АсосийSUG'DIYONA

​«Ўзгаргим келяпти! Ёрдам беринг!»

'​«Ўзгаргим келяпти! Ёрдам беринг!»'ning rasmi

Баҳор янгиланиш мавсуми, дейишади. Ҳақиқатан баҳор келиши билан атрофдаги ҳамма нарса ўзгара бошлайди, дея ўй-хаёлларга киришдиму ўзимда «Мен ҳам ўзгаришни истайман!» деган шижоатни сездим. Аммо ҳаётда ўзгариш ясаш унчалик ҳам осон эришиладиган мақсад бўлмагани боис буни қандай амалга ошириш борасида бош қотира бошладим. Ўзгаришни истаган ҳар бир инсон шу саволни ўзига берса керак: «Нимадан бошлай?»

Нимадан бошлай?

Ишим, уйим, оилам, фарзандларим… ҳаммаси яхши. Бироқ ҳаммаси шу қадар одатий бўлиб кетганки, бундай ҳолларда «тўқликка шўхлик қилма», дейишади. Демак, ўзимни ва ҳаётга қарашларимни ўзгартиришим ва ҳаётдан завқланиб яшашни ўрганишим лозим.

Лаб бўёғини ўзгартиринг!

Азизбек АХРОРОВ, руҳшунос: — Вақти-вақти билан киши ўз ҳаётига ўзгартириш киритишни, янгиланишни истаб қолади. Чунки инсон зерикувчан, бир текисда кечган ҳаёт уни баъзан зериктириб қўяди. Агар ўзингизда ўзгариш истагини ҳис қилган бўлсангиз, руµшунос сифатида энг аввало ишни лаб бўёғини ўзгартиришдан бошланг, деган бўлардим.

Биринчи қиладиган ишингиз — сартарошхонага йўл олинг: соч турмагингизни ўзгартиринг. Кейин эса кийим дўконига боринг: кийиниш услубингизга янгилик киритинг. Ёрқин ранглардан қўрқманг.

Хобби топинг!

Ҳар биримизнинг ўз қизиқишларимиз ва севимли машғулотларимиз бор. Албатта бирор машғулот билан шуғулланишни одат қилинг. Бу тўқиш, китоб ўқиш, тил ўрганиш, спорт билан шуғулланиш, хуллас, ўз қизиқишингиздан келиб чиққан машғулот бўлиши керак. Агар бундай машғулотлар билан шуғулланаман деювчилар сирасига кирсангиз, демак, бу машғулотингизга янгилик киритишингиз зарур. Асосийси, кундалик одатларингиз ва одатий фикрлаш тарзингизга ўзгартириш киритиш. Кўпдан бери орзу қилган ишингизни амалга оширинг.

Катта орзулар сари

Ойна қаршисида туриб, ўзингиздан нима истаётганингизни сўранг. Сизга ғалати туюлиши мумкин, аммо бу устингиздан кулиш эмас, балки руµшунослик услуби. Сўнг саволингизга жавоб беринг. Масалан, шахсий автомобилингиз бўлишини истайсиз. Ўтиринг-да, бу орзунгизни ёзинг. Кейин машинангизни бошқарганда нималар ҳис қилишингизни қайд этинг. Энди эса дафтарнинг бошқа саҳифасини очинг-да, ўз машинангизга эга бўлиш учун нималар қилишингизнинг рўйхатини тузинг. Ёзганларингизни ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир марта ўқинг ва унга эришиш учун ҳам ҳаракат қилинг. Орзуингиз сизга қанчалик узоқ ва етишиб бўлмасдай туюлмасин, ҳар қандай катта мақсадларга кичик қадамлар билан эришилишини ёддан чиқарманг.

Аммо мақсадим сари интилиш учун куч қайда?

Яна сизга ойна ёрдамчи бўлади. Ўзингизга савол беринг: нима сабабдан бу мақсадга эришмоқчисиз?

Ўйлаб кўриб, бу саволга жавоб беринг: пиёда юрмаслик учун.

Савол: Нима сабабдан ўзгаришни истаяпсиз?

Ўзингизга ҳаққоний жавоб беринг: зерикарли ҳаётимга ўзгартириш киритиш, уни ёрқинлаштириш учун.

Бу савол-жавоб билан миянгиз сизга нима кераклиги, нимани ўзгартириш истагида эканлигингизни тушунади.

Тўсиқларни енгиш...

Мақсад бор, ҳаракатга ҳам тушиш арафасидасиз-у, аммо сизга нималардир ҳалал бермоқда. Орзунгизни унутманг, тўсиқларга енгилишга ҳам шошилманг. Балки ўтириб, бу кўринмас ва кўринарли тўсиқларни қайд этинг. Масалан, ўз бизнесингизни очмоқчисиз, аммо фарзандларингиз ҳали кичкина. Дафтарингизнинг бир саҳифасига тўсиқларни ёзиб чиқинг: иш, болаларим, эрим…

Мана шу нуқтада сизни виждонингиз қийнай бошлайди. Қўрқманг, бу уларга хиёнат қилиш эмас. Ёки улар сизнинг ҳаётингизга ҳалал берувчи омиллар, демоқчи ҳам эмасмиз.

