1

ГИНЕКОЛОГГА САВОЛИМ БОР...

СУҒДИЁНА 25.11.2017, 08:29
Теглар: Соғ бўлинг
ГИНЕКОЛОГГА САВОЛИМ БОР...

Сизни қизиқтирган саволларга жавоб беришда давом этамиз! Бепуштлик, ҳомиладорликнинг кечиши, аёллар касалликлари, барча мурожаатларингиз ҳамиша диққат-эътиборимизда. Унутманг, БИЗ сизнинг муаммонгизга бефарқ эмасмиз!

Мутахассис – шифокор-гинеколог Моҳира СОДИҚОВА

«БАЧАДОН КИСТАСИ ХАВФЛИМИ?»

Ҳайз олди бачадонимда қаттиқ оғриқ безовта қилавергач, шифокорга учрадим. УТТ текшируви менда бачадон кистасини кўрсатди. Ҳали турмушга чиқмаганман. Муолажа қилинса, киста тузаладими? Кейинчалик фарзанд кўришга таъсир бўлмайдими?

К.Г,. Тошкент шаҳри

Бачадон кистаси репродуктив ёшдаги аёлларда кўп учрайдиган касаллик бўлиб, у яллиғланиш ёки гормонал бузилишлар оқибатида келиб чиқади. Албатта, бу касаллик, аввало, консерватив йўл билан, яъни дори-дармонлар воситасида даволанади. Мутахассислар бачадон кистаси бирон ноқулайлик туғдирмаса, тегмаслик керак дейишади. Агар қизимиз турмушга чиққанларида ҳомиладор бўлишга киста тўсқинлик қилса, унинг ҳолати ва даражасига қараб шифокор дори-дармон ёки жарроҳлик усулида даволашни ҳал қилади. Ҳозирча кистани вақти-вақти билан УТТ орқали текшириб, консерватив усулда даволаб борган маъқул.

«ФОЛЛИКУЛА ЁРИЛМАСЛИГИ НИМАДАН?»

4 ойдан бери фолликула ёрилмаслигидан азоб чекаман. Даволовчи шифокор шу пайтгача 3 марта ХГ уколини юборди. Шунда ҳам бирор ўзгариш бўлмади. Фолликула ёрилишига нима тўсқинлик қилаётган бўлиши мумкин?

Ж.В., Навоий вилояти

Фолликула ёрилмаслигининг асосий сабаби эстроген ва прогестерон гормонларининг мувозанатдан чиқишидир. Айниқса, прогестероннинг етишмаслиги кўпинча фолликуланинг ёрилмаслигига олиб келади. Аммо бунга қарши шифокор даво чораларини кўрганда ҳам, кутилган натижа бўлмаса, ёндош омилларга эътибор қаратиш керак. Масалан, муттасил жисмоний ва руҳий зўриқиш, парҳезлар, очлик, абортлар, номунтазам жинсий ҳаёт, турли гинекологик касалликлар ва аёл жинсий аъзоларига яқин даврда амалга оширилган жарроҳлик аралашуви фолликула ёрилмаслигига олиб келадиган омиллардан саналади. Нима бўлган тақдирда ҳам, ёрилмаган фолликула ўрнида киста пайдо бўлиш хавфи мавжудлигини унутмаслик ва буни мунтазам кузатиб бориб, зарур бўлганда чоралар қўллаш керак.

«БЕЗОВТАЛИГИ САБАБИНИ БИЛОЛМАЯПМАН»

Ёшим 23 да. Қиннинг ташқи тарафида қичишиш, ачишиш ва оқ ярасифат тошмалар пайдо бўлган. Бу нимадан бўлиши мумкин?

Н.Х., Оҳангарон шаҳри

Афсуски, мурожаат қилган аёлнинг турмушга чиққан-чиқмагани, жинсий ҳаёти бор-йўқлиги маълум эмас. Мурожаат қилувчига шахсий кўрик учун бевосита шифокорга боришни маслаҳат берган бўлардим. Агар тошма жинсий алоқадан кейин пайдо бўлган бўлса, бу бирон вирус бўлиши мумкин. Борди-ю аёл жинсий ҳаётда яшамаётган бўлса, бу бассейнда ёки стерилланмаган тиббий асбоблардан юққан касаллик, балки оддий кандидоздир. Хуллас, шифокорга зудлик билан мурожаат қилиб, зарур таҳлилларни топшириш керак.

