Туркия ҳудудида халқаро қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси аниқланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг икки давлат ўртасидаги ҳамкорлиги натижасида халқаро қидирувда бўлган шахсларнинг Туркиядаги яшаш манзили аниқланган.
Улардан бири — М.Б. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича қидирувда бўлиб, узоқ вақт давомида Туркияда яшириниб юрган.
Шунингдек, Ж.Б. ҳам Туркияда қўлга олинган. У Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) бўйича қидирувда бўлган.
Ҳар икки фуқаро белгиланган тартибда Ўзбекистонга топширилди. Ҳозирда уларга нисбатан тегишли тергов ва суд жараёнлари олиб борилмоқда.






