АсосийSUG'DIYONA

​«Қайнонам аразлади»

'​«Қайнонам аразлади» 'ning rasmi

Ҳаммаси яхши эди... Гоҳида хаёл билан идиш товоқларни ювиқсиз қолдирсам, қайнонам баъзида секин, баъзида чинниларни “жаранг-журинг” қилиб, ювиб қўярди. Сочиқларни ивитиш учун тоғоражонга солиб, бошқа юмушга уннасам, қайнонам ваннага ўтиб, тоғорадаги кирларни ювишга киришардилар. Бошида хижолат бўлиб “Ойижон, қўяверинг, ўзим”, дердим. Кейинчалик бу илтифотни бас қилдим. Асло дангасаликдан эмас! Боиси, “домчилик”! Кун бўйи уйда зериккадилар, озроқ ёрдамлари тегса тегибди-да, деган ўй! Хуллас, аҳил ва иноқ оила бўлиб яшаётган эдик. Нимагадир кўз тегди...

Эрталаб турмуш ўртоғимнинг у ёғидан ўтиб, бу ёғидан айланиб, ишга кузатгач, ўн-ўн беш дақиқа мизғиб оламан дейман-у, дақиқалар соатларга уланганини сезмай қоламан. Хижолат бўлиб, ётоқхонадан секин чиқаман. Қайнонам залда телевизор кўриб ўтирган бўлади. Индамай ошхонага ўтаман. Улар ҳам индамайди. Биламанки, қайнонамда ўзгариш бор...

Авваллари бундай вазиятларда бир оғиз бўлса ҳам гапирардилар… Энди эса АРАЗ!

Ойижоним уй бекаси бўлса-да, дунёда, хусусан, санъат оламида нима гап-сўзлар бўлаётганини ипидан игнасигача биладилар. Гапни ўша томонлардан бошладим. “Об-ҳаво” ўзгармади. Энг ёмони, қора булут бўлса-ю, ёмғир ёғмаса! Бу юракка дунёнинг ташвиши, охири кўринмайдиган орзулар сиғади (ҳатто, жой ҳам қолиб кетади), аммо эримнинг таърифи билан айтганда, “арзимаган баҳонадан чиққан араз”га жой йўқ! Вой-дод, деб бақиргим келади...

Дарҳол онамга қўнғироқ қиламан. Вазиятни имкон қадар ўзимга мослаб, қайнонамга кимдир роса ўргатган, шекилли, негадир, ўзгариб қолди, деб гап бошладим. Шунда онам ёнимни олиб, ёзғирсалар керак, деб хаёл қилаётганимда, гўшакдан онамнинг: “Ҳой қиз, сени мен билмайманми? Ёстиқнинг расмини чизиб берса, қучоқлаб ухлайсан-ку! Тайёр сув, иссиғиям бор, совуғиям... яна нима керак?! Келинлар чироқсиз Ҳам, сувсиз Ҳам қайноналарнинг кўнглини олган. Нима, сенга тараққиёт ҳалақит беряптими? Ўғли яхши-ю, онаси ёмонми?..” деган даккилари қулоқ пардаларимни йиртиб юбораёзди. ТАМОМ! Нажот кутганимдан шунча дашном, бошқаси келиб юпатармиди, баттар бўл дейди-да!

“Ўзимдан ўзга ёру вафодорим йўқ”. Бобур ҳазратларига яна қойил қолдим. Сал кам олти асрлик келажакни кўра олган экан. Нима қилиш керак? Аксига олиб, тузукроқ хушомадни ҳам билмайман. Аслида келин дегани озгина хушомад қилса зиёни йўқ. Ахир, ўғлини икки қўллаб топширган онанинг кўнглини олиш учун озгина тер тўксак тўкибмиз-да.

Кун бўйи ишлаб, ҳориган менинг эрим, яъни қайнонамнинг ўғли уйга келганида “совуқ” ҳароратдан пешонаси тиришиши аниқ. Яхшиси, телефон қилиб, “бир ўртоқларингиз билан учрашиб, озгина кўнгил ёзиб қайтинг”, дейман. Кўз тегмасин, хўжайин анча фаросатли, гапларимни мазмунини пистадек чақиб ташлайди.

...Тонг! Озгина сабрдан ғамлаб, табассумни аямай, “Ойижон, яхши дам олдингизми? Бугун бир шаҳар айланмаймизми?” дегандим, “Кўрамиз...”, дедилар қайнонам. Мен ҳам ичимда “кутамиз”, деб қўйдим. Яхши ҳам кутганим, жилмайганим. Натижа мен кутгандан ҳам аъло бўлди! Онамдан маслаҳат сўраб, маломат қилгунча, кеча шундай йўл тутганимда, эримнинг чўнтагидаги “барака” бузилмасди... Айтганча, қайнонамни айнитган душман кимлигини билсам... Майли уларни ҳам бир меҳмон қилиш ниятидаман. Ўша “бузғунчи” учун дастурхонимизга “гина-кудурат” тортармиканман ёки тансиқ таомлар, буни вақт кўрсатади. Ҳозирча эса “сабр” ва “табассум” аталмиш ҳамишалик ёрдамчиларимдан миннатдорман.

Келин

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар