1

«ЮЗИМГА АЖИН ТУШАЯПТИ, НИМА ҚИЛАЙ?»

СУҒДИЁНА 09.08.2017, 10:59
 «ЮЗИМГА АЖИН ТУШАЯПТИ, НИМА ҚИЛАЙ?»

Айтишларича, юздаги ажин қувноқ ва ғамли кунлардан қоладиган асоратлар экан. «Юзда қанча ажин кўп бўлса, унинг соҳиби шунча донишманд бўлади», деган гап ҳам бор. Аммо биз — аёллар кўпроқ ёш кўринишни танлаган бўлардик. Бугун ажинларга қарши курашишнинг турли йўлларини ўргатамиз.

Диққат, қуёш!

Ажинлар ҳақида гап кетганида энг биринчи душманингиз қуёш эканини ҳисобга олинг. Офтоб нурлари остида узоқ вақт юриш юздаги ажинлар кўпайиб, тери қаришига олиб келади.

Қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланинг. Бу билан ажин тушиш жараёнини секинлаштирасиз. Ушбу жараён сиз учун тиш ювиш каби одатий ҳолга айлансин. Юз ювилганидан кейин суртилган крем терига сингганидан кейингина пардоз қилишни бошлашингиз мумкин.

Лаб учун қуёшдан ҳимояловчи бальзамдан фойдаланинг. Уни доимо ёнингизда олиб юришга одатланинг.

Қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақишни унутманг. Офтоб нурларидан кўзларингиз қисилиб, бора-бора кўз атрофига ажин тушиши кузатилади. Юздаги ажинларнинг яна бир сабабчиси ультрабинафша нурлар. Кўзойнак эса ушбу нурлардан ҳимоялайди.

Шляпа

Қуёшдан қанча кўп асралсангиз, ажин тушиши шунча секинлашади. Сомондан тўқилган кенг сатҳли шляпа, соябони кенг кепкалар, ёзги соябонлар ҳимоя даражасини оширади.

Юзингизни буриштиришманг!

Вақт ўтгани сайин юз териси бурмаси кўпроқ жойга ажин туша бошлайди. Қовоғингизни уйманг, пешанангизни тириштирманг, йўқса, мимика пайтида пайдо бўлаётган ажинларингиз доимийга айланиб қолади.

С витамини қабул қилиб туринг!

Ушбу витамин юз таранглигини таъминловчи коллаген моддаси ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Қолаверса, юзни буриштирувчи оксидланиш жараёнидан ҳимоялайди.

Доимий вазнни меъёрда сақлашга ҳаракат қилинг!

Вақти-вақти билан семириб-озган одамнинг юз териси дам чўзилади, дам йиғилади. Аҳамият берсангиз, қоматдаги йўқотилган арзимаган 2-3 кг. вазн ҳам энг аввал юзда ўз ифодасини қолдиради. Яъни озган одамнинг аввало юзи ориқлашади. Натижа маълум: қўшалоқ даҳан ва бўйин соҳасида осилиб қолган тери қаватлари.

Аста-секинлик билан озинг

Вазнни тез йўқотишга ошиқманг. Бу жараён гимнастика ёрдамида аста амалга оширилгани маъқул.

Ёмон одатлардан халос бўлинг!

Чекиш юз капиллярларини торайтиради. Бу эса юзга қон келишини камайтириб, тўқималарда кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради. Табиийки, оқибатда юз териси ажин тушишига мойиллашади.

Яна бир ҳақиқат: чекадиган аёллар юзига чекмайдиганларга нисбатан тезроқ ажин тушади. Айниқса, лаб атрофидаги майда чизиқлар сигаретни лабга қистириш оқибати.

Доимий тарзда гимнастика билан шуғулланишга одатланинг!

Жисмоний тарбиядан кейинги юзда пайдо бўлган қизиллик — тери остидаги капиллярларга қон етиб келаётганининг белгиси. Натижада юз териси ажинларга қарши тура оладиган эластик тўқимали бўлади. Гимнастикани бажаришда тери тўқималари кўп суюқлик йўқотади. Танадаги суюқлик миқдори тикланса-да, тўқималар кучини йўқотади. Бу нохушлик рўй бермаслиги учун машғулотларни мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда бажаринг.

Пластик жарроҳлик ёрдамида

  • пешана, қошлар оралиғи, қаншар устидаги (мимик ажинлар);
  • кўз ости ва атрофидаги;
  • лаб атрофидаги;
  • бурун ва лаб оралиғидаги;
  • бўйин, бўйин атрофи, қўллардаги ажинларни бартараф этиш мумкин.

Ажинларни йўқотишнинг энг яхши йўлини танлаш учун…

Аввало шифокор мутахассис билан маслаҳатлашиш керак. У беморнинг ёши, соғлиғи, юз териси тузилиши, турмуш тарзини ҳисобга олган ҳолда терини ёш ҳолда сақлашнинг энг муносиб йўлини тавсия этади.

Универсал маслаҳатлар

Пешана, кўзлар, лаб атрофидаги мимик ажинлардан тез халос бўлишни истасангиз, мимикани назорат қилишга одатланинг.

Бундан ташқари, ажинлардан қутулишни истаган аёллар косметологияда кенг қўлланилаётган муолажалардан фойдаланишлари мумкин:

  • Ажин тушишининг олдини олувчи тери парваришининг турли усуллари (массаж, ўраш, пилинг ва турли ниқоблар)
  • Ускуналар ёрдамидаги косметология. Булардан фотоёшариш (фото нурлари ёрдамида терининг устки қаватларига таъсир ўтказиш), микротўлқинли косметик муолажалар, миостимуляция (ускуна ёрдамида мимик мушакларни ҳаракатга келтириб тонусни ошириш).
  • Инъекцион усуллар. Мезотерапия (мушакларни инъекциялар ёрдамида қотириш), ботокс инъекциялари, контурли пластика (юз терисини жарроҳлик амалиёти ёрдамида торттириш). Ушбу муолажа сўнгги чора ҳисобланиб, таъсири бир неча йилга етади.
  • Лазерли муолажалар (лазерли ёшариш, фракцион фототермолиз – фраксель)
  • Пластик жарроҳликнинг барча муолажалари.

Ёдда тутинг!

Иссиқ сув юз терисини тез қаритади. Шу сабаб эркакларнинг эрталабки соқол олиш, аёлларнинг ювиниш муолажаси совуқ сувда амалга оширилиши тавсия этилади. Билиб қўйинг, иссиқ сув юз терисининг энг нозик қисми, яъни қовоқлар осилишига олиб келиши мумкин.

Юз гимнастикаси

Қуйида келтирилган машқлар юз териси эластиклигини оширади, юз шаклини коррекциялаштиради, ажинларни текислайди.

  • «О» товушини талаффуз қилинг. Бунда лаб атрофини катта доира шаклда очинг.
  • Бир неча бор оғизни катта очиб эснанг.
  • Қовоқларни юмган ҳолда кўзларингизни ҳар хил томонга олиб боринг.
  • Лабнинг чет қисмларини ушлаб турган ҳолда пастки лабингизни пастга туширинг. Бунда даҳанингизга зўр бермаслигингиз керак.
  • Лабларга зўр берган ҳолда куч билан «У» товушини талаффуз қилинг.
  • Иккала лунжингизни шиширинг. Бироз вақт ўтиб дам у, дам бу лунжингизни шиширинг.
  • Пастки лабингизни бурунга томон тортиб, бурун учига етказишга ҳаракат қилинг.
  • Бош ва кўрсаткич бармоқларингиз билан қовоқларингизни ушлаган ҳолда кўзларни юмишга ҳаракат қилинг.

Олий тоифали шифокор, пластик жарроҳ Ҳамидулла АСАДОВ тавсиялари асосида Нигора

тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1