Дафтарнинг кейинги саҳифасига эса нима сабабли улар ҳалал беришини ёзинг: болаларим кичиклиги сабабли улар менинг парваришимга муҳтож.

Энди вазиятга ечим топинг: фарзандларимни боғчага беришим мумкин ёки бувижонларидан ёрдам сўрашим мумкин. Яъни сиз орзунгиз йўлида нималар тўсиқ бўлаётганини тилга олиш билан муаммога ечим топдингиз. Кўриб турганингиздек, бу кимдир ҳаётимга ҳалал бераяпти, дейиш эмас, балки ҳолатга ечим излаш. Энди эса олға!

Ўзгаришни истайман дейишнинг ўзи кам!

Ҳаётингизда нимадир ўзгартирмоқчи бўлсангиз, аввало буни ўзингиздан бошланг, дейилади китобларда. Лекин ўзгаришни истайман, деган гап билангина чекланиб қолманг. Фикрлаш доирангизни кенгайтиринг, ҳаётга позитив боқинг. «Қаришни истамайман», «Семиз бўлишни истамайман» деган қора ўйларнинг йўналишини «Мен ёш ва навқиронман», «Уйим жуда чиройли», «Чиройли қоматим бор» дея яхши томонга ўзгартиринг. «Эртага қиламан», деган сўзни унутинг! Орзуингиз сари интилишда барибир ҳеч нарсага эриша олмайман, деган йўналишдан қочинг. Сиз албатта омадга эришасиз!

Табассум қилишни ўрганинг!

Сиз гўзалсиз, табассум эса сизни янада гўзаллаштиради. Ҳамма нарсани табассум билан кутиб олинг, бу яқинларингиз ва атрофингиздаги одамларга ҳам юқсин.

Кийимлар

Бу мавсумда зумрад, яшил, қизил ва лимон ранглар урф бўлмоқда. Кийимларингизнинг ҳаммасини бошдан-оёқ ўзгартиришнинг иложи бўлмаса-да, бир неча мавсумда русум бўлган рангли кийимлар билан бойитинг.

Косметик воситалар

Косметикангизни кўздан кечиринг. Одатий қайси рангларни ишлатишингизга диққат қилинг. Дўконга отланганингизда бу одатий ранглардан бошқача ранглар танланг. Бу йилги пардоз урфларининг асосий қоидаси: асосий эътибор лабларга қаратилган, ёрқин қизил рангли лаб бўёғи, кўзларга эса бироз қалам текизилса, бас. Қошлар борасида эса сўнгги йилларда қалин қошлар урфга кириб келмоқда.

Соч

Ўзгаришни истаган бўлсангиз, ҳеч ўйланмасдан сартарошхонага йўл олинг! Бу йил урфга кирган соч ранги — шоколад ранг.

Бу мавсум 70-йилларнинг соч турмаклари ва гўзал шаклда ўрилган сочлар урфга кирмоқда.

Сиз гўзал аёлсиз!

Гўзаллик сари ҳам интилиш лозим. Ўзингизни севинг ва буни ўзингизга изҳор қилинг. Қандай қилиб дейсизми? Ҳар куни ўзингизга ҳам вақт ажратинг. Гўзаллик ва ўзгариш фақатгина ёрқин рангли кийимлар билан бўлмайди. Ўзингизга бўлган муносабатингизни ўзгартиринг. Тирноқларингиз узун ва сўнгги урфдаги рангга бўялмаган бўлса-да, тоза, парваришланган бўлиши керак. Бунинг учун катта маҳорат керак эмас ва уй шароитида ҳам амалга ошириш мумкин. Вазиятдан чиқишнинг йўли: бир-икки марта маникюр қилдиргани гўзаллик салонига боринг ва маникюрчи устанинг ҳаракатларини кузатинг. Керакли қайчи ва пилкаларни сотиб олиб, ҳафтада бир кун ярим соат вақтингизни ажратиб, қўл ва тирноқларингизни парваришланг. Қўлингиз келишмаётганига эътибор қилманг, 2-3 марта маникюр қилганингиздан сўнг маҳоратингиз ошиб бораётганини ўзингиз ҳам сезасиз. Ҳафтада икки маротаба юзингизга ва бир маротаба сочингизга парваришловчи ва мустаҳкамловчи ниқоб қилишга одатланинг.

Мақола сизда ҳам ўзгариш ҳиссини уйғотган бўлса, қолган ҳаракатларни ўзингизга ҳавола қиламиз. Асосийси, орзу қилиш ва орзулар сари интилишдан, яқинларингизга меҳр кўрсатиб, ҳаётдан завқ олиб яшашдан зерикманг ва чарчаманг.

Мадина ЗАРИФ

    Бошқа янгиликлар