– Турмуш қурганимизга бир неча йил бўлди. Эрим билан яқинлик вақти бирор бир ҳиссиёт уйғонмайди. Баъзан буни сездириб қўйиб, иккимиз айтишиб қоламиз. Муносабатларимизга совуқлик тушмасин, жуфтимнинг мендан кўнгли қолмасин деб, ўзимни ҳар кўйга соламан. Бироқ бу қачонгача давом этади... Нега нозик масалаларда бирор бир ўзгаришни сезмайман? Балки бу хасталикдир?
Исми сир тутилди.
Маълумотларга кўра, жинсий ҳаёт олиб борувчи аёлларнинг аксарияти яқинлик вақти қониқиш ҳисси қачон бошланиши, қандай кечиши ва қай тариқа якунланиши тўғрисида етарлича ахборотга эга эмаслар. Айримлар лаззатланиш яқинлик сўнгида пайдо бўлади, деб тушунса, кимдир бу ҳолатнинг аксини тўғри деб билади. Аммо нозик муносабатларда ҳеч қандай ҳиссиётларни англолмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, бундай вазиятда нима қилиш керак? Мутахассис тавсиялари орқали муштариймизнинг мурожаатига аниқлик киритишга уриниб кўрамиз.
Индивидуал ёндашув
Ҳар бир инсон организми ўзига хос тарзда тузилган. Қолаверса, темперамент масаласини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шундан келиб чиқиб, кимдадир лаззатланиш ҳисси яқинлик бошланганидан сўнг, бир неча дақиқа ўтиб юзага кела бошласа, кимлардадир муносабатлар ниҳоялаётганида пайдо бўлади. Умуман олганда ҳиссиётларнинг авжига чиққан пайти бир неча дақиқа давом этади. Уни илғаб олиш ёки шу пайтда қониқиш ҳосил қилиш эса ҳар кимда турлича. Эркак хоҳиш-истакларини хатти-ҳаракатлари орқали билдирганида аёл уни рағбатлантириб туриши лозим. Шундагина ўзаро уйғунлик ҳосил бўлади. Жуфтингиз сиздаги кайфиятсизликни пайқамай қолмайди. Ва бу ҳолат унга қаттиқ таъсир кўрсатиши, ўзини етарли даражада эътибор кўрсата олмаётган деб билиши мумкин. Бу ҳолатнинг тез-тез такрорланиши эса эркак жинсий қувватининг сўнишига олиб келади. Англаганингиздек, ёрингизнинг ҳаракатларига диққат қилиб, керак пайтда тўғри муомала қилишни билинг.
Мушаклар зўриқмаса...
Яқинлик вақти тана бўшашган бўлиши керак дейилса-да, муносабатларга киришишдан аввал мушакларни салгина зўриқтириш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Бунинг учун қорин, оёқ ва думба соҳаси мушакларини енгил ҳаракатлар ёрдамида ҳаракатга келтириш зарур. Мушаклар қисқариши бутун танада, хусусан жинсий аъзоларда қон айланишини фаоллаштиради. Бу эса жинсий алоқа вақти қониқиш ҳиссининг пайдо бўлишига ёрдам бериши мумкин.
Хаёлларни нари қилинг
«Ҳисоботни якунламадим, эртага аниқ гап эшитаман», «Боя қайнонам нега қовоғини уйди менга?» ёки «Овсинимнинг қизига совчи келибдими, қизиқ кимлар экан-а?» каби ўйлар билан яқинликка киришиш, муносабатларнинг кўнгилдагидек тугалланмаслиги учун етарли асосдир. Қолаверса, хаёлингиз маиший масалалар билан банд бўлганида яқинликдан завқланиш иккинчи ўринга ўтиб қолиши табиий ҳол. Ўзгаришлар жуфтингизнинг ҳам назаридан четда қолмайди, ишонаверинг.
Тўсқинлик қилади...
– Жинсий аъзолардаги касалликлар;
– Стресс, асабийлик, психологик омиллар;
– Яқинликдан хавфсираш;
– Жуфтига нисбатан кўнгилсизлик;
– Гормонал ўзгаришлар;
– Жинсий аъзоларнинг меъёрда ривожланмаслиги.
