1

«ШАКИРАДЕК ХИПЧАБЕЛ БЎЛИШНИ ИСТАЙМАН!»

СУҒДИЁНА 15.08.2017, 13:51
«ШАКИРАДЕК ХИПЧАБЕЛ БЎЛИШНИ ИСТАЙМАН!»

Машҳур поп юлдузининг рақс тушишию нозик белига хавас қилмайдиган аёл бўлмаса керак. Эркаклар ҳақида-ку, индамадик... Сиз ҳам шундай ҳавасмандлар қаторидамисиз? Унда нима қилиб ўтирибсиз? Дарров, мусиқани қўйинг-да, рақсга тушинг. Биз эса тажрибали хореограф ва фитнес мураббий Диана Қурбонова билан ортиқча вазндан халос этадиган энг самарали рақс турлари ҳақида маълумот берамиз.

Zumba фитнес — ҳаммаси бирда!

Zumba фитнес — алоҳида рақс тури эмас, сальса, ча-ча-ча, фламенко, арабча, мамбо ва бошқа бир қанча рақс ҳаракатлари ва фитнес машқларининг жамланмаси ҳисобланади. Оддийроқ айтганда, ҳаммаси бирда. Машғулот чоғида мураббий дастлаб қўл мушаклари, кейин бел ва қорин, ундан сўнг оёқ мушаклари учун машқ бажартиради. Сиз эса рақс тушаяпман деб, машқ қилаётганингизни сезмай ҳам. Бир соат zumba фитнес билан шуғуллансангиз нақд 1 000, агар ғайрат кўрсатсангиз ундан ҳам кўпроқ калориядан халос бўласиз. Хўш, икки ҳафтада 5 килограмм билан хайрлашишга тайёрмисиз? Сезиларли натижага эришиш учун эса ҳафтада 2–3 марта шуғулланишингиз лозим. Туғруқдан 4–5 ой ўтгач (шифокор томонидан қарши кўрсатмалар бўлмаса) машғулотларни бошласангиз бўлади. Бироқ ҳомиладор аёлларга zumba фитнес билан шуғулланиш тавсия этилмайди. Ушбу машғулотлар 7 босқичдан иборат. Тажрибали мураббий болалар, қариялар, эркаклар ва ҳатто, имконияти чекланган кишилар учун алоҳида дастур танлаб беради.

Арабча рақс

Бу рақснинг қоматга ва муносабатларга таъсири ҳақида кўп ва хўп гапирганмиз. Айниқса, совуқ кунларда вақтни мароқли ўтказишнинг энг яхши усули. Қолаверса, қишда айиққа ўхшаб уйқуга кетмасдан, шарқона рақс билан шуғулланишни бошласангиз, баҳорга чиқиб ниначиникидек ингичка белингиз билан ҳаммани ҳайратда қолдирасиз. Бундай жозибали рақс турига бир соат вақтингизни бағишлаб 400-500 калориядан қутуласиз. Агар шифокор томонидан қарши кўрсатмалар бўлмаса, туғруқдан сўнг 5-6 ой ўтгач шуғулланишни бошлайверинг. Яна умуртқа поғонангизда ёки қорин-тос атрофида бирор муаммо борлигини сезганингизда машғулотларни канда қилмай қатнасангиз, ижобий натижа узоқ куттирмайди.

Машқлар билан иш битмайди

Соатлаб рақс тушиб, жисмоний машқлар билан ўзингизни қийнаганингиз нима-ю, уйга келгач тўйиб овқатланиб, камига бирор ширинлик билан чой ичганингиз нимаси? Ёдда тутинг, агар таомланиш тартибингизни ўзгартирмасангиз, натижага эришолмайсиз. Ортиқча сантиметрлардан қутулган тақдирингизда ҳам, машғулотларни тўхтатганингиз заҳоти яна аввалги ҳолингизга қайтасиз. Демак, пирожний, шоколад, торт, қандолат махсулотлари, шакар ва ёғли таомлардан воз кечамиз. Майли, байрамлар бундан мустасно.

«Имконим йўқ» дейдиганлар учун, махсус!

Энг эринчоқ мухлисаларимиз «Бизнинг қишлоқда/ туманда шуғулланиш имконияти йўқ. Доим шаҳарликларга мос маълумотлар бераверасизлар...» деб нолишгани нолишган. Ҳафа бўлманг-у, қаловини топсангиз қор ҳам ёнади. Ҳа, ҳа ёнади, ишонаверинг. Агар қишлоғингизда фитнес клублари, рақс тўгараклари бўлмаса, қўлингиздаги телефондан интернетга киринг-да, юқоридаги рақсларнинг номини ёзиб, қидирувга беринг. Қаторасига видео дарслар чиқи-и-иб келади. Улар орасидан қадам бақадам ўргатадиган турини топасиз-да, кўчириб оласиз. Ҳаммаси шу даражада осон, ҳам вақтингиз, ҳам нақдингиз тежалади.

Қўш саҳифани МАФТУНА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1