1

Дарахтдан жой олган тарихий музей

HI-TECH 28.10.2017, 13:00
Дарахтдан жой олган тарихий музей

Боғнинг четида ҳам улкан чинорлар бўлиб чинор остида Фарғона туманининг тарихий музейи ташкил этилган. Бу ерда туманнинг олис тарихидан ҳикоя қилувчи кўплаб бебаҳо экспонатларни учратиш мумкин. Ҳатто бу ҳудуддан Олой тоғи этакларида аҳолининг бронза даврида яшаганликларини исботловчи топилмалар топилган...

Фарғонанинг Водил истироҳат боғидаги азим чинорнинг довруғи бутун Туронзаминга маълум. Бу гўшага ташриф буюрган меҳмон кўҳна дарахтни томоша қилиб, соясида бир лаҳза ҳордиқ чиқармасдан қайтмайди. Бу дарахтни ҳақиқий мўъжиза дейиш мумкин. Чунки мутахассислар томонидан бир неча асрни кўрган дея тахмин қилинган бир туп чинор тубидан тўққизта тана кўкка бўй чўзган. Табиатнинг бу ажиб мўъжизаси шу тахлит инсонга бирлашиш, ҳамжиҳатлик ва дўстликдан сабоқ бераётган бўлса, ажабмас.

Ривоятларга кўра, Водил қишлоғига илк бор Шоҳимардон дарёсининг ирмоғини Абдували хожа Аҳмад Валий ва Чинорота деб аталган икки мўътабар инсон келтирган экан. Улар сойнинг икки қирғоғида гўзал боғ яратганлар. Ўтмишда Шоҳимардон сувининг озайиши ёки кўпайишини ўша авлиёлар башорат қилиб боришар экан.

Чинор танасининг коваги 7-8 одам давра қуриб ўтирса сиғадиган даражада бўлиб, ўтган асрнинг 30-йилларида Мирғойиб эшон деган дарвеш шу ерда яшаган. Машҳур Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов ўша кезлари Водилда опасининг уйида яшаб, кечаси бўз тўқир, кундузлари эса чўпонлик қиларди. Кеч тушганда Маъмуржон бўз тўқишни бошлаганида, Мурғойиб эшон унинг ёнига келиб ўтирар ва “Қани, мулла Маъмуржон, бошланг” дер, Маъмуржон эса дастгоҳ мокисининг овозига мослаб хиргойи қилар, тун ярмидан ўтгандан сўнг эшон Маъмуржонни дуо қилиб, яна чинор остидаги кулбасига қараб кетарди. Бу ҳол ҳар куни такрорланарди.

Балки Мурғойиб эшоннинг дуоси туфайли, далдаси сабаб Маъмуржон Узоқов халқимизнинг ардоқли ҳофизи бўлиб етишгандир?

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1