«Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади, кейинги бекат Пушкин!»
Поезд қўзғаган онда Бахтиёр бир қалқиб тушди. Боши вагон ичидаги тутқичга урилди. Пешонасини ушлаб ён-верига аланглади. «Ҳеч ким кўрмадимикин».
Рўпарасида аллақандай газетани варақлаб ўтирган аёлдан бошқа вагонда ҳеч ким йўқ эди. Соат ҳам ўн бирдан ошиб қолган. Ўзи бунақа пайтда одам кам бўлади метрода?
Бахтиёр чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, ловуллаб турган пешонасига босди. Ишқилиб, ғурра бўлмаса гўргайди.
Беихтиёр қаршисидаги аёлга тикилди ва... таниди. Бу Саида! Худди ўшанинг ўзи, бошқа биров бўлиши мумкин эмас.
— Саида!
Бу исмни беихтиёр тилига кўчирди. Аёл чўчиб, аввал икки ёнига, кейин қаршисидаги йўловчига қаради:
— Бахтиёр!
— Сиз...
— Ҳа... тузукмисиз? Танимабман.
— Шунча йил ўтиб, учрашган жойимизни қаранг.
— Буям тақдир-да!
Тақдир! Қанчалар қудратли ва беомон куч. Шу қадар қудратлики, бутун инсоният, замону макон унинг измида.
Бахтиёр бир пайтлар қаердадир ўқиган, алҳол миясига келиб урилган бу фикрдан ўзи ҳам донг қолди. Чиндан-да ғалати. Ўн йил аввал ернинг юзасида туриб, бир-бирига видо айтган, бир-биридан кўнгил узган икки инсон айни дамда ер остида бақамти келиб туришибди. Ўшанда ким ўйлабди, дейсиз...
— Саида, уйдагилар тузукми? Болаларингиз...
— Раҳмат, худога шукур, ўзингизникилар яхши юришибдими?
— Раҳмат, Худога шукур!
Яна нима десин? Жим қолишди. Қизиқ, бир пайтлар икковлари соатлаб гаплашишар, вақт ғизиллаб ўтганини сезмай қолишар, уларнинг назарида вақт ҳам, суҳбат ҳам туамайдигандек эди. Энди- чи. Икки оғиз ҳол-аҳвол сўришгандан кейин гапригани бирорта сўз қолмаган бўлса?
Саида кўзларини қўлидаги газетага қадади. Бир нуқтага қадалган нигоҳларидан ҳеч нарса ўқимаётганини аниқлаш қийин эмасди. Бахтиёр ҳам унга термилган куйи нималарнидир ўйлаётгани, ўзи истамаган ҳолда хотиралар уммонига ғарқ бўлгани кўриниб турарди.
Саида! Бу исм бир пайтлар унинг фикру ёдини, жисму жонини, бутун борлиғини забт этганди. Усиз ҳаётни, тирикликни тасаввур қила олмай қолганди. У ўзини бу дунёга айнан Саида аталмиш беназир хилқат билан учрашиш, севиш ва севилиш, фоний умрни фақат у билан бирга яшаб ўтиш учун келган, деб биларди ўша пайтлар.
Ўша пайтлар... у битирувчи курсда, Саида эса биринчи курсда ўқирди. Муҳаббат тарихи бошқаларникидан деярли фарқланмасди. Ўқиш баҳона танишишди, кўнгил қўйишди. Кейин дарсдан кейинги учрашувлар, боғ сайри, кинотеатрнинг томошалари залида кечган бахтиёр дамлар... Ҳамма-ҳаммаси Бахтиёрнинг хотирасида бамисоли сандиқ тагида сақланадиган энг нодир буюмлар сингари эҳтиётлаб келинарди.
Саида билан кечган масъуд дамлар бир кун келиб, ана шундай нодир хотираларга айланади, деган ўй у пайтлар хаёлга ҳам келмасди. Биров унга Саида пайти келиб, уники эмас, етти ёт бегонанинг ҳасмига айланади, деса, нақ ёқасига чанг солган бўларди. Аммо, на иложки, яралганнинг эмас, Яратганнинг иродаси муқаррардир.
Одатда битирув имтиҳонларини топшириб, қўлига диплом олган собиқ талабанинг олдида икки йўл туради: ё шаҳарда қолиб, бирор тузукроқ ишга жойлашиш ё бўлмаса, кўч-кўронни орқалаб, қишлоққа қайтиш. Албатта, шаҳарда қолишга имконияти, тузукроқ таниш-билиши бор одам иккинчи йўлни танламайди.
Бахтиёр оилада ёлғиз ўғил эди. Ота-она биттаю битта жигарбандини ўзидан йироқлатгиси келмайди. Қолаверса, шаҳарда қолишнинг ҳам ўзига яраша мураккаб томонлари бор. Айниқса, ётоқхонадаги «иззати» битган битирувчи ўзига дурустроқ бошпана топиши керак.
У аллақачон дипломни қўлтиққа қистириб, қишлоққа жўнаворган бўларди. Ҳеч бўлмаганда, бирор мактабга бориб, тарихдан дарс бера олишига кўзи етади. Аммо, Саида-чи! Ота-онаси қизларини чекка қишлоққа узатишга кўнишармиди? Ҳар қалай шаҳар ва қишлоқ, шаҳарлик ва қишлоқи ўртасидаги тафовут, барибир, билинади.
Нега бу ҳақда Бахтиёр ҳам, Саида ҳам сал эртароқ, кинотеатрнинг нимқоронғи залида, хиёбоннинг хилват бурчакларида ёки дарсдан кейин ҳувиллаб қоладиган аудиторияларда бир- бирининг пинжига кириб ўтирган пайтларда ўйлашмади. Вақти- соати келиб дўппи тор келганида, икковиям нима қиларини билмай қолди.
Бахтиёр ота-онасининг раъйини беш қўлдек биларди. Муҳаббати ҳар қанча кучли бўлмасин, уларнинг хоҳишига қарши боришни ўзига эп кўрмайди. Ҳамма гап қизнинг ота-онасида қолганди. Саида уйдагилар билан маслаҳатлашиб келган куни айтган гапи шу бўлди
— Адам билан учрашаркансиз!
Нуфузли идоранинг қуйироқ рутбадаги ходими уни ўз кабинетида, хиёл тунд кайфиятда қарши олди. Гап бошлашдан аввал ҳўкизнинг қанча гўшт қилишини чамалаган қассобдай йигитга бошдан оёқ синчков разм солиб чиқди.
— Қизим — мени энг катта бойлигим, — деди вазмин оҳангда ота йигитнинг елкаси оша деворда илинган алламбало жадвалларга маъносиз тикилиб. — Шу пайтгача унинг кўнглига қараб келдик. Қизимизнинг бахти учун ҳамма нарсага розимиз. Фақат у кўзимизнинг ўнгида бўлса деймиз. Шаҳарда ўсган қиз даланинг оғир шароитига чидолмайди. Ҳозир кўзига ҳеч нарсага кўринмаслиги мумкин. Лекин вақти келиб, афсусланиб қолишини истамаймиз. Иккинчидан, биз – хўжаларданмиз. Сизлар-чи?
Бахтиёр иш битириш илинжида ёлғон гапиришга ўрганмагани учун, очиғини айтиб қўя қолди:
— Йўқ, бизнинг на хўжа, на саид, на эшонларга алоқамиз бор. Шу оддий ўзбекмиз, холос.
Отанинг узун бўйни яна бироз чўзилганддек, кибрли қиёфаси янада такаббурлик касб этгандек бўлди:
– Унда хўжалар қораларга қиз бермаслигини яхши биласизларми?
Билади, баъзилар ўз суҳбатдошини менсимай сизлагиси келмаса, негадир сенсирашга ҳам тили бормаса, худди шу тарзда – иккинчи шахс, кўпликда мурожаат қилишини ҳам билади.
— Майли, мен-ку одам айиришни унча хушламамайман. Лекин барибир, қизимни Тошкентдан олиб кетишларига икки дунёдаям йўл қўймайман. Ана, хоҳласанглар, шу ерда қолинглар, тузукроқ ишга жойлашиб, уй-жой масалаларини ҳал қилинглар, ана ундан кейин яна бир ўйлашиб кўрармиз. Тушундингларми?
— Тушундик, деди Бахтиёр истеҳзо билан. — Энди биз кетаверайликми?..
Ҳар қалай Саиданинг отаси Бахтиёрга қанчалик нохуш таассурот қолдирган бўлса, куёвликка номзод ҳам унда яхши фикр уйғотмагани аниқ эди. Қиз билан кейинги учрашувдаёқ ҳаммасига нуқта қўйилди.
Ҳаммаси қанчалар шиддатли, эҳтиросли бошланган бўлса, шу қадар тез ва совуққонлик билан якун топди.
Охирги учрашув чоғида:
— Дадангиз билан мен бир-биримизга тўғри келмадик, — дея дангал гап бошлади Бахтиёр. — Бизга ўхшаган қора халқ вакиллари у кишига мос келмас экан. Қолверса, қизларини қишлоққа бермас эканлар. Мен эса ота-онамни ташлаб келгим йўқ.
Ўшанда қизнинг нигоҳларида чақнаган қўрқув, алам, ҳайрат ва нафратнинг муштарак акси ҳамон Бахтиёрнинг кўз ўнгидан кетмайди.
— Ҳали шунақми? Ўлсам ҳам сени дейман, сенсиз бир лаҳза яшолмайман, жоним жаҳоним ўзингсан деганларингиз, ҳаммаси ҳавойи гаплар экан-да! Демак... демак...
Бахтиёр шу лаҳзада унинг йиғлаб юборишини, кўксига бошини қўйиб, ўксиб-ўксиб йитғлашини, ўз севгиси учун ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга тайёр эканлиги, йигитни ҳам шунга даъват этишини кутганди. Йўқ, у йиғламади, бошқа бир оғиз гапирмади ҳам. Лабларини қаттиқ тишлаганича, терс бурилиб кетди. Шу аснода унинг ортидан югуриб, қизнинг нозик вужудини бағрига босгиси, еру осмон қоришса ҳам, ота-оналар тиш-тирноғи билан қарши чиққан тақдирда ундан воз кечмаслигини айтиб, маҳбубасини ортга қайтаргиси келди. Аммо, бу истак йигитнинг қалбида қанчалар тез уйғонган бўлса, шу қадар тез сўнди. Юрагининг бошқа бир пучмоғида бош кўтарган кибрми, ғурурми, аллақандай ёввойи ҳис бунга изн бермади.
Наҳотки, шу билан ҳаммаси тамом бўлди? Наҳот энди улар ҳеч қачон кўришмайдилар. Наҳотки, бир олам оппоқ орзулар баҳорги оқ булут парчаси сингари олис, шаршарадан таралган камалакдек алдамчи, гул баргидаги шабнам томчиси мисол ўткинчи бўлиб чиқса?
Шундан сўнг ҳар қанча истамасин, надомат ва ҳижрон исканжасида ўртанмасин, тақдир уни Саидасига қайта дучор қилмади. Фақат орадан ўн йил ўтиб...
Саида ҳамон қўлидаги газетадан кўз узмайди. Бир нуқтага қадалган нигоҳлари эса, саҳифаларда муҳрланган сон-саноқсиз митти шакллардан маъно уқмоққа ожиз.
Бир пайтлар бу учрашувни қанчалар орзу қилган, кечалари ухламай яратганга таваллолар қилиб чиқмаганмиди? Орадан йиллар ўтиб алангани ҳис-туйғулар кул босиб қолган, ширин, эҳтирослар хотира дафтаридан ўрин олган бир пайтда бақамти келиб туширишибди.
...Саида зиёли оилада, қатъий тарти-қоидалар қуршовида тарбия топган, ота-онасининг хоҳиш-иродаси унинг учун қонун даражасига кўтарилган эди. Уйдан белгиланган вақтда чиқиб кетиб, айтилган фурсатда қайтиш қатъий таомил тусини олганди. Аммо, муҳаббат ўжар туйғу. У тартибни ҳам, таъқиқни ҳам тан олмайди. У шунчалар қайсарки, бошқа ҳар қандай қонун-қоидаларни енгиб ўтишга интилади.
У ана шу бетизгин куч измида бир пайтлар сирли-сеҳрли туйғулар, эҳтиросли лаҳзалар асирига айлангани рост. Бу бахтли ва масъуд дамларни ўз яқинларидан сир тутгани ҳам чин. Аммо уларнинг бахтли онлари ота-оналарнинг раъйи, иродаси бошланган ерда интиҳо топди.
Саиданинг отаси Бахтиёрни ўз ҳузурига чорлаган куни ишдан тунд кайфиятда қайтди.
— Бўлмайди, — деди қизининг илтижоли кўзларига тик қарашга ботинолмай. — Тушун, қизим, ҳозир ёшсан, билмайсан. Аммо, эртага бошингга турли қийинчиликлар тушиб, кўзинг очилганда кеч бўлади. Йигитнинг мавқеи ҳам, оиласи ҳам, насл- насабиям тўғри келмайди. Кейин, сен шаҳарда ўсгансан, қишлоқда яшолмайсан. У ернинг шароитини тасаввур ҳам қилолмайсан. У эса бу ерда қолмоқчи эмасга ўхшайди.
Қиз шу аснода ҳамма умидлари чилпарчин бўлганини сезса-да, вужудидаги бор журъатини тўплаб, умрида илк бора отасининг юзига тик қарагиси, юрагида ўт олган исёнга эрк бергиси, «Ота, ҳали қишлоқ экан-ку, жаҳаннамда ҳам у билан бирга бўлишга тайёрман» дегиси келди. Аммо отага нисбатан норозилик ҳисси ожизлик кўз-ёшларидагина ифода топа олди.
Ўша оқшом тонггача ухлолмай чиқди. Тўғрироғи, кейинги ҳаётини Бахтиёрнинг иштирокисиз тасаввур этаркан, кўзига уйқу, дилига ҳаловат инмади. Йўқ, бўлиши мумкин эмас. У ҳаётдаги энг олий матлабини амалга ошириши учун ота-она ризолигидан воз кечишга ҳам тайёр. Эртага факультетда Бахтиёр билан кўришадилар. У муҳаббати учун ҳар қандай қаршиликни енгишга тайёр. Ахир бу ҳаётда ота-оналар розилигисиз бир-бирига етишган ошиқ- маъшуқалар озми? Хўш, Бахтиёр ва Саида улар сафида жой олсалар нима бўпти?
...Эртаси куни, факультет орқасидаги хиёбонда қизнинг юрагини липиллабгина ёритиб турган сўнгги умид шуъласи ҳам сўниб, бутун борлиғини сўнгсиз зулмат чулғади. Демак, шу пайтга қадар ҳаммадан иродали, ҳаммадан қатъиятли ва кучли деб билгани – Бахтиёр тақдир тақозосига шу қадар осон бўйин эгибди.
Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Бошимга тош ёғса ҳам, жисмимни нимталаб ташласалар ҳам, жонимни минг бир азобда қийнасалар ҳам сизни ҳеч кимга бермайман, дея аҳду паймон қилган Бахтиёр эмас, бошқа одаммиди? Ёки отаси кеча бечора йигитни қаттиқ таҳқирлаб, қалбини вайрон қилдимикин?
Шу пайт кўксини аёвсиз тилкалаётган дард-аламларни кучли бир фарёд билан ташқарига отгиси, йигитнинг бўйнига осилиб, «бир умр чўрингиз бўлишга тайёрман, қаерда бўлсаям сиз билан яшашга тайёрман, сизсиз мен учун ҳаёт тўхтаб қолади» дея дод солиб йиғлагиси келди. Аммо қаршисида ожизлик ва тараддуд измида турган бу йигит назарида бундай фидойиликка нолойиқдек кўринди.
Айтар гапини айтиб, терс бурилган чоғда ҳам, йигитнинг ортидан югуриб келиши, бағрига босиб эркалаши, минг бор айтган ўтли, жарангдор дил изҳорини бир— да қайтаришини кутди. Аммо кутгани рўёбга чиқмади. Унинг қадамлари қизни ўз маҳбубидан бир умрга олислатиб борарди...
...Энди эса, рўпарасида ғурра бўлган пешонасини силаб ўтирган анави тепакал эркак бир пайт қалбига эга чиққан кўркам йигит эканига ишонгиси келмайди.
— Одатда... бунақа кеч юрмасдингиз.
Саида ялт этиб газета саҳифалари оша Бахтиёрга қаради. Рост, ўша пайтларда уйга кеч қайтишдан қаттиқ қўрқар, учрашиб юрганларида ҳам қоронғу тушмай хайрлашиш тадоригига тушиб қоларди. Эсида экан.
— Ҳа, нимасини айтасиз, — Бироз жимликдан сўнг Саиданинг юзларида ўша, қадрдон, латиф кулгич ўйнади. — Қизлик пайтларда шунақа эди. Адам роса «строгий» турардилар. Энди... қизлари оилали, уйли-жойли бўлгандан кейин, ҳамма масъулиятни, жавобгарликни куёвларига топшириб қўйганлар-да!
Поезд навбатдаги станцияда тўхтаб, уларнинг суҳбати ҳам узилиб қолди. Сухондоннинг кейинги бект ҳақида эълони тугагач, Бахтиёр яна Саидага юзланди:
— Агар сир бўлмаса... болалар нечта бўлди? Поччамиз нима иш қиляптилар?
Дафъатан аёлнинг қиёфаси жиддийлашди. Унинг юз-кўзларидан «нимага сўраяпсан» қабилидаги маънони уқиш қийин эмасди. Саиданинг тараддудланиши Бахтиёрни ҳам ўнғайсиз аҳволга солиб қўйди.
— Худога шукур, нолимайман, Бир ўғил, бир қизимиз бор. Катта ўғлим иккинчи синфга боряпти. Адамиз органда ишлайдилар, яқинда унвонлари ошди, майор бўлдилар.
— Зўр-ку, — илжайишга ҳаракат қилди Бахтиёр. — Унвонлари бундан кейин ҳам ошаверсин. Ўзингиз ҳам ишлаяпмсизми?
— Ҳа, институтда дарс бераман. Номзодликни ҳам ёқлаш арафасида турибман. Адамиз эса, ўзингни қийнаб нима қиласан, дейдилар, еганинг олдингда, емаганинг орқангда бўлса, санга нима етишмаяпти? Уйда ўтир, болларингга қара, ўша оладиган ойлигингни мен бераман, деб ҳол-жонимга қўймаяптилар.
— Унда поччамиз сизни жуда қадрлар эканлар!.. Ҳозир... уйга қайтяпсизми?
— Ҳа! Ойимларникига борувдим. Холаларим кеп қолишди. Кейин... қоп кетдим. Болаларни қўшнимизнинг қизига ташлаб келганман. Бўлмаса, ётиб қолардим.
— Поччамиз уйдамасмилар? — Бахтиёрга бу саволнинг жавоби умуман аҳамиятсиз бўлса-да, барибир нимадир дейиш, ниманидир сўраш керак эди. Саида эса, бамайлихотир, завқ-шавққа тўлиб гапирарди:
— Қатта? У киши уч-тўрт кун аввал чет элга, командриовкага учиб кетганлар. Агар уйда бўлганларида метрода юрармидим. Ё ўзлари бориб опкелардилар, ё «служебний» машинани жўнатардилар. Ўзимам... машина ҳайдашни ҳеч ўрганолмадим-да! Бўлмаса, ана, гаражда иккитаси ётибди. Қайтаётганимда такси тўхтатмоқчи бўлдим, лекин бунақа бемаҳалда таксидан кўра метро маъқулроқ кўринди. Метродан шундоқ чиқишим билан уйимиз. Беш хонали банковский уйлардан олганмиз. Ўзингиз нима қип юрибсиз? Манимча.. кетгандингиз, шекилли?
