1

​ЎЗБЕКИСТОНДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШДА КОРЕЯ МОДЕЛИ ЭЛЕМЕНТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИЛАДИ

СИЁСАТ 24.11.2017, 14:13
​ЎЗБЕКИСТОНДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШДА КОРЕЯ МОДЕЛИ ЭЛЕМЕНТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 20 га яқин учрашувлар ўтказилиб, тажриба алмашинуви, Ўзбекистонда экспериментал тарзда болалар боғчаларини очиш, биргаликда кадрлар тайёрлаш ва илмий изланишлар олиб бориш имкониятларини ўрганиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Сафар доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Кореянинг қатор мактабгача таълим ва бошқа турдаги муассасаларига ташрифлар уюштирилди ва уларнинг фаолияти ўрганилди, жумладан боғчаларнинг ўзига ҳос жиҳатлари, қўлланилаётган таълим бериш услублари, молиялаштириш ва тўлов тизимлари, педагогик ходимларнинг малака даражаси ва хизмат шароитлари, озиқ-овқат ва моддий-техник таъминот ҳамда соҳага тегишли дастурлар ва услубларатрофлича ўрганилди.

Педагоглар фаолияти учун максимал қулай шароитларнинг яратилганлиги, педагогнинг ижодий эркинлиги, катта ҳажмдаги ҳисоботларнинг йўқлиги, давлат боғчалари педагоглари ижтимоий статусининг юқорилиги, болалар ўзларини намоён қилишлари учун яратилган ижодий муҳит, жумладан хоналарнинг ҳатто кичик деталларигача қулай дизайни ва жиҳозлангалиги, улар учун бой адабиётлар ва ривожлантирувчи ўйинларнинг мавжудлиги, эрта болаликдан жамиятда ўзини тутиш ва шахсий гигиена кўникмаларини тарбия қилиш каби алоҳида жиҳатлар Корея мактабгача таълим тизими муваффақиятининг асосини ташкил этади.

Алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат, Давлат жамиятнинг энг ҳимояланмаган қатламлари, кам таъминланган оилалар ва ногирон болаларга, биринчи навбатда ғамхўрлик кўрсатади ва боғчаларга қабул давомида уларга устуворлик принципини қўллайди, ва шу сабабли ҳам, Кореяда инклюзив таълим принциплари таҳсинга сазовордир.

Кореянинг таълим тизимига кадрлар тайёрлашга ихтисослашган ва тасарруфида мактабгача таълим муассалари бўлган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Санмёнг Университети, (Sangmyung University) ҳамда Чунг-Анг Университети (Chung-Ang University) билан Ҳадли келишувлар имзоланди, шунингдек Чоннам Миллий Университети (Chonnam National University) билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Келишувлар ва Меморандум доирасида қуйидаги соҳалардаги ҳамкорлик назарда тутилган: талабалар, илмий-педагогик ва бошқарув мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувлари, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишга қаратилган чоралар, жумладан энг янги дастурлар ва услубларни жорий қилиш, ҳамкорликда тадқиқотлар, конференциялар, кўргазма ва семинарларни амалга ошириш, мактабгача таълим мутахассисларини тайёрлаш бўйича махсус қўшма магистрлик ва докторлик дастурларини ташкил этиш, шунингдек Ўзбекистонда экспериментал равишда Корея тизимига асосланган экспериментал боғчаларни ташкил этиш каби муҳим вазифалар назарда тутилган.

Мактабгача таълим вазирлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифи давомида болаларнинг эрта ривожланиши ва мактабгача таълим тизими соҳасига ихтисослашган нуфузли илмий-тадқиқот институтлари билан учрашувлар ҳам ўтказилди. Жумладан, 2017 йилнинг 23 ноябрь куни Корея болалар парвариши ва ва мактабгача таълим масалаларини ўрганиш Институти (KICCE) билан Ҳадли келишув имзоланди. Келишув доирасида Мактабгача таълим вазирлиги ва KICCE ҳамкорлигида қўшма тадқиқотлар ўтказилади, педагогик кадрларни тайёрлаш орқали тажриба алмашинувига қаратилган дастурлар амалга оширилади, семинарлар ва конференциялар ташкил этилади. Шу билан бир қаторда ҳамкорлик асосида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш стратегияларининг ишлаб чиқилиши,таълим дастурлари ва стандартларининг қайта кўриб чиқилиши, таълим статистикасини жорий қилиш назарда тутилган.

Сеул болаларни эрта ривожлантиришга кўмаклашиш Институти (Seoul Early Childhood Education Promotion Institute) билан 2017 йилнинг 22 ноябрь куни ўтказилган учрашув чоғида қўшма тадқиқотларни ўтказиш, тажриба алмашинуви, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга тадбиқ қилиш имкониятини берувчи ҳамкорликдаги илмий-амалий тадқиқот муассасаларини ташкил этиш, ўқув-услубий материалларни тайёрлаш борасида келгусида ҳамкорлик битимларини имзолаш келишиб олинди.

Яна бир самарали учрашув – Мактабгача таълим вазирлигининг энг муҳим потенциал ҳамкори – Корея Республикаси Таълим вазирлигининг Мактабгача таълим ва бола парвариши Департаментида бўлиб ўтди.

Учрашувда Корея томони Ўзбекистон делегациясига Кореяда мактабгача таълим ва бола парвариши босқичлари, соҳани ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш принциплари, янги NURIмактабгача таълим Миллий дастурини жорий қилиш жиҳатлари ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, тўлов тизимлари, таълим муассасаси туридан келиб чиққан ҳолда нархларни белгилаш принциплари, Давлатнинг мактабгача таълимга йўналтираётган ҳаражатлари, шунингдек истиқболдаги режалар, жумладан мактабгача таълим структурасида Давлат боғчалари улушини кенгайтириш, электрон қабул тизимини жорий қилиш, педагоглар малакасини ошириш ҳамда соҳани такомиллаштириш тенденциялари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Корея Республикасининг тажрибаси албатта эътиборга молик ва ишонамизки, Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнларида бу борадаги Корея модели элементлари албатта ўз аксини топади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1