурхондарёнинг Узун тумани ҳокими Хабибулла Бозоров натижаларини ҳам алоҳида қайд этди. Туманга ажратилган 160 млрд сўм маблағ доирасида 70 млн доллар инвестиция жалб қилинган, 47 та корхона ишга туширилган, 1300 та доимий иш ўрни яратилгани маълум қилинди. 5 та маҳалладаги 7,5 км кўча сервис масканига айлантирилиб, 1 минг нафар одам иш билан таъминланган.
Бундан ташқари, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилган, 2 мингдан ортиқ микролойиҳа орқали 4 минг 200 нафар аҳоли даромадли бўлган. Натижада Узун туманида камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизга тушган, 23 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айланган. Маҳаллий бюджет тушумлари эса ўтган йилга нисбатан 17 млрд сўмга ошган.






