Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, шунингдек, кредит ажратиш ва зарарни қайта ҳисоблаш билан боғлиқ икки ноқонуний ҳолат фош этилди. Bu haqda DXX маълум қилди.
Биринчи ҳолатда Андижон вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳудудий назорат қилиш инспекцияси шўъба бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, бошқаларнинг пул маблағини ўзлаштиришга уринган.
Маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги савдо дўконида ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланиб, “Андижон сув таъминоти” АЖ томонидан қарийб 680 миллион сўм зарар бўйича далолатнома тузилган. Шўъба бошлиғи эса мансабдор танишлари орқали зарар миқдорини қайта ҳисоблатиб камайтириш ҳамда маъмурий чора кўрилмаслиги учун 30 миллион сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у талаб қилинган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Иккинчи ҳолатда эса тижорат банкларидан бирининг Асака тумани филиали “маҳаллабай ишлаш” бўлими бош менежери тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 3 миллиард 650 миллион сўм миқдорида кредит олиб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Маълумотларга кўра, у жорий йилнинг апрель–май ойларида фуқародан жами 7 800 АҚШ доллари олган. Бироқ ваъда қилинган кредит масаласини ҳал қила олмаган. У олинган маблағнинг 1 000 долларини қайтариб берган вақтида тезкор тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






