1

УЗОҚ ТИКИЛАВЕР...

МУТОЛАА 18.09.2017, 21:48
УЗОҚ ТИКИЛАВЕР...

— Қандай ишга қўл урмай, топганимда барака йўқ, — дея гап бошлади донишманд олдига маслаҳат сўраб келган йигит.

— Унда сиз отангиз касб қилган ишдан бошланг ҳаракатни, — деди донишманд.

— Отам анча бўлди оламдан ўтганига. Ёдимда қолгани бир марта “Илк ишингизни нимадан бошлагансиз?” деб сўраганимда: “Ўғриликдан бошлаб, уста ҳунармандга айландим”, деган эди. Мен ўғирлик қилмоқчи эмасман, ҳалол меҳнат билан иш бошлашни истайман, — деб бошини эгди йигит.

— Ҳа, отангиз ўғирликка уста эди, сиз ҳам, ота касбни қўллаб, бирор ҳунарни эгалланг, — деди донишманд.

Йигит таажжубланиб чиқиб кетди ва донишманд сўзларини нотўғри деб талқин қилди. Ҳалолликни истаган йигит қай бир ҳунармандга шогирд тушиш учун бормасин, усталар ундан отасининг касбини суриштирарди. “Отам ўғирликдан бошлаган”, деган жавобига баъзилари “Сенда ҳам ўғирлик бўлади унда, моҳир бўласан”, дерди. У бундай ҳақоратга чидолмай, ўрганмоқчи бўлган ҳунарига қўл силтаб, ташлаб кетарди. Бора-бора йигитнинг паймонаси тўлди: “Отам қилган ишни қиламан” деди-ю, қўшни қишлоқда яшовчи бир кишининг боқилаётган ҳукизини ўғирлаётиб қўлга тушди. Мол эгаси эса йигитни таниб қолиб, “Ахир отангни болалигидан билардим, ҳатто бир касбдош эдик, ҳалол одам бўлган. Сен нега ўғри бўлиб чиқдинг”, деган гапидан ҳайратланиб, у кишини жаҳл билан донишманд ҳузурига етаклаб келди.

— Сиз отамнинг ўғри бўлганини тасдиқладингиз. Мен ўғирлик қилдим ва мана бу одам тутиб олиб, “Отанг ҳалол эди”, деди. Қай бирингизнинг гапингизга ишонай? Қай бирингиз адашяпсиз? — деди йигит ғазабланиб.

— Аслида сиз адашибсиз, — деди донишманд йигитга. — Мен ушбу инсон отангиз билан бир касб танлагани ва бир устозга шогирд тушганини биламан. Аммо отангиз ўғрилик билан устозининг энг муносиб шогирдига айлана олди. “Ўғирлик отангизнинг кўзларида бор эди, бир нигоҳ билан ҳунар сирларини шундай ўғирлаб олардики, ҳатто бунга устози ҳам қойил қолган. Сиз қилишингиз керак бўлган ҳунарга ҳам шундай ёндашишингизни истагандим. Кўзлар туйғуларимизни ва амалларимизни бажара оладиган иккинчи “менимиз”дир. Кўзлар йиғлай олгани каби кула олади, гапира олади, ўқий олади, жаҳл қилади, ҳатто ўғирлик ҳам қила олади, — деган экан...

Дарҳақиқат, халқимиз орасида “Кўз остига олган”, “Кўзи қонга тўлган”, “Мени кўзим билан қара”, “Кўзини ёғ босибди”, Кўзга илмайди” ва шу каби кўз сўзи иштирокидаги бир қанча туйғу ва ҳолатларни акс этувчи иборалар тез-тез қўлланилиб туради.

Инсон аъзолари ичида кўзлар ўзига хос аҳамиятга эга. Кўзларимиз бизнинг наслимиз ҳақида ҳам, аслимиз ҳақида ҳам маълумот берувчи манба ҳамдир. Шундай экан, ўзимиз ҳақимиздаги маълумотларни улар орқали билдириб қўйишимиз турган гап. Чунки инсон кўзининг оқи (оқсили) мавжуд бўлган ягона зот ҳисобланади. Бу ҳолат кўзларга қараб инсон эмоциялари мақсадларини билиб олиш учун имконият яратади.

Қуйидаги мисраларга эътибор қилинг:

Узоқ тикилавер эй кимса менга,

Кўзингдан кимлигинг уқиб оламан,

Тушганин санайсан ажин юзинга,

Мен ажин сирини тўкиб соламан

Психологларнинг таъкидлашича инсонни асосан ярқираган турли эмоцияларни чиқарувчи кўзлар диққатини олар экан. Одам организмига қабул қиладиган маълумотларнинг 80% кўзлар орқали ўтади. Кўз хотирасидан унумли фойдаланувчи кишилар сифатида эса асосан рассомларни айтиш мумкин.

Оддий инсон кўзлари юз мингга яқин тусларни ажрата олса, профессионал (рассом) кўзлари эса бир миллионга яқин тусларни ажратар экан. Кўзнинг рангдор пардаси худди қўлларимиз изи сингари такрорланмайди. Бундан фойдаланаётган кўплаб мамлакатларда паспорт назорати билан биргаликда кўзнинг рангдор пардаси орқали инсон кимнилигини аниқловчи назорат пунтклари ишга туширилган.

Буни қарангки, аксарият кишилар қатори фақат атрофни кузата олиш хизматидан фойдаланиб келган кўзларимизни ўзимиз истасак, турли мақсадларга йўналтира олар эканмиз. Бунинг учун эса аввало кўзларимизга кези келса “шароит” ҳам яратиб беришимиз лозим.

Шу ўринда савол туғилади — кўзларингиз иродангизнинг тарбияловчиси эканидан хабарингиз борми? Дейлик, жамоат транспортида кетаётиб, бир кишининг сиздан кўз узмай қараб турганини кўриб қолдингиз, унга бир қарайсизу кўзингизни олиб қочасиз. Йўқ, шу ўринда сиз айни ҳолатни иродангизни тарбияловчи беллашувга айлантиринг, яъни сиз томон тикилган кўзларга шундай тикилингки, “рақиб” кўзларини олиб қочишга мажбур қилинг. Бунда албатта уқрайиб, манманлик билан боқиш шарт эмас, шунчаки, савол назари билан тикилинг. Яъни нигоҳингиз орқали аввалига “Нимадир демоқчимисиз?, кейин эса “Кимгадир ўхшатдингизми?” ва охирида “Ким биландир адаштиряпсиз шекилли?” деган маъноларни акс эттириб қатъиятингизни синаб олинг.

Агар “рақиб” кўзлар енгиладиган бўлса, билингки, кўзларингиз томонидан берилган саволларга жавоб беролмай, ўзини олиб қочган бўлади. Мободо саволларни бера туриб, жавоб талаб қилмай, нигоҳингизни олиб қочсангиз, курашда енгилган бўласиз, яъни иродангиз “рақиб”никидан сустроқ экан.


Кўзингизни хафа қилманг...

Фикрлашга шошилманг, “кўзларингизни хафа қилманг” деганда биз пиёз пустлоғини арчганингизда кўзингизга келган ёшга раҳмимиз келиб бундан қайтармоқчи эмасмиз. Балки тиббиёт назари билан қараганда, бунинг ҳам фойдали томонлари бордир. Аммо баъзан сиз ярашди деб кийган кийимингиз жабрини кўзларингиз тортиши ҳақида биласизми? Жуда тор кийимларни кийиш қон айланишини суст қилиб, кўриш қобилиятига ҳам салбий таъсир этар экан. Қуёш нурлари эса кўриш қобилиятини ошириб, қон айланишини яхшилайди ва инфекцияларни ўлдиради. Осмон булутларсиз вақтда, тонгда кўзларни катта очган ҳолда қуёшга боқиш лозим. Бу ишни кўзлар ёшлангунга қадар қилиш керак. Масалан, қуёш чиқиши ёки ботиши вақтида амалга оширсангиз, мақсадга мувофиқ дейишади.

Аммо кундизи қуёш томонга боқиш керак эмас. Бу каби муолажаларни ҳам ёддан чиқармасангиз, кўзларингиз сиздан “хафа бўлмайди”.

Келажакни кўра олинг...

Келажак техникалари ҳақида бош қотираётган олимлар энди кўзлар ҳаракатига бўйсуниб бошқариладиган компьютерларни кашф этишга бел боғлашган. Бу дегани, сичқонча ва клавиатура билан бошқариш ўтмишда қолади. Лондон коллежи олимлари кўз қорачиғи ҳаракатланиши ва инсон кўриш қобилияти механизми устидан кузатув ўрната оладиган технология ишлаб чиқаришмоқчи.

Демак, ҳозирда унчалик ҳам англаб етмаётган иккинчи “мен”имиз — кўзларимиз келажакда имо-ишоралари билан кўмакчига айланар экан.

Кўзлар — қалб тозалиги, беғуборлик ойнасидир. Гудак боланинг киприк қоқмай, сизга тикилиб ўтирганига эътибор қилганмисиз? Бола нигоҳи сизнинг кўзларингизни енгишга қодир. Чунки у оламда кўзга ғубор етказувчи нарсаларни кўришга улгурмаган. Кўзларимиз ёғланади, чангланади. Аммо қалб тозалигисиз киприкларимиз бу чангларни шунчаки тозалаб туролмас экан. Оқибатда эса совуқ нигоҳ ва ўйноқи кўзларга эга бўлиб қолаверамиз. Қалбни тозалаш учун илмга ва покликка етакловчи китобларни мунтазам мутолаа қилишимиз, гўзал манзарали масканларга боқиб, оламнинг тароватини қалбан ҳис этишимиз, дилни хира қилувчи ахлат уюмлари, нотоза оқава сувлар ва нопок кишиларга тикилиб назар ташламаслигимиз лозим.

Донишмандларимиз айтганидек, зилол сувга боқиш дилни равшан қилади. Хотирани теранлаштирар экан. Қалбимиз ва зеҳнимизни тарбиялашга аввало ўзимиз қодирмиз. Бунинг учун эса бизга кўмакчи бўлган кўзларимизни ҳамиша ардоқлайлик.

Абдулазиз РУСТАМ ўғли

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1