АсосийSUG'DIYONA

​Юздаги доғ ва сепкиллардан қутулиш чоралари

'​Юздаги доғ ва сепкиллардан қутулиш чоралари'ning rasmi

Келинойим шафтоли гуллаши билан унинг гулбаргларини териб, қатиқ аралаштириб, юзларига суртади. Бунинг сабабини сўраганимда:

— Юзингизда доғ пайдо бўлишини истамасангиз, сиз ҳам шундай қилинг. Қаранг, менинг юзимда ҳечам доғ йўқ, деб жавоб берди.

Ҳақиқатан ҳам қуёш нурлари таъсирида терида турли сепкил ва доғлар пайдо бўлаётганини кузатиш мумкин. Айтишларига қараганда, бу доғлар асосан баҳорги қуёш нурлари остида пайдо бўлар экан. Аммо баъзи ҳолларда юздаги доғлар бирор бир касалликнинг хабарчиси ҳам бўлиши мумкин.

Сепкил

Сепкиллар илмий тилда эфелидалар деб аталади ва кўпроқ оқ-сариқдан келган, олов рангли соч ва кўк кўз соҳибаларида учрайди. Бунинг сабаби эса ирсиятга бориб тақалади. Айниқса, баҳор ва ёз ойларида қуёш нурлари остида юздаги сепкиллар ранги тўқлашиб, сони ортиб кетади. Илк сепкиллар бола 3-5 ёшга етганда пайдо бўлади ва айниқса, балоғат ёшида улар кўпаяди.

Сепкиллар асосан бурун, ёноқлар, чаккалар, елка, қўл кифтлари ва камдан-кам ҳолларда терининг ёпиқ қисмларида юзага келади. Юзингизда сепкил бўлса, унутмангки, эрта баҳордан то кеч кузгача терингизни парваришлаб, ўзингизни офтоб нурларидан асраб юришингиз лозим.

Турли-туман доғлар

Хлоазма терида турли катталикда, шаклда ва оч сариқ рангдан тортиб жигарранггача бўлади. Асосан пешана, бурун қанотлари, чеккаларда, лабнинг юқори қисмида, жағларда, яъни очиқ офтоб нури тушадиган қисмларда ҳосил бўлади. Қуёш нурлари ўткирлашган баҳор ойларида бу доғлар анчайин қорайиб, кўзга яққол кўрина бошлайди. Қиш ойларида эса умуман йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Шунингдек, аёлларда ҳомиладорликнинг илк ойларида пайдо бўлиб, туғруқдан кейин ўтиб кетади. Аммо баъзи ҳолларда кетмаслиги ҳам мумкин. Чунки юздаги бу доғлар жигар, ўт пуфаги ёки ошқозон-ичак тизими касалликлари ва шу билан бирга, гормонал конрацептив дорилар таъсирида юзага келган бўлиши ҳам мумкин. Баъзан юздаги доғлар эндокрин тизим бузилишларига ҳам ишора қилади. Шу сабабли эндокринолог-шифокор кўригидан ҳам ўтиш даркор.

Сепкиллар пайдо бўлишининг олдини олиш учун мутахассис тавсия этган миқдорда аскорбин ва никотин кислотасини қабул қилиш зарур. Бу кислоталар терининг қуёшга нисбатан таъсирчанлигини камайтиради.

Аввал шифокорга кўрининг!

Юзингизда доғлар пайдо бўлса, энг аввало шифокорга мурожаат қилинг. Агар юздаги доғларнинг сабаби бирор касаллик аломати бўлса, юзни оқартириш воситаларига пул сарфлашга ҳожат йўқ. Чунки касалликни даволамасдан унинг аломатларини йўқотиб бўлмайди. Турли оқартирувчи воситалар ёрдамида эса бу доғлар маълум муддатга йўқолиб, кейин яна пайдо бўлади. Қолаверса, бу саломатлигингиз учун ҳам хавфли бўлиши мумкин.

Доғларнинг сабаби бирор касалликка боғлиқ бўлса, уни даволаш асносида доғлар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетади.

Оқартирувчи воситалар

Уларни қўллашдан аввал мутахассис-косметолог билан маслаҳатлашган маъқул. Чунки аксар ҳолларда юзидаги доғни бирдан йўқотишни истаган аёллар кучли оқартирувчи воситаларни қўллай бошлашади. Бу эса терининг бошқа воситаларга нисбатан таъсирчанлигини йўқотади. Баъзи ҳолларда эса терида доғларнинг янада кўпайиб кетишига ёки аллергияга олиб келади. Шунинг учун оқартирувчи крем ва бошқа воситаларни мутахассис билан биргаликда танлаш лозим. Терининг ўзига хос хусусиятлари ва доғларни ўрганиб, иложи борича мулойим ва юмшоқ таъсир кўрсатувчи воситаларни қўллаган маъқул.

Турли муҳофазаловчи кремлар билан биргаликда терини рух (цинк)ли крем ва лимон шарбати воситасида парваришлаб туриш керак.

Гиперпигментациянинг барча турида терининг маълум бир қисмида меланин пигменти ишлаб чиқарилиши ошиб кетади. Терини оқартиришнинг энг биринчи шарти — уни қуёш нурларидан ҳимоялаш. Бунинг учун қуёшдан асровчи фактори (SPF) 25 дан кам бўлмаган кремлардан фойдаланиш зарур. Чунки декоратив косметика воситалари терини қуёш нурларидан етарлича ҳимоя қилмайди.

Қуёшдан асровчи факторли (SPF) кремни терига суртгандан кейин уни янгилаб туриш тавсия қилинади. Чунки бу кремлар терини 3-4 соат давомида муҳофаза қилади, сўнг таъсир кучини йўқотади.

Терини оқартириш турлари

Терини оқартириш учун косметологияда икки йўналиш қўлланилади: терининг устки қатламини тозалаш ва меланин ишлаб чиқарилишини камайтириш.

Терининг устки қатламини тозалаш учун турли пилинг услубларидан фойдаланилади. Фақат шуни ҳам ёдда тутингки, пилинг муолажаларининг барчаси куз ва қиш ойларида амалга оширилади.

Пилинг услуби ҳам гиперпигментациянинг турига кўра танланади.

Турғун доғларни кетказиш учун эса жарроҳлик услублари: суюқ азот, терини лазер ёрдамида силлиқлаш (шлифовка), дермабразия, мезотерапия каби услублар қўлланилади.

Пигмент доғлар ва сепкилни даволаб бошлаганданоқ натижа кўзга кўринишини кутманг. Доғларни узоқ муддат ва доимий равишда муолажа қилиб бориш талаб этилади.

Уй шароитида…

Момоларимиз юздаги сепкилларни кетказиш учун лимон, петрушка ва бодрингдан фойдаланишган. Ҳозирги кунда шуни айтиш мумкинки, бу маҳсулотларнинг таркибида терини оқартирувчи моддалар мавжуд. Фақат унутмангки, бу воситалар теридаги доғларни тамоман йўқота олмайди. Шунингдек, сут маҳсулотлари ёки лимонга аллергияси борларга тавсия қилинмайди.

  • Бир чой қошиқдан лимон шарбати, сув ва ош сиркаси (столовый сирка)ни аралаштиринг. Агар терингиз қуруқ бўлса, унга бир неча томчи глицерин ҳам қўшиб юборинг. Сўнг бу аралашмага пахтани ботириб, юзингизнинг доғли қисмларини артинг. Юз доғларини кетказиш учун юзингизга намлантирувчи крем суртинг. Кейин эса унга лимон бўлакларини қўйиб, 10 дақиқадан кейин юзингизни илиқ сувда чайинг.
  • Бодринг пўстлоғини ташлаб юборманг-да, бир стакан хона ҳароратидаги сувга солиб, 6 соатга тиндириб қўйинг. Сўнг докада сузиб олиб, бу сув билан юзингизни ювинг.
  • Бир боғлам петрушкани майдалаб тўғраб, 1 литр қайнаган сувда дамланг. 1-3 соат тиндиргач, докада сузиб олинг. Совутилган дамлама билан юзингизни кунига 1-2 марта артинг. Шунингдек, тери ранги яхшиланиши учун бу дамламадан эрталаб ва кечқурун ярим стакан ичиш тавсия қилинади.

Сабзи

Сабзини қирғичдан чиқариб, шарбатини сиқиб олинг ва бир неча томчи лимон шарбати қўшиб, юзингизни артинг. Бу ҳам сепкиллар миқдорини камайтириб, терини оқаришига олиб келади.

Қовун уруғи

Қовун уруғи ҳам терини оқартиради. Бунинг учун қовун уруғини сувга солиб қайнатинг ва бу сув илигач, у билан юзни ювиш лозим.

Сут маҳсулотлари

Улар ҳам терини оқартирувчи хусусиятга эга. Ачиб қолган қатиқ ёки сузмани ташлаб юборишга шошилманг. Уни юзингизга суртиб қўйинг ёки у билан юзингизни ювинг. Ниқоб юзда қуриб қолгач, юзингизни илиқ сув билан яхшилаб чайинг.

Лосьон

Бодрингни қирғичдан чиқаринг ва сувини сиқиб олинг. 1 ош қошиқ бодринг шарбатига 1 чой қошиқ ўсимлик ёғи қўшинг. Қуруқ тери ва сарғайиб қолган доғларга қарши қўллаш тавсия қилинади.

Момақаймоқ

2 ош қошиқ момақаймоқ гулларини 0,5 литр сувга солиб, 30 дақиқа қайнатинг. Сўнг совутиб, сузиб, шиша идишга солиб қўйинг. Эрталаб ва кечқурун юзингизни бу лосьон билан артинг.

Ўзингизни ўткир қуёш нурларидан асранг. Доимий равишда соябон, офтоб нурларидан ҳимояловчи кўзойнак тақиб юришни канда қилманг.

С витамини

Танага керакли миқдорда С витамини билан ҳам тўйинтириш лозим. С витамини эса турли цитрус мевалар, петрушка, шивит, сельдерей каби кўкатлар таркибида кўп. Шунинг учун юзингизни оқартиришга чоғланган бўлсангиз, таомномангизга ҳам бироз аҳамиятли бўлишингизни маслаҳат берамиз.

Дерматокосметолог Сурайё МИРСОДИҚОВА билан ҳамкорликда тайёрланди.

Кавсар АСҲОБОВА

Бошқа янгиликлар