Шеллак (Shellac) ишқибозлари огоҳ бўлинг, лак суртилгандан кейин тирноқни ультрабинафша нурлар ёрдамида қуритиш жиддий касалликларга сабаб бўлиши мумкин, деб хабар беради Pomada.cc нашри.
Шеллак ҳақида сўз юритилар экан, аввало “шеллак” тушунчасига изоҳ берамиз.
Shellac – тирноққа қўйиладиган лакнинг бир тури бўлиб, у оддий лакдан узоқ вақт туриши билан фарқ қилади. Мазкур қоплама таркибида лак ва гелнинг қоришмаси мавжуд. У лакдан турли ранглар ёрқинлигини олган бўлса, гель ёрдамида тирноқларда узоқ вақт сақланади. Шеллак тирноқларда 3 ҳафтагача бирор ўзгаришсиз туриш хусусиятига эга. Фақатгина тирноқлар ўсиши оқибатида унинг “ёши”(қўйилган муддати) билиниб қолади. Шеллак суртиш техникаси оддий лак суртишдан фарқ қилгани учун мазкур жараён гўзаллик салонларида амалга оширилади. Уни махсус асбобларсиз, уй шароитида қўйиб бўлмайди. Шеллак қўйишда шлифовка жараёни – тирноқ пластинасини текислаш, ортиқча тирноқ милкларидан тозалаш энг муҳим жараён ҳисобланади. Тирноқнинг устки қисми қанчалик текис бўлса, лак шунчалик тирноққа яхши сингади. Кейинги босқичда тирноққа махсус қоплама суртилади, бу қоплама лакнинг тирноқ билан бирлашиб кетишига ёрдам беради. Кейинги икки қатламга эса рангли қоплама суртилади. Шеллакнинг оддий лакдан фарқи, тирноққа ҳар бир қатлам суртилгандан кейин у махсус ультрабинафша нурли (баъзида LED) лампа нурлари остида қуритилади. Бундай қуритиш оқибатида жараён охирида шеллак батамом қуриб қолади ва унинг суркалишидан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Тирноққа шеллак қўйиш учун умумий ҳисобда 15 дақиқа вақт керак бўлади. Махсус жараённи мустақил равишда амалга оширишга ҳаракат қилмай, мутахассисга мурожаат қилганингиз маъқул. Уни оддий ацетон ёрдамида ўчиришнинг иложи йўқ. Агар жудаям ўчириш зарур бўлса, озгина пахтани махсус лак ўчирувчи воситага ботириб, тирноғингизга фольга ёрдамида ўраб қўйинг. 10 дақиқадан кейин шеллакни тирноғингиздан қириб олишингиз мумкин бўлади. Аммо эҳтиёт бўлинг, қириш оқибатида тирноғингизга жиддий жароҳат етиши мумкин. Гўзаллик салонида эса шеллак махсус лак ўчирувчи восита ёрдамида олиб ташланади. Шеллак гипоаллерген қоплама билан қоплангани боис, унинг ҳиди ва таркибида толуола, дибутилфталан, формальдегид кимёвий моддалари бўлмайди.
Шеллак тирноқлар учун ўта зарарли эканлиги ҳақида турли миш-мишлар мавжуд. Шлифовка ва полировка жараёнида тирноқни жароҳатлаш мумкин. Ундан ҳар доим фойдаланиш тирноқларни нозиклаштириб қўяди, шунинг учун тирноқларга дам бериш мақсадида бир-икки ой шеллаксиз юришга ҳаракат қилинг, шундан кейин тирноқларингиз асл ҳолига қайтади. Американинг тери саратони муаммолари билан шуғулланувчи олимлари шеллакнинг махсус ультрабинафша нурли лампа остида қуритилиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Чунки тери саратони айнан тирноқ атрофи ва қўл терисини жароҳатлашдан бошланади.
Жиддий касалликка чалинмасликни истасангиз, тирноқларга дам беришни маслаҳат берамиз. Мунтазам равишда шеллакдан фойдаланадиган бўлсангиз, бир ярим-икки ой тирноқларингизга дам беринг. Чунки касалланган, чарчаган тиноқда шеллак ҳам узоқ вақт сақланмайди. Ўзингизни шеллакнинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш учун жараёндан олдин қўлингизга махсус SPF қўл кремидан суртиб олинг ва ультрабинафша нурли лампалардан эмас, балки LED-лампаларидан фойдаланадиган гўзаллик салонларига боринг, чунки улар инcон ҳаёти учун хавфли эмас.