АсосийSUG'DIYONA

«ЭРИМ АЖРАШМОҚЧИ, МЕН ЭСА ЯРАШИШНИ ИСТАЙМАН!»

'«ЭРИМ АЖРАШМОҚЧИ, МЕН ЭСА ЯРАШИШНИ ИСТАЙМАН!»'ning rasmi

Оиланинг боши, устуни — эркак! Унинг оёғида мустаҳкам туриши, қарорлари тўғри ва қатъий бўлиши бир оиланинг тақдирини белгилайди. Афсуски... баъзида эркаклар ҳам калта ўйлашади. Арзимаган сабаблар туфайли «ажрашаман»га тушиб қолишади... Хўш, бундай вазиятларда аёл оилани асраб қолишни истаса, қандай йўл тутиши керак? Руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА билан турли вазиятларни кўриб чиқамиз.

1-вазият: «Бегонага илакишиб, биздан юз ўгирмоқчи...»

«Гулшоданинг турмушга чиққанига беш йил бўлаяпти, икки ширин фарзанди бор. Акром билан бир-бирига кўнгил бериб оила қуришган. Аммо турмуш ўртоғи шу кунларда бир енгилтабиат жувонга илакишиб қолган. Сири ошкор бўлгач, хотинига «Сен билан ажрашаман», дейдиган одат чиқарди. Гулшода ҳам охири болаларини олиб, ота уйига кетди. Аммо аёлнинг ажрашиш нияти йўқ, чунки бевафо бўлса-да, кўз очиб кўрганини севади...»

Бизнинг фикр: — Нега охирги пайтларда айрим эркаклар хиёнат кўчасига киришмоқда? Чунки уларнинг ўзига бўлган ишончи пасайиб бормоқда. Уйда хотинининг ҳақли эътирозларини кўтара олмасдан кўчага қараб кетишмоқда. Вақтинчалик кўнгилхушлик билан ўзининг ҳам руҳий, ҳам жисмоний, ҳам моддий жиҳатдан кучли эканликларини ўзларига исботлашмоқчи. Оиладаги мавжуд муаммолардан чалғитиш йўли ҳам бу.

Гулшода оиласини асраб қолиш ниятида экан, демак, мақсади аниқ: у енгилтабиат бир аёлга эрини қўшқўллаб тутқазмоқчимас. Акром эса сири фош бўлгач, муаммони ҳал қилмасдан, «Ажрашаман», деб қулоғини тинчини ўйлаяпти. Албатта, бу қатъий қарор бўлмаслиги эҳтимоли юқори.

Гулшода аввало келинлик уйингизга қайтинг. Турмуш ўртоғингиз билан бафуржа гаплашиб олинг. Нима учун бу қарорга келди? Сиздан ўтганлари бўлса, айтсин, хатоларни тўғирланг. Кейин бор кучингизни эрингиз билан рақибангизнинг муносабатларини узишга сарфламанг. Яъни пойлаш, учрашиш, шартлар қўйишдан йироқ бўлинг. Оилангиздаги муҳитни яхшиланг. Токи турмуш ўртоғингиз истаётганини, излаётганини ўз уйидан, ўз аёлидан топсин. Шунда кўчада чиройлироқ, меҳрибонроқ кўринганнинг нағмасига учиб кетмайди.

«Сизни яхши кўрганим учун чидайман». Бу сўз билан эрингизнинг виждонини уйғотишингиз даргумон. Чунки эркаклар чидам тушунчасидан бироз йироқ бўлишади. Ва ўзингизга қарши қурол сифатида ишлатиб қолиши мумкин: «Севади, кечиради, чидайди». Севгингизни умр йўлдошингиз ҳис қилсин, лекин муҳаббат учун ҳар қандай қурбонликка тайёр эканлингизни билмасин.

2-вазият: «Онамни норози қилиб, сен билан яшамайман!»

«Зубайданинг эрининг топиб олган гапи шу. Олти йилдан бери ҳаёти шу иддаони эшитиш билан ўтаяпти. Болалар қайнона-келин жанжалларию отанинг онани калтаклашларини кўриб катта бўлишаяпти. Қайнона ўғилни хотинига қарши қайрагани-қайраган, чунки боласини келинидан қизғанади. Аёл эса чидаётганди. Бир кун алоҳида чиқиб кетишса, ҳаммаси яхши бўлишига умид қиларди. Болаларим отасиз ўсмасин, деяётганди. Яқинда яна қайнонаси билан ғижиллашиб қолди. Эр бу гал шартни кўндаланг қўйди: «Мен онамни норози қилиб сен билан яшамайман! Ажрашамиз!» ҳатто Маҳмуд судга ариза ёзиб ҳам келди...

Бизнинг фикр: — Айрим оналар болаларини шунчалик тобеликда ушлашни исташадики, натижада жабрни келин тортади. Ўғил эса онасининг розилиги учун хотинини ҳар кўйга солаверади, хўрлайверади.

Зубайда, болаларингиз отасиз ўсмаслигини истайсизми, оилада келинлик ва хотинлик ролларингизни бир-биридан ажратиб олинг. Турмуш ўртоғингизга асло «Сиз деб, болалар деб, онангизга сабр қилаяпман!» деманг! У учун онаси — биринчи рақамли шахс! Бу ўринни эгаллай олмайсиз минг уринсангиз ҳам. Кундуз куни ўртангизда гап қочдими, ишдан келган эрингизга сир бой берманг. Майли, онасидан эшитсин, сизга дакки берсин. «Сизни хавотирга қўймай, деб айтмагандим, эртага нимадир қилиб кўнгилларини оламан, дадаси. Ўйламанг, ярашиб оламиз», денг. У ўзига хулоса қилсин, «Хотиним онамни эртага ўзи яхши гап билан ҳовуридан туширади!» десин.

Қайнона-келин муносабатларининг ёмонлиги ажримга сабаб бўла олмайди. Бироқ гоҳида баъзи эркаклар она ва хотиннинг ўртасидан қолиб кетганида, чиқиш йўлини ажримда кўради. Бу — масъулиятсизлик, худбинлик. Улар хотинини кўчага қувиб солаётганида, аёлига қўл кўтараётганда онг остида «онамнинг розилиги учун» деган фикр ётади. Аёлининг ҳам она эканлигини эса эсларига ҳам келтирмайди. Эркаклар, тўғри, «Жаннат оналар оёғи остида»! Волидангиз ҳам она, рафиқангиз ҳам она, болангизнинг тарбиячиси ҳам она, кўчадаги дўкон сотувчиси ҳам она! Уларни бирдек ҳурмат қилинг. «Онам учун» дея аёллингизни хўрлаганларингизнинг ҳам жавоби бор.

Қўрқитиш йўлими бу ҳам?

Эркаклар «Ажрашаман» сўзини қурол қилиб аёлини қўрқитишни, унинг оғзини ёпишни, бирор камчилиги, хатоси бўлса, тўғирлатишни ҳам режа қилишган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам аёлнинг шартта тугун тугиши бундай ҳолларда ўзини оқламайди. Нега у бу қарорга келди? Сабабини ўрганинг. Онаси билан деди-дедиларингиздан чарчаган бўлса, қайнонангиз билан муносабатни яхшилашга ҳаракат қилинг. Ёки арзимаган бирор камчилигингиздан жанжал ясадими, ўзингизни ўзгартиринг. Оила деворини нуратаётган сабабни бартараф қилмас экансиз, ажрим ҳавфидан оилангиз ҳимояланмайди.

Ҳақиқатга тик қаранг!

У ажрашмоқчи, сиз эса буни истамаяпсиз. Оилани асраш учун сабабларингиз бор. Демак, истагингиз ҳам. Энди ҳақиқатга тик боқиб, яъни оила масъулиятини ҳис қилмаётган эркак учун ҳам масъулиятни елкага ортиб, курашга киришингиз керак. Осон бўлмайди. Шунга тайёр туринг. «Яхши кўрганим, болалар учун, борадиган жойим йўқлиги сабаб чидайман», деб ўтирганингиз билан иш битмайди. «Мана, сабр қилаяпман-ку, яхши бўлиб қолар, қурбонлигимга яраша эрим ҳам жавоб қайтарар», деб алдаманг ўзингизни. Яъни турмуш ўртоғингизни ажрашиш фикрига етаклаган муаммога чидаб ўтирманг, уни ҳал қилинг.

Оила масъулиятини елкасига ортинг!

Токи у эртага яна нимадир бўлса, «ажрашаман»га тушиб қолмасин. Сиз оилада ҳам эр, ҳам аёл бўлолмайсиз. Эрингиз учун ҳам масъулиятни ҳис қилиб оилани асраб қолдингизми, энди оқиллик, айёрлик билан масъулиятни секин-секин унинг елкасига юкланг. Ҳеч бир масалада усиз қарор чиқарманг, қадам босманг. Остонага 10 кило картошкани олиб келиб қўйиб, бироздан кейин киритаман, деса, дарров эрга ёқиш учун ўзингиз юкни ошхонага олиб борманг. Кутинг эрингизни. Ёки бирор масалада унинг қарори хато бўлса ҳам рад қилмай бажаринг. Адашганини билса, кейинги гал сергакроқ бўлади. Бора-бора ўйлаб қарор чиқарадиган одамга айланади.

Болаларни заҳарламанг!

Болалар учун чидашга қарор қилдингиз. Фақат бу қимматга тушмасин. Фарзандларингиз «Ойим билан алоҳида, тинчгина яшасак яхшийди», деб ўзларини қийнашмасин. Эрингиз билан уришдингизми, у сизни йиғлатдими, «Нима бўлди, ойи» дея сўрайдиган болаларга «Кўзимга нимадир кирди, шекилли», дейдиган даражада кучли бўлинг.

Энг муҳими...

Бир йил ўтибми, икки йил ўтибми, умр йўлдошингизнинг «ажрашаман»и қайталаниб қолмаслиги учун унда ҳам оилани асрашга хоҳиш уйғотинг. Оилангизнинг ўз қадриятларини шакллантиринг. Уйингизда нима бўлганда ҳам хотиржамликни таъминланг. