Куз ва қиш мавсумида педикюр қилишда эҳтиёткорлик зарур. Ёпиқ пойафзалда ярачалар яхши битмайди. Очиқ пойафзалдан кузги этикчаларга ўтишимиз оёқлар парваришини унутиш керак, дегани эмас. Ёзга қараганда кузда оёқлар парваришини кучайтириш лозим, яъни оёқ терлаши, товон терисининг қуриши ва бармоқлар шўралашининг олдини олиш зарур. Бунинг учун гел асосидаги намлантирувчи оёқ кремларидан фойдаланинг. «Кузги» кремлар таркибида ментол, оқ чой ёки қора арча экстрактлари бўлгани айни муддао. Кремлар қадоғида айнан шуларни изланг. Кремни оёқ тагига суртиб, озиқ-овқат плёнкасини 20 дақиқага ўраб қўйинг. Шунда крем терига янада яхшироқ сингади. Ҳафтасига бир марта оёқларингизга мойчечакли ванналар тайёрланг. Бу муолажа чарчоқдан холи этиб, дармон киритади.
- Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.






