АсосийSUG'DIYONA

​ЁРИНГИЗНИ БУРЖИГА ҚАРАБ, КЎНГЛИНИ ЗАБТ ЭТИНГ!

'​ЁРИНГИЗНИ БУРЖИГА ҚАРАБ, КЎНГЛИНИ ЗАБТ ЭТИНГ!'ning rasmi

Севимли, ардоқли ва ҳамиша диққат-эътиборда бўлиш! Биз аёлларга шугина керак, холос. Аммо бегимизнинг кайфияти шунчалар тез ўзгарадики, кези келганида нималарни хаёл қилаётганини ҳам англолмай қоламиз. «Сизга нима бўлди?», «Нега ўзгариб қолдингиз?» каби саволларингиз жавобсиз қолаверса, яхшиси, улардан воз кечинг-да, ёрингизнинг буржини ўрганишни бошланг. Сўнгра эса унинг феъл-атворидан келиб чиқиб, муомала қилинг. Хўш, жуфтингизни ром этиш сирлари билан танишишга тайёрмисиз?

Ҳамал – мақтовларни ёқтиради!

Умр йўлдошингиз мазкур бурж вакили бўлса, ҳамиша ўзингизга оро беришингиз, ўз устингизда ишлашингиз шарт! «Ҳамал»лар уддабурон, фаҳм-фаросатли аёлларни қадрлашади. Бир хилликдан тез зерикканлари боис оилавий муносабатларга янгилик киритиб боришни одат қилинг.

Жуфтингиз ёлғонни кечирмайди, талабчан бўлса-да, кўнглига йўл топа олсангиз, истаганингизни муҳайё қилади.

Табиатан етакчи бўлган «Ҳамал»ни мақтов ва рағбатлар руҳлантиради. Бу қоида нозик муносабатларда ҳам аҳамиятли эканлигини ёдда тутинг.

Савр – танқидга хуши йўқ!

Ўзига ишонган, дидли, зукко, пазанда ва яхши суҳбатдош! Жуфтингиз Савр буржида туғилган бўлса, санаб ўтилган сифатларга тўлиқ жавоб беришингиз керак. Зеро ушбу буржнинг беклари аёллардаги айнан шундай фазилатларни қадрлашади.

«Савр» эркак шошқалоқликни ёқтирмайди. Яна койишлар-у танқидларга ҳам суяги йўқ. Бирор ким билан таққослашларини эса ҳазм қилиши қийин.

Нозик муносабатларга келсак, баъзан ташаббус кўрсатишингизга тўғри келади. Хавотирланманг, «Савр»лар бундай илтифотдан мамнун бўлишади. Асосийси меъёрдан ошиб кетмаслик.

Жавзо – мулозаматдан эриб кетади...

Бу бурж вакиллари билан бир том остида яшаш осон эмас. Аммо осонгина таслим бўлишга шошилманг! «Жавзо» эркак қалбига йўл топишнинг синалган усули нозу карашма билан муносабатларни мудом оловлантириб туришдир. Ҳа, бу бурж соҳиблари мулозаматнинг гадоси. Аммо эркинлигига дахл қилишларини ёқтиришмайди. Ёрингизни ўзингизга ром этишни истасангиз, ҳеч қачон қадамини пойламанг. Шунчаки ишонч билдиринг. «Жавзо» севса, чин дилдан севади!

Саратон – ғамхўрликни қадрлайди!

Салгина худбинлигини айтмаса, «Саратон»лар намунали умр йўлдош бўлишади. Мазкур бурж остида туғилган ёрингизнинг кўнглига йўл топишда камчиликларига кўз юмишни ўрганишингиз керак. Хатосини айтганингиз билан барибир тан олмайди-да. Ширин сўз, манна, сизнинг иш «қуролингиз». «Саратон»лар нозик муносабатларни эр–хотин ўртасидаги муҳаббатнинг асоси деб ҳисоблашади. Висол онларига ишорасини тушунмасангиз, бир сафар индамайди-ю кейингиларида айнан шуни деб жанжал кўтариши ҳам мумкин.

Асад – рашкини келтирманг!

Унинг қарашларини ўзгартириш қийин. «Асад» айтдими, тамом, истакларини муҳокама қилишга ҳожат йўқ.

Табиатан етакчи бўлган мазкур бурж вакилини ром эта билиш учун ўз сўзингизга эга аёл бўлишингиз керак. «Асад»лар шашти паст, аниқ мақсад-муддаоси бўлмаган хонимларни ёқтиришмайди. Барча буржлар орасида сизнинг ёрингиз садоқати билан ажралиб турса-да, рашкини синовдан ўтказмаганингиз дуруст. Шернинг наъраси бутун ўрмонни оёққа турғазишини биларсиз-а?

Ҳар бир ишда маслаҳатчи бўлган ёрингиз шахсий ҳудудда ҳам ўрганган кўнгил иборасига амал қилса ранжиманг. Аксинча, сўзларига қулоқ тутинг ва «ўйин»нинг иштирокчисига айланинг.

Сунбула – узо-о-о-оқ суҳбатлашгиси келади...

Турмуш ўртоғингиз «Сунбула»ми, демак, характеридаги ўзи хослик сизга бегона эмас. Ҳар ишда фикрингизга қизиқиши, кун давомида қандай саргузаштлар юз берганини сўроқлаши эзмаликдан эмас, балки эътибор, меҳрингизни истаётганидан даракдир. Агар уни рад қилаверсангиз, яхши тингловчини топади-ю, кейин сизни умуман безовта қилмай қўяди. Сизга шу керакми?

Сунбула буржидаги эркак дид билан кийинган, ўзига оро берган аёлни қадрлайди. Бу талаб ётоқхонада ҳам биринчи ўринда бўлишига диққат қилинг. Сиздан ҳамиша ёқимли ифор таралиб турсин, айнан шу нарса мазкур бурж вакилларининг нозик нуқтаси.

Мезон – гўзаллик шайдоси!

Ёрингиз мазкур бурж вакили бўлса, ташқи кўринишингиздан сира нолиманг! Ахир «Мезон» эркак қизларнинг энг сулувига уйланади-да. Аммо бир–икки фарзандли бўлгач, тезгина аввалги ҳолингизга қайтишингиз шарт. Йўқса, жуфтингизнинг танқидига учрайсиз.

Кайфияти ўзгариб турадиган «Мезон»ни сиқувга олиш ярамайди. «Аввалгидек суймайсиз мени», дея лабингизни буришларингиз жавобсиз қолса ҳам ранжиманг. Шунчаки ўз ҳолига қўйинг-да, меҳрингизни аяманг. Хосхонангизда кутилмаган сюрпризлар қилиш ҳам фойдадан холи эмас.

Ақраб – жаҳли бурнининг учида!

Ушбу буржда туғилган умр йўлдошингиз сиздаги сирлиликни ёқтиради. Аммо нозик муносабатларда тортинчоқликка хуши йўқ. Бошқа бурж соҳибларидан фарқли равишда «Ақраб» эҳтирослару ҳиссиётлар тўғрисида соатлаб суҳбатлашиши мумкин. Мабодо бирор ишидан норози бўлсангиз ҳам, у сизни тўғри тушунади. Фақат эътирозингизни хитой қоғозидан салгина қалинроғига ўраб етказинг.

Жуфтингизнинг жаҳли тез. Аччиқланганида сукут сақлашни билсангиз, ютасиз. Тилингизга эрк берганингиз эса яхшилик келтирмайди.

Қавс – ҳиссиётларини айтмайди!

Нима ҳам дердик, «Қавс»нинг феъли шу, туйғуларини ошкор қилавермайди. Сизга бўлган меҳр-муҳаббатини хатти-ҳаракатларидан билиб оласиз. «Мени севасизми?», «Соғиндингизми?» дея сўроқлашингиз бефойда. Яхшиси, аксини қилинг-да, ҳиссиётларингизни эслатиб туринг.

Ётоқхонада «Қавс» учун турланиш керак. У бир хилликни ёқтирмайди. Рағбат ва мақтовлардан эса мойдек эриб кетади.

Бу бурж вакиллари эркинликларини ҳар нимадан устун қўйишади. Шу боис «Қаердасиз?» каби тергашларингизни бас қилинг. «Қавс»нинг ёйи тўғри нишонга тегади-я!

Жадий – ғурурини синдирманг!

Ҳар бир эркак мақтовлардан юксалади! «Жадий»лар эса қанот қоқиб нақ парвоз қилишлари мумкин. Айниқса, ётоқхонанинг эшиги ёпилгач, «Паҳлавоним», «Ишонган тоғим» дея кўкларга кўтаринг уни, жавоби узоқ куттирмайди.

Умр йўлдошингиз сохта мулозаматни ёқтирмайди. У билан суҳбатда ҳамиша самимий бўлинг. Уй тутишингиз, яқинларига муомалангиз ва пазандалигингиз ҳам аъло даражада бўлиши керак. Ота–онаси-ю ака-ука, сингилларига ғамхўрлик қилсангиз, ёрингиз сизни бошида кўтариб юради. Чунки у жигарларини биринчи ўринга қўяди.

Далв – бироз айёр, салгина қизиққон...

Мазкур буржда туғилган эркаклар ҳақида сўз борганида, турли хил чекловлару тақиқларга хуши йўқлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. «Далв»лар билан муомала қилишда худди ўзидек салгина айёр бўлишингиз лозим. Бирор масалада фикрингизга қизиқса, дарров жавоб беришга ошиқманг. Бироз куттиринг.

Ҳиссиётлар мавзусида эса сирли нигоҳларингиз билан ром эта билинг. Яъни тўғридан–тўғри нима истаётганингизни билдирманг, ишора беринг, «қармоқ» ташланг... Чўчиманг, жуфтингизга бу ёқади. Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаракатларини танқид қилманг. Қизиққонлигини ҳам биларсиз-а? Атай эмас, беҳосдан аччиғини чиқарсангиз, яна ўша нигоҳларингиз билан ҳовуридан туширишингиз мумкин. Фақат бу сафар мулойим «мушукка» айланинг.

Ҳут – тортинчоқ романтик!

Турмуш ўртоғингиз ҳақидаги таърифдан ҳайрон бўлаяпсизми? Чиндан ҳам «Ҳут» эркаклар романтик бўлишади. Бироқ ҳамиша ҳам буни ошкор қилавермайдилар. Бир дона атиргул, шоколад, антиқа аксессуарлар буларни бари эътиборининг белгисидир. Писанд қилмасангиз, қанотини қайирасиз. «Ҳут» аразласа, ўзига келиши қийин. Тўғри, бу бурж соҳиблари моддий масалаларда куйинчак эмаслар. Аммо йўналтириб турсангиз, даромад қилишни эплашади.

Нозик муносабатларда ҳам романтик кайфиятни маъқул кўрган жуфтингизни ўзгача безатилган ётоқхона, шамчалар, бежирим либослару хушбўй тутатқилар билан мафтун этишингиз мумкин. Бу бурж эркаклари рафиқасининг эътиборидан юксалаверади. Аммо биргина ноўрин сўз билан қадди букилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас!

МАРЖОНА тайёрлади.

    Бошқа янгиликлар