Фаластин футбол ассоциацияси президенти Жибрил Ражоуб 2026 йилги Жаҳон чемпионати доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун АҚШ визасини ола олмагани маълум бўлди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Associated Press хабарига кўра, Ражоуб ФИФА томонидан мундиалга таклиф этилган миллий футбол федерациялари раҳбарлари қаторида бўлган. У мусобақа учун аккредитациядан ҳам ўтган, аммо АҚШга кириш учун зарур бўлган виза масаласи ҳал этилмаган.
Ҳозирда Фаластин футбол ассоциацияси раҳбари Мехико шаҳрида бўлиб турибди. У АҚШ визаси расмийлаштирилмаган ёки рад этилган федерация вакиллари орасида экани айтилмоқда.
Жибрил Ражоуб мазкур ҳолатни адолатсизлик деб баҳолаб, футбол вакилларининг Жаҳон чемпионати тадбирларида иштирок этиш имконияти чекланаётганини таъкидлаган.
АҚШ Давлат департаменти эса виза масаласи юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Маълумот учун, Фаластин терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олмаган бўлса-да, ФИФА анъанасига кўра миллий футбол федерациялари раҳбарлари мусобақага таклиф қилинади.