— Ҳа, кетганимга анча бўлди... ўз соҳам бўйича ишламадим. Ҳозир каттагина фермер хўжалигим бор. Анча-мунча ер-сув, мол-ҳол, дегандек... Тошкентга фермерлар қурултойига чақишириган экан. Кечроқ тугади. Тасодифни қаранг. Мен ҳам кўпдан бери жамоат транспортида юрмай қўювдим. Уч кун олдин машинамни ремонтга берганман. Йўловчи машиналардан биттасига илашиб келавердим. Йиғилишдан чиққанимиздан кейин шериклар бир ресторанда ўтириб бироз чақчақлашдик. Таксилар қўналғасига обориб ташлашмоқчи бўлишди, ўзим кўнмадим. Ёшлик йилларини қўмсабми, метрога тушгим келди. Мана, шу баҳона сиз билан учрашиб турибмиз...
— Нимасини айтасиз?... Айтганча, ўзингиз оилангиз ҳақида гапирмадингиз.
— Менми?... Уйланганман. Ўзимиз томондан. Қишлоққа қайтишим билан холамнинг қизига уйлантириб қўйишди. Мана, ўн йилдирки, бир томнинг тагида яшаб келяпмиз. Уч ўғлим бор. Учовиям қуйиб қўйгандек бир-бирига ўхшайди. Каттаси футболга қизиқади. Иккита кичиги қачон қарама, бир-бири билан бокс тушади. Роса шумтака!
— Ростданми? Меникилар анча қуйилиб қолган. Катта ўғлим нуқул беш олади. Юрист бўламан деб юрибди. Қмзим эса, дўхтир бўламан, дейди.
— Яхши. Инсон бахтли яшаши учун бундан ортиқ яна нима керак? Оилангиз тинч, рўзғоринг бут, болаларингиз соғ-саломат бўлса, шуни ўзи етарли-да!
— Тўғри айтасиз, бандаси сабр қилса, Яратганнинг ўзи бир куни бахтини тўкис қилиб бераркан.
— Ҳақ гап. Худога шукур қилишимиз керак!
— Ҳа, Худога шукур!...
Шундан кейин овозкучайтиргичдан навбатдаги бекат эълон қилингунга қадар жим боришди. Айтилиши керак бўлган гаплар охиригача айтиб бўлингандек эди.
— Бахтиёр ака, мен етиб келдим. Сиз ҳам яхши етиб олинг. Уйдагиларга, кеннойимга салом денг. Болларани ўпиб қўйинг.
Бахтиёр бир зум аёлга ҳиссиз термилиб тургач, хиёл жилмайди. Оҳиста ўрнидан қўзғалди.
— Бўпти, сиз ҳам яхши дам олинг. Биз томонларга йўлингиз тушса, албатта, кириб ўтинг. Поччани, болаларни олиб боринг, хўп.
— Майли!
— Хайр!
«Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади. Кейинги бекат...»
Эшиклар шарақлаб ёпилгач, вагон бир силкиниб, илгарилади. Ойнадан умидсиз ташқарига термиларкан, бекатдаги турфа чироқлар, деворий сувратлар, Саиданинг бахт полрлаб турган қиёфаси ортда қолаётган эди. Ниҳоят, поезд яна қоронғи ғор ичидан ўрмалай бошлади. Қачондир бу таниш бекатни кўриш яна насиб этар, аммо, Энди Саидани қайтиб кўролмаслиги ҳақиқатга яқинроқ.
Юз-кўзлари айтиб турибди: у ҳаётидан мамнун. Эри ҳақида гапираётганида чеҳраси янаям порлаб кетди. Бахтини топгани рост бўлсин. Ўшанда, қалб амрига қулоқ тутиб, уни ўзи билан қишлоққа олиб кетганида нима бўларди?
Умрида икки оғиз ёлғонни эплаб гапиролмайдиган одам шунча уйдирмани қандай тўқиб ташладийкин? Фермер хўжалигимиш? Қурултоймиш? Ресторанда зиёфатдан келаётганмиш... Аслида пешиндан бери туз тотгани йўқ. Қизиқ, шунча сафсата гапларни батафсил айтиб беришга ким уни мажбур қилди?
Бошқа нимаям десин? Мактабда маош камлик қилиб, ишдан бўшаганини айтсинми? Деҳқончиликда ҳам, савдода ҳам иши юришмаганидан гапирсинми? Тошкентга фермер қурултойига эмас, вазирликда ишлайдиган бир танишининг ёнига тузукроқ иш сўраб келганини Саидага қандай айтсин? Ростми-ёлғонми, таниши иш юзасидан чет элга кетганмиш, бир ойсиз қайтмасмиш.
«Уч ўғлим бор» деб қайси тил билан айтди. Худо биттасини берганда ҳам жон дерди. Хотини билан салкам ўн йил умид билан бир ёстиққа бош қўйиб келди. Дўхтирлар текшириб, аниқ-тиниқ хулосани айтгач, ажрашишга мажбур бўлишди. Фарзандсизлик сабаби эр-хотиннинг яқин қариндошлигида экан...
Бир томондан шу ёлғонлар бўлмаганида ҳоли нима кечарди? Саида унинг ҳақиқий аҳволидан хабар топганида нима қиларди? Раҳми келармиди? Ич-ичидан севинармиди? Йўқ, Саида унақа қизлардан эмасди. Яна ким билсин, шарт-шароит ҳар қандай одамни ҳам ўзгартириб юборармиш.
Саидага уйланганида балки ҳаёти бутунлай ўзгариб кетармиди? Ўшанда Саида ҳозиргидек ўзини бахтли, саодатли ҳис этармиди? Ким билсин, буни тақдир дейдилар. Майли икковлари бирга бахт нашидасини суришмаган бўлса-да, лоақал улардан бири чиндан бахтли экан, шунисига ҳам шукур.
Бахтиёртнинг паришон юзларида хаёлчан табассум инди...
— Ока, бу охирги станция. Тушмайсизми?
Хизмат кийимдаги метро хизматчисининг дашномидан ҳушини бир жойга тўплаган бахтиёр ҳорғин қадамлар билан ташқарига чиқди.
Метро бекати яқинидаги майдончада тизилиб турган автобуслар орасидан керагини қидириб топди. Бўш ўриндиқлар қолмабди. Йўлакда ўтириб кетадиган бўлди. Автобус худди унинг келишини кутиб тургадек, гувиллаганча олдинга силжиди.
...Шунча ёлғон гапга ишондимикин? Олифтагарчиликка бало бормиди? Уйида қўша-қўша машинаси бор одам метрода юрадими? Эри хорижга, командировкага кетганмиш. Яқинда майор бўлганмиш. Гўр булармиди? Милициядан қувилганига етти йил бўлди-ку! Туппа— тузук ишлаб юрувди, бало бормиди «гера»ми, гўрми-ерми, ўшанақа нарсанинг савдосига аралашиб. Бу гапларни Бахтиёрга қандай айтади? Бошқа нимаям десин? Қўлга тушиб, қамалиб кетганини айтсинми? Эрини чиқариб олиш бор будини, ҳатто уйигача сотгани-ю, ҳозир иккита боласи билан бировнинг уйида ижарага турганини ҳасарат қилсинми?
Институтдан оладиган ойлиги йўлкирасию ижара пулига учма-уч етади. Репетиторлик қилиб топган беш-тўрт тангаси рўзғорни боқишга аранг етиб турибди. Ёлғиз аёлга қанчалик қийинлиги бошқалар билмасаям Саида яхши билади.
Нима бўлгандаям, тўғри қилди. Майли, бахтсизлик ҳам кимгадир насиб қилиши керак-ку! Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, бир замонлар юрагида ишқ ундирган ўша йигитни яна бир кўрсам эди, деган митти бир илинж липиллаб келарди. Лоақал шу орзуси (агар бу орзу бўлса) амалга ошди-ку! Қизиқ, холасининг қизини... севармикин? У-чи? Майли, қўша қаришсин!
Саида ана шу хаёллар қуршовида эшик тугмасини босаётганида, Бахтиёр жой олган автобус шаҳарни тарк этиб улгурганди...
Рустам ЖАББОРОВ