«ДЕРМАТИТ ҲОМИЛАГА ЗИЁН ЭМАСМИ?»

Уч ойлик ҳомиладорман. Мени дерматит безовта қилаяпти. Қўл – оёқ ва қорин устида кучли қичишиш бор. Дерматитнинг ҳомилага зиёни бўлмайдими? Шу ҳақида билмоқчи эдим?

Н.Д., Наманган вилояти

Ҳомиладорлик вақтида дерматит 65 фоиз аёлларда кузатилади. Бу аёл организмидаги ўзгаришлар сабабли унда турли сурункали касалликларнинг авж олиши билан боғлиқ ҳолат. Кўпинча, туғруқдан кейин дерматит ҳам ўтиб кетади. Аммо ҳомиладорлик пайтида дерматитни даволаш керак, акс ҳолда тери муаммолари туғруқдан кейин ҳам давом этиши мумкин. Ҳомилага дерматит таъсир қилмаслиги учун шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда тўғри даво чораларини қўллаш ва парҳез тутиш керак.

«СПАЙКА ЎРНИ ҚИЗАРИБ ҚОЛДИ...»

Фарзандимни кесарча кесиш йўли билан дунёга келтирдим. Туғруқхонадан қайтгач қорним ва белимда оғриқ бошланди. УТТ га тушсам, спайка борлиги маълум бўлди. Даволанганимдан сўнг оғриқ йўқолди-ю, аммо спайка бўлган жой қизариб, осилиб қолди. Кейинчалик хавфли асоратларни келтириб чиқармасмикан деб хавотирдаман.

Ш.Д.,Тошкент вилояти

Спайкалар кўпинча нотўғри ўтказилган кесарча кесиш ва шу амалиётнинг такрор ўтказилишидан кейин юзага келади. Даво чоралари спайканинг ўзини йўқотиш эмас (бу имконсиз), балки унинг асоратлари билан курашишга қаратилган. Спайканинг энг ёмон асорати бачадон найлари ўтказувчанлигини тўхтатиши, яъни найларнинг битиб қолишидир. Шу сабабли спайкаси бор аёллар кейинги сафар ҳомиладор бўлишга қийналсалар, найларни текширтиришлари, борди-ю, най йўллари ёпилиб қолган лса, уни очиш чораларини кўриш ва муолажадан сўнг тезроқ ҳомиладор бўлишга ҳаракат қилишлари керак. Чунки найлар қайта битиб қолиши мумкин.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

БЎШАШГАН, ҚОНАЁТГАН ВА ЯЛЛИЈЛАНГАН МИЛКНИ ДАВОЛАЙМИЗ!

21.12.2017, 18:31

Кўпчилик тиш юваётган пайтда милкларининг қонашига унча аҳамият бермайди. Ваҳоланки, айнан шу ҳолатдан кейин оғзидан ҳид келишидан тортиб тиш бўшаб қолиши ва тушишигача бўлган асоратлар...
АПЕЛЬСИН. ШАРБАТИ ҲАМ, ЭТИ ҲАМ, ПЎСТЛОҒИ ҲАМ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТГА ЭГА

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Шарбати ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, тери жароҳатланганда қон кетишини тўхтатишда ёрдам беради, яраларни зарарли микроблардан тозалайди.Агар ҳар куни оч қоринга бир жуфт апельсин есангиз...
МАНДАРИН — ЯНГИ ЙИЛ МЕВАСИ!

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Тана ҳарорати кўтарилганда мандарин шарбати чанқоқни босишда ёрдам беради; Микроб ва вирусларга қарши таъсир кучига эга. Демак, ўткир респиратор касалликлар ва гриппнинг олдини олишда...
БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ ВА САЛОМАТЛИК

21.12.2017, 18:15

Ҳар бир касалликка хос мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Байрам дастурхонини безатишда ёки ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишда уларни инобатга олишга тўғри келади. У ёки бу касалликда қайси...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1