Булар орасида энг кўп тилга олинадигани руҳият билан боғлиқ бўлганларидир. Ҳис-туйғуларга берилувчан аёллар турмушдаги муаммоларни ётоққа олиб киришади-да, нозик муносабатларда «қурол» сифатида фойдаланишади. Аслида эса рўзғор ташвишлари ўз «ғори»да қолиши лозим.
Тет-а-тет
Аввало нозик муносабатларда сизни ташвишга солаётган ҳолатлар ҳақида ўйлаб кўринг. Айнан нимадан кўнглингиз хижил?
Илгари яқинлик борасида муаммо бўлганми? У нима сабабдан келиб чиққанди, эслаб кўринг?
Жуфтингизнинг қайси хатти-ҳаракати ва қандай муомаласидан завқланасиз? Бу ҳақда ўзига айтганмисиз?
Муносабатларда сиз қандай вазифани бажарасиз? Ёрингиз бирор ҳаракатингизга эътироз билдирган ёки ранжиган пайтлари бўлганми? У нима эди, ўйланг.
Қачондан бошлаб, ҳиссиз малакка айланиб қолаётганингизни сездингиз? Балки бунга бирор воқеа таъсир қилгандир?
Инсон танасидаги эроген нуқталар (майлни қўзғатувчи) ҳақида эшитганмисиз? Улардан қай тариқа фойдаланишни-чи, биласизми?
Яқинликка тайёргарлик кўрасизми? Тунги либос, пардоз-андоз дегандек?
Мазкур саволлар шунчаки тузилган сўровнома эмас. Яқинлик борасида муаммо борлигидан безовта бўлган аёл борки, ўзи учун кичик имтиҳон ўтказиши мумкин. Ҳар бир саволга жавоб беришда «Шу вазиятни тўғирлаш учун нима қилоламан ва нималарни қилиб кўрдим?» деган масалани ҳам таҳлил қилинг. Борди-ю, муаммо соғлигингиздаги ўзгаришларда, хусусан бирор хасталикда бўлса, даволанишни кечиктирманг. Гоҳида биз оддий деб билган касалликлар ҳам нозик муносабатларга нисбатан хоҳишни сўндиради. Муаммони ҳал этишга қийналаяпсизми, у ҳолда мутахассисга юзланинг.
Тушунтиринг...
Эримнинг кўнгли қолмасин деб сохта кайфият пайдо қилиш, охир-оқибат сирингизни фош қилади. Ахир ҳамиша ҳам айёрлик қилолмайсиз. Қолаверса, эркаклар ҳам анойи эмас, ҳақиқий ҳиссиёт билан бўрттирилганини ажрата олишади. Бу эса юқорида айтганимиздек жуфтингизнинг ҳамиятига тегиши мумкин. Ўзингиздаги ҳолатларни тушунолмаяпсизми, турмуш ўртоғингиз билан юзма-юз гаплашиб олинг. Эҳтимол масаланинг ечимини бирга изларсизлар. Чўчиманг, ахир у жуфти ҳалолингиз, унинг учун қайғураётганингизни, аёллик вазифангизга жиддий ёндашаётганингизни билсин, шунга кўра хулоса қилади. Балки у ҳам сизга нисбатан муомаласини кўриб чиқар. Бу ҳам бирор натижа берса ажаб эмас.
Ўз устингизда ишланг...
Кун тартибингизни кўриб чиқинг, вақтида дам олаяпсизми, иш юкламаси меъёрдан ортиб кетмаяптими, асабийлик домига тушиб қолмаганмисиз, яқинларингиз билан муносабатларингиз қандай? Баъзан танангизга озроқ дам бериш орқали ҳам муаммо деб билган вазиятларга осонгина ечим топишингиз мумкин. Ёки хаёлларни банд қилган нохуш ўйларни бўшатиш ёрдамида енгилликни ҳис этасиз.
Ҳиссизлик – касаллик?
Шундай бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу тиббиётда аноргазм номи билан аталиб, яқинлик вақти аёлда муносабатларга киришиш истаги кузатилмайди. Аноргазмни келтириб чиқарувчи сабаблар ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Уни бартараф этишда эса мутахассис кўмаги талаб этилади. Яқинлик масаласидаги муаммолар ҳар бир жуфтликда учраши мумкин. Муҳими, ортиқча хаёлларга берилмай ўз вақтида ва тўғри ечим топа олиш даркор.
Андролог-сексопатолог Дилмурод ЭРГАШЕВ тавсиялари асосида МАРЖОНА тайёрлади.