«Амма келди, ҳамма келди!» аммаларимизнинг биз учун аҳамиятини, ҳаётимиздаги ўрнини яққол ифодалайди бу мақол. Аммалар — яқин қариндошларимиз, отамизнинг жигарлари, томирларимизда бир хил қон оқади. Лекин улар оналаримизнинг қайнэгачию қайнсингиллари ҳам. Янгаю қайнсингиллар муносабати эса ҳамиша ҳам равон бўлавермаган. Нима қилмоқ керак? Бир яқинимиз иккинчи яқинимизни ранжитса, ўз ҳад-ҳудудини билмай, ҳатто, тақдиримизга ҳам дахл қилишга ўтса, қандай йўл тутмоқ лозим? Таҳририятимизга келиб тушган қуйидаги уч мурожаат мисолида аммаларимиз билан муносабатларимизни тафтиш қиламиз.
«Ота-онамни ажратишмоқчи…»
— Ёшим ўн бешда. Уч аммам бор. Уларни яхши кўришим керак, биламан, аммо... Аммаларим ойим ва келинойим (амакимнинг хотини)ни ёмон кўришади. Ҳар сафар келишганида онамнинг дилини оғритишади. Уйимизда бўлган қайсидир тадбирда меҳмонларнинг олдида келинойимни уйдан ҳайдаб юборишган. Бувим ҳам улар томон. Бу ҳам етмагандек, дадамга онамни роса ёмонлашади, улар кетишгандан кейин эса дадам ўзгариб қолади. Аммаларим ўзларини мени яхши кўрадигандек кўрсатишади-ю, аслида қариндошларимизга мени ёмонлашаётганини ўз қулоқларим билан эшитганман. Улар энди ота-онамни ажратиш пайига тушишган. Қўлимдан ҳеч нарса кемаётганидан сиқилиб кетаяпман, бошқа катталардан ёрдам сўрасам, сен аралашма, дейишаяпти. Оиламиз пароканда бўлишини истамайман.
Ирода, Тошкент шаҳри
— Катталар орасидаги зиддиятларга болаларнинг беихтиёр аралашиб қолгани чатоқ, бу уларнинг хаёлида болаликдаги ёмон хотира сифатида бутун умрга муҳрланиб қолади. Албатта, оналар фарзандини бундай стрессли ҳолатлардан асрашга ҳаракат қилишади, бироқ муносабатлардаги таранглик оиладаги муҳитда сезилади, албатта, оила ҳавоси бузилганини бола тушунади. Қайнсингил-қайнэгачи, қайнона ва келин можароси аксар оилаларда кузатилади, чунки характерлар, одатлар бир-бирига мослашиши, уйғунлашуви учун ўртада ўзаро анча ишқаланишлар бўлиши керак. Аёллар эса ҳиссиётга берилувчи хилқат ўлароқ зиддиятларни очиқ-ойдин, анчагина шовқин билан ҳал этадилар (ёки ҳал этолмайдилар барибир). Лекин оиланинг катталари жараённинг имкон қадар кескин зиддиятларсиз ўтишини таъминлашлари зарур. Қайноналар келин билан муносабатга қизларини аралаштирмай, ўзлари ҳал қилсалар, яхши эмасми? Қаҳрамонимизнинг аммалари келишади-кетишади, уларнинг ўз ҳаёти бор. Аммо шунча йил бирга яшаган, ўртада ўсмир фарзандлари бор оилани бузиб нима қилишмоқчи? Келинни-ку қўяверинг, кап-катта фарзандлари бор эркак (яъни ота) шу пайтгача қурган оила қўрғонини, унга сингган тоғдек меҳнатларини йўққа чиқариб, янги ҳаёт бошлаб кетиши осон эмаслигини, бу иши билан ўз жигарларига жабр қилаётганини тушунмасмикан? Ҳар қандай зиддиятни хоҳиш бўлса, бартараф этиш мумкин.
Қизимизнинг онасига ҳам айтадиган гапимиз бор: қизлар оилавий ҳаёт қолипини ўз ота-оналаридан олишади. Қизингизда эрнинг опа-сингиллари ёмон бўларкан деган хулоса шаклланаяпти, келгусида бу хулоса унинг ўз оилавий ҳаётига ҳам таъсир қилиши мумкин. Қиз бола бировнинг уйига яхши ниятлар, эзгу хулосалар билан бориши керак. Шу сабабли фарзандларингиз ҳаққи қайинбўйинлар билан иноқлашишга ҳаракат қилинг. Эрингиз эса эркак сифатида оиласига бошқаларнинг, улар ҳатто жигарлари бўлса ҳам, аралашувига йўл қўймаслиги керак.
«Эримга бир имо қилишса, бас!»
— Ёшим йигирма бешда. Турмушга чиқанимга олти йил бўлаяпти. Аллоҳнинг синови экан, ҳали фарзанд кўрганимиз йўқ. Хўжайиним билан бир-биримизни тушунамиз, ҳурмат қиламиз. Қайнота-қайнонам билан ҳам муносабатларимиз яхши. Лекин оиламизда катта аммамизнинг гапи гап. Аслида аввалига қайнонам мени унчалик хушламай турган-у, шу аммамизнинг аралашуви, хоҳиши билан келин қилган экан. Гарчи катта аммамизнинг бир эмас, икки келини бўлса ҳам, у киши ташкил этадиган йиғинларда ҳамма пишириқлару тоғораларни биз олиб борамиз. Аммамиз авваллари катта ташкилотни бошқарган экан, балки шунинг учунми, ҳамма ака-укаларига сўзи ўтади. Масаланинг айнан шу томони мени бироз чўчитади. Эртага, худо кўрсатмасин, у киши турмуш ўртоғимга «Хотининг билан ажрашасан!» деб қолса, эрим ҳеч иккиланмай шундай қилади. Бунга ҳатто мени жуда яхши кўрадиган қайнотам ҳам қарши чиқмаслиги аниқ. Қайнонамни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Нега аммалар ака-укаларининг, ҳатто уларнинг фарзандларининг ҳам оиласини бошқаришаркан?
Нилуфар, Наманган шаҳри
— Қизиқ, бировнинг бир оғиз гапи билан эрингизнинг сиздан ажрашиши тайин бўлса, гап катта аммангиздамикан? Фикримча, оилангизга раҳна солаётган катта аммангиз эмас, бошқа муаммо. Тўғри, фарзанд оиланинг асосий риштаси, айниқса, биз ўзбекларда. Бефарзандликни даволаш, бола асраб олиш деган чоралар ҳам бор, аммо булар эр-хотин ҳар қандай вазиятда ҳам бирга бўлишни истасаларгина иш беради. Ўртадаги меҳр ва ишончни синовдан ўтказади бу ҳолат. Катта аммангиз шу оилага келин бўлиб тушишингизга сабабчи экан, уни шунинг учун ҳам ҳурмат қилишингиз, яхши кўришингиз керак. Демак, бу аралашувдан сиз ютгансиз. Эрингиз бир имо билан ажрашиб кетмоқчи эканини сезиб турган бўлсангиз, сабабни кўчадан қидирманг. Душманни ташқаридан излаб, бировни айбдор қилиб, ўзингиздан масъулиятни соқит этишдан осони йўқ аслида. Бу билан муаммонгиз ҳал бўлиб қолмайди. Аксинча, чуқурлашади. Яхшиси, эрингиз билан маслаҳатлашинг. Агар кетишингизни у истамаса, кетмайсиз бу оиладан. Чунки эркак киши севган аёлини ҳар қандай шароитда ҳам қўйиб юбормайди. Катта аммангизни эса ёши улуғлиги, сизга қилган яхшилиги учун ҳурмат қилинг. Шу пайтгача у сизга бирор ёмонлик қилдими? Агар қилган бўлса, айтинг, шуни муҳокамалаймиз. Одамни ҳали қилмаган иши учун айблаш яхши эмас. Сиз яхшиси ўзингизга, турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингизга ишонинг. Фарзанд билан давлатнинг эрта-кечи йўқ. Муаммоингиз ё фарзандсизлик, ё эрингиз билан муносабатингизда, асло катта аммангиз ёки бошқа бировда эмас! Муаммонинг моҳиятини тан олмай, сабабни ташқаридан қидириш одатингиз панд бериши мумкинлигини унутманг.
«Бизга кимни тенг кўргансиз?»
— Ўн етти ёшимда уйимизга бирин-кетин совчилар кела бошлади. Бироқ опамнинг оиласи бузилгани туфайли ҳадеганда тўйим бўлавермади. Шунда катта аммам ажрашган, икки болага алимент тўлайдиган ўттиздан ошган қўшнисига мени сўраб келди, «Қизингизга жуда мос йигит, барибир унга бошқаси уйланмайди», деди. Унинг бу гапидан ота-онам ҳам, мен ҳам қаттиқ таъсирланганмиз. Шу-шу онам у кишини ёқтирмайди. Шукур, тенгимни топиб, уйланмаган инсонга турмушга чиқдим, қизим бор. Лекин тўю маъракаларда ўша аммамни кўрсам, ўзимни олиб қочаман. Ёмон кўриб қолганман.
Дилшода, Сурхондарё вилояти
— Агар аммангизнинг сизга шундан бошқа қилган ёмонлиги бўлмаса, менимча, бунга ҳаддан ортиқ эътибор ва баҳо бериб юбораяпсиз. Биринчидан, ўша қўшниси ёмон одаммиди? Ё сизни ранжитган томони унинг уйланиб ажрашгани, яъни ўзига хос тарихи борлигими? Тасаввур қилинг, шундай инсонни севиб қолганингизда, унинг тарихига қараб ўтирармидингиз? Бундай воқеалар ҳаётда кўплаб топилади-ку. Майли, у йигит сизнинг тенгингиз эмас, аммангиз эса сизни унга тенг кўрди ва бу жаҳлингизни чиқарди, дейлик. Хўш, нега шундай қилди? Сизни ёмон кўрганиданми? Демак, бу воқеанинг бошқа сабаблари, илдизлари бор, афсуски, сиз буни баён этмагансиз. Майли, буни ҳам қўятурайлик, сиз у йигитга тегиб бахтсиз бўлганингизда аммангиздан бунчалар узоқ ўпкалаб юрсангиз арзирди. Тақдир йўли боғланмаган экан, бошқа инсонга турмушга чиқиб, бахтли яшаяпсиз. Нима қиласиз ўтмишдаги бу юкни шунча пайт кўтариб юриб? Кўнглингиздан чиқариб ташланг. Агар аммангизнинг сизга нисбатан муҳаббатини ҳис этмаган, аксинча, унда адоват бор деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам, у кишини кечиринг. Аммалар оталаримизнинг жигарлари, улар билан қонимиз бир. Назаримда, опангизнинг оиласидан ажрашгани туфайли чеккан аламларингизнинг барини бир мушт қилиб аммангизга қарата ўқталиб тургандексиз. Ҳозир бахтли экансиз, шу бахт ҳаққи ўтмишни унутинг. Энди сизга аммангиз зарар етказа олмайди, фақат ичингиздаги аламлар ва хафагарчилик келажагингизга раҳна солиши мумкин.
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА






