Бугун ҳаётимизни дезодарант ва антиперспирантларсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, ҳаво ҳароратининг исиши уларга бўлган талабни янада орттиради. Бу воситаларни танлашда нималарга эътибор бериш даркор? Улар хавфли хасталикларга сабаб бўлиши бор гапми? Булар ҳақида дерматолог шифокор Нодира АКРОМОВА гапиради.
Қай бирини танлаймиз?
Терлашга қарши воситаларнинг қадоғида «дезодорант» ва «антиперспирант» деган ёзувга кўзингиз тушади. Хўш, уларнинг фарқи нимада? Биринчи навбатда уларнинг таркиби ва қўллаш усуллари бошқа-бошқа эканлигини таъкидлашни истардик. Демак, дезодарант ўткир ҳидли восита бўлиб, айнан ўша ҳид ҳисобига тананинг бадбўйлигини яширади. У терлашга қарши курашмайди. Таркибида спирт сақлагани учун терини қурутиши мумкин. Аллергияга мойил кишиларга ўткир ифорли воситалар тавсия этилмайди. Расталарда таркибида «спирт 0 га тенг» деган ёзувли воситалар ҳам бор. Улардаги спирт ўрнини триклозан моддаси алмаштиради. Бу моддани хавфсизлар қаторига қўшиш мумкин. Энди “Антиперспирант” ҳақида гаплашсак. Унинг таркибидаги алюминий тузлари (алюминийхлорид) тер ажралувчи катакчаларни худди қопқоққа ўхшаб ёпиб қўяди. Шу ўринда бу хавфли эмасми деган савол туғулиши табиий. Танамизда 3000тадан 7 000тагача тер безлари мавжуд бўлиб, баъзиларининг фаолияти механик тарзда чекланганда, бошқалари жадалроқ ишлай бошлайди, натижада тер барибир организмдан чиқиб кетади.
Даволовчи турлари ҳам бор
Сиз дўкон расталаридан сотиб олишга одатланган антиперспирантларнинг махсус даволовчи турлари ҳам борки, уларни фақат дорихоналардан харид қилишингиз мумкин. Оддийларида алюминий тузлари миқдори 1-2 фоизни ташкил этса, даволовчилари таркибидагиси 15-20 фоизга етади. Одатда бундай воситалар дерматолог шифокор тавсиясига кўра кучли терлашни бартараф этиш учун қўлланилади. Бундай даволовчи антиперспирантларни ҳудди дори воситаси сингари қўллаш йўриқномаси ҳам бўлади. Уларни тоза ва қуруқ терига, иложи бўлса кечқурун уйқудан аввал, терини феннинг илиқ ҳавосида қуритиб, кейин суртилади. Ана ўшанда кимёвий моддалар терига сингиб, ўз таъсирини кўрсата бошлайди. Нам терига сепилган ёки суртилган ҳар қандай антиперспирант бутунлай бесамар ҳисобланади. Шунингдек, даволовчи воситаларни кўп терлайдиган аъзолар: қўл, оёқ, лабнинг устки қисмига ҳам қўллаш мумкин.
Болаларга керакмас
Ўсмир ёшга етмаган болаларнинг организмида апокрин тер безлари ишламаганлиги боис тер ҳиди ўткир бўлмайди. Болаларга ўсмир ёшга қадар дезодарант ва антиперспирантлардан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Саратон чақириши ростми?
Оксфорд университети олимлари томонидан эълон қилинган мақолада антиперспирантлар саратон чақириши ҳақидаги фараз тасдиқланмаганлиги маълум қилинган. Бироқ бу воситаларни эндигина мўйлардан тозанган терига қўллаш мумкин эмаслигини унутманг. Иккинчи муҳим қоида эса оддий антиперспирант ва дезодарантлардан фойдаланганингиздан кейин, уйқуга кетишдан аввал албатта душ қабул қилинг. Шунда тери катаклари нафас ола бошлайди. Агар спорт билан шуғулланишни режалаштириган бўлсангиз ҳам бу воситалардан фойдаланмаганингиз афзал.
Кийимда из қолдирмайдиганидан танланг
Бугунги кунда шарчали, спрейли, гелли ва совунли антиперспирантлар мавжуд бўлиб, улардан шарчали ва геллиси либосда деярли из қолдирмаслиги аниқланган. Спрей ва совунли тури эса озми кўпми из қолдириши мумкин. Восита хариди чоғида шу маълумотни инобатга олиб қўйсангиз, янглишмайсиз. Яна таркибига диққат билан назар ташланг, агар «тальк» сўзи бўлса, либосда оқ доғлар қолдириши мумкинлигини эътибордан четда қолдирманг.
Мафтуна тайёрлади.