1

Даврон Fоипов концертда қулаган том ​ва Маккага қадам босишга қўрққани ҳақида

ШОУ-БИЗНЕС 07.04.2017, 16:20
Даврон Fоипов  концертда қулаган том ​ва Маккага қадам босишга қўрққани ҳақида

Кун келиб, ҳамма нарса тарихга айланади. “Шамолларда қолган ҳисларим” фильми ёзилган видеокассета, Моцартнинг концерти ёзилган грампластинка… Бироқ хотира “китоб”ини варақлаганимизда, ўша ширин хоти­ралар ёдга тушаверади... “Керак эмас шаҳло кўзларинг”, “Тўхта-тўхта, шошмагин”, “Бу нима бу?” каби қўшиқлари ҳануз севиб тингланадиган афсонавий “Оригинал” гуруҳи асосчиси Даврон ҒОИПОВ ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди...

"Отамни қўрқитганман..."

— 1961-йилнинг 7 октябрида Урганчда туғилганман. Отам Рўзмет Ғоипов вилоят раҳбари бўлган, онам Ёқутхон уй бекаси эди. Оилада етти фарзанд: 2 қиз, 5 ўғилнинг кенжатойи эдим. Энг кичик фарзанд бўлганим боис акаларим билан орамиздаги ёш тафовути анча катта эди. Шу боис улар билан ўйнолмасдим, энг кичик акам Одил билангина гапимиз гапимизга мос келарди. Отам қаттиққўл бўлгани боис кенжа ўғил сифатида эркатой бўлмаганман. Лекин ўзимга етгунча шўх эдим. Отам хизмат сафари билан Қаршига юборилгани учун оиламиз билан кўчиб кетганмиз. Ўша ердаги ўн йиллик 5-ўрта мактабга ўқишга қабул қилинганман. 6-синфгача барча фанлардан беш баҳога ўқиганман. Аниқ фанларга ҳушим бўлмагани боис кейинчалик баҳоларимга “тўрт”, “уч” оралаган. Тарих, геог­рафия фанини яхши кўрардим. Афсуски, ўша даврда мусиқа фани ўтилмасди. Ҳатто, тарих фанидан олимпиадада қатнашиб, ғолиб ҳам бўлгандим. Қарасам, поғонама-поғона олимпиадада иштирок этишимга тўғри келяпти. Мусиқа қолиб кетаётгани боис олимпиаданинг кейинги босқичларида иштирок этишдан бош тортганман. Шўх бўлишимга қарамай, сира дарсдан қочган эмасман, жуда интизомли эдим. 8 ёшимда Озод акам кинокамера совға қилган кундан бошлаб, кино суратга олишга иштиёқ уй­ғон­ган. Болаларча дунёқарашим билан бир нималар суратга олиб юрардим. Орадан вақт ўтиб, рок йўналишидаги қўшиқларни кўп тинглаганим учунми шу йўналишга қизиқишим ошиб борди. Акам совға қилган гитарани чалишни эса кўчадаги нотаниш болалардан ўрганиб олгандим. Нотани билмасам-да, эшитиш қобилиятим яхши эди-да. Чалаётган куйим­ маромига етмагунича ҳаммадан бекиниб, гитарани қўлимдан қўймай машқ қилардим. Охир-оқибат 8-синфда ўқиб юрган кезларим профессионал созандалар билан ишлаш мақсадида ресторанда гитара чалиб, қўшиқ куйлай бошлагандим, мўмайгина пул ҳам беришарди. Энг қизиғи, бундан ота-онам бехабар эди, билиб қолса отамнинг шаънига яхши эмасди-да. Қолаверса, у вақтларда гитара чалган ўсмирларга кўчадаги безо­ри­га қарагандек қарашарди. Уйда акаларим менинг тарафдорларим эди, кечки пайт ресторанга кетганимда отам мени сўраб қолса, “дарс қиляпти” ё “ухлаяпти”, дейишарди. Отам эса “ўғлим ўз вақтида дарс қилиб, ўз вақтида ухлаяпти”, деб хурсанд эди. Аслида хонамнинг деразасидан қочиб чиқиб, ресторанга борардим, қайтиш йўлим ҳам шу дераза эди (кулади). 10-синфда ўқиб юрган кезларим қўлга тушганман. Сира ёдимдан чиқмайди, уйда отам, мен ва акамдан бошқа ҳеч ким йўқ. Отам “шу ерда қаршимда ўтирасан”, деса бўладими. Ресторанга кетадиган вақтим бўляпти, нимадир қилишим керак. Отам телефонга чалғиганида акамга “мени сўраса, ухлаяпти”, дейсиз”, дея каравотимга худди одам ётгандек қилиб, кийимимнинг ичига нарсалар тиқиб, ёнбошлатиб ётқизиб қўйдим. Ярим тунда қайтсам, жимжитлик, акам “сени соғ қўймайдилар” деса бўладими. Билсам, отам “Нега эрта ухлашга ётдинг?”, дея кўрпани очганда ётқизиб қўйган “одам”им оёғининг тагига думалаб тушган ва отамнинг ўтакаси ёрилган (мириқиб кулади). Эртасига отам роса койиган ва “ҳарбий соҳа вакили бўласан”, дея ўз қарорини айтган. Мен ҳам санъат соҳасидан кетишимни қатъият билан айтгандим.

"Ялла"да ишлаётганимга ишонишмаган"

— 1978-йил Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров Қаршига бориб, мусиқий танлов ўтказган. Ўшанда истеъдодимни кўрган Фаррух ака “Ялла” гуруҳида бас-гитарачи бўлиб ишлайсанми?”, деб қолди. Мактабда давлат имтиҳонларини топшираётганимдан бехабар эди. Ўқишни тамомлаб, Қаршидаги Педагогика институтининг мусиқа факультетига ҳужжат топшириб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилинганман. Икки ой ўқигач, ўқишимни сиртқи бўлимга ўтказдим. Чунки Тошкентга Фаррух ака билан ишлашга боришим керак эди-да. Эҳтиёткорлигим боис онамга вазиятни айтиб, пойтахтга йўл олганман. Отам хабар топгач, “Сендек бетайин 17 ёшли йигитни ким ишга оларди”, деб ишонмаган (кулади). “Ўзбекконцерт”га қўнғироқ қилганида ҳақиқатда “Ялла” гуруҳида ишлаётганимни тасдиқлашган. “Ялла” гуруҳида бир ярим йил ишладим. Рок йўналишини яхши кўрганим боис “Ялла”нинг услубига мослаша олмадим. Гуруҳни менга қўшилиб, созандалар Аббос Алиев ва Раҳим Арифходжаев ҳам тарк этишди ва биргаликда “Оригинал” гуруҳини ташкил қилдик. Назаримда, ўшанда Фаррух ака мендан ранжиган, лекин муносабатларимиз сира ёмонлашмаган.

"Мухлислардан қоплаб мактуб ­олардик"

— 1979-йилнинг охирларида “Оригинал” гуруҳимиз роса оммалашди. “Ялла”ни тарк этганимдан отам ҳайратга тушган. Мен эса мусиқа шунчаки хобби эмас, ҳаётим мазмуни эканини исботлашга уринардим. Шундай имкониятлардан бири “Песня-81” танлови эди. Опам мени қўллаш мақсадида марказий телевидениеда намойиш этилаётган мазкур танловдаги иштирокимни отам кўриши учун атай телевизорни ёқиб қўйган экан. Балки ўшанда бошлаган ишим жиддийлигига ишонч ҳосил қилгандир, яна ким билсин. Ўша телетанловдан сўнг мухлислардан ўн беш қоплаб хатлар олгандик. Бу ҳақда ҳатто кўрсатув ҳам қилишганди.

Ўз вақ­ти­да яхшигина оммалашган “Бу нима бу?” номли қў­шиқ рок йўналишида бўлгани учун аввалига студия­да ёзишга журъа­тим етмаганди. Шунда ўша вақтдаги Давлат телерадио қўмитаси раиси Убай Бурҳон бу ҳақда қаер­дан­дир хабар топиб, қўнғироқ қилиб, “Нега шу қўшиқни ёзмадинг? Эртагаёқ ёзгин”, деганди. Шунда ҳам эҳтиёткорлик қилиб, авжини ўша вақтдаги “Садо” гуруҳи қизларига куйлатганман. Бу қўшиқ ҳам роса оммалашган, лекин танқидлар ҳам мени четлаб ўтмаган. Янгиликни қабул қилиш доим ҳам осон кечмайди-да. Тўрт йил гастролма-гастрол юриб, машҳурлик гаштини ҳам тотиб кўрдик. Замона зай­ли билан олти йил ижодий танаффус қилишга тўғри келди, бу муддатни Москвада ўтказганман. 1990-йил Тошкентга қайтганимда мени хонанда Азиза Муҳамедова кутиб олган ва “Юрмала” танловининг саралаш босқичига бирга боришни таклиф қилди. Борсам, имижим ўзгаргани боис мени ҳеч ким танимади. Бир пайт Пьеро либосидаги бир йигит тикила-тикила “Даврон Ғоиповмисиз?” деб сўради. Гапини тасдиқласам, кутилмаганда тиззалаб ўтириб олиб, “Ниҳоят, сизни кўриш бахти насиб этди”, деб йиғлаб юборса бўладими. Билсам, бу йигит Руслан Шарипов экан. Ўшанда Руслан билан танишгандик, кейинчалик Руслан “Болалар” гуруҳининг эски таркибини менга шогирдликка олиб келган.

"Чироқни ўчиришса ҳам куйлайверганман"

Олти йиллик ижодий танаффусдан сўнг “Бу нима бу?” номли фильм­да Ҳасан-Ҳусан ролини ижро этиб, шу кинокартина орқали “Оригинал” гуруҳини яна катта саҳнага қай­тар­ганман. Концерт залда жой қолма­га­ни­дан икки юзталаб одам қўшни бино томларига чиқиб оларди, ҳатто оғир юкдан томлар тешилиб, одами билан қулаб тушарди. Энг қизиғи, ҳар гал кимдир чироқни ўчириб қўя­ве­рарди. Бир сафар чироқни умуман ёқил­май­диган қилиб, ўчи­ришди. Шун­да рояль чалиб, жонли қў­шиқ куйлай бошлаганман. Ўша бир ярим соатлик қоронғуда ўтган концертимдан сўнг чироқ бошқа ўчмайдиган бўлган (кулади). “Ҳунар”и бефойдалигини англагандир-да. 1992-йил яна ижодий танаффус қилиб, Москвага кетишимга тўғри келди...

1997-йил Тошкентга қайтдим. Бу гал ижодни катта майдонда ўтадиган Мустақиллик байрамида куйлаш учун Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов шеъри билан “Омон, омон, Ўзбекистон” қўшиғи билан бошлаганман. 2000-йил эса “Ўзбекэстрада”га директор этиб тайинлашди. Икки йил самарали ишладим, эстрадада сезиларли ўзгаришлар қилдим. Сўнг халқаро миқёсда ишлай бошладим. “Шарқ бозори” (“Восточный базар”) номли халқаро танловда ҳайъат аъзоларидан бири эдим. Уч йил мобайнида кўплаб ўзбек хонандаларимизни шу танловга олиб бориб, тажриба алмашишга кўмаклашганман.

"Каъбага қўл теккизишга ботинолмадим..."

Кутилмаганда соғлигим ёмонлашди, 2006-йил буйракдаги саратонни олдириш учун Украинага боришимга тўғри келди. Очиғи, ўша вақтда ортга назар ташлаб, ўзимни ўта гуноҳкор инсондек ҳис қилдим. Ҳатто, Умра сафарига борганимда ўтмишим сабаб, Маккага қадам қўйишга қўрқдим. Назаримда, худди мўъжиза рўй бериб, мени ер ютиб юборадигандек эди. Ҳадигим шу қадар кучли бўлганидан аввалига Каъбага қўл теккизишга ботинолмадим. Журъат топганимда эса сўз билан таърифлаб бўлмас ҳисни туйдим ва кўзимдан оққан ёшларни тўхтатолмадим…

Соғлигим тиклангач, 2011-йил Тош­кент­га қайтдим. Ҳозирда шахсий студиям­, продюсерлик марказим бор.

Ёдимда, бир вақтлар ҳамма хонандага битта созанда ишларди. Бугунги кунда эса истеъдодлар жуда кўп. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди, лекин уларни деб, ҳамма санъаткорни ёмонга чиқариб бўлмайди. Энг ёмон ҳолат: ҳамманинг машҳурликка интилиши. Ҳар қандай ҳолатда профессионаллик чегарасидан чиқмаслик шарт. Масалан, аслида Алла Пугачёвадан ўн чандон кучли истеъдод эгалари бор. Ҳақиқат шундаки, Пугачёва керакли вақтда керакли жойда бўла олган, шу боис у ҳануз талабгир хонан­далардан бири. Ўзбек санъатидаги кўпчилик машҳурлар ҳам юқоридаги фик­римга мисол бўла олади. Ҳозирги концерт­ларнинг деярли бари шоу, ҳақиқий концертлар бармоқ билан санарли. Менимча, ўн беш минг томошабин сиғадиган концерт зал қуриш керак. Шунда кўзи етган хонандагина концерт бера олади ва чипталар ҳам арзонлашади. Ҳатто дунё миқёсидаги машҳурларнинг юртимиздаги концертлари кўпаяди ва чиптаси ҳам ҳамёнбоп нархларда сотилади. Ўзбек санъаткорлари билан хорижлик хонандаларнинг тажриба алмашиши учун ҳам яхши имконият бўлади, деб ўйлайман. Лекин айни ҳақиқат шундаки, ўзбек санъа­тига тенг келадиган санъат дунёда йўқ.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади
Фотомухбир: Ислом Рўзиев

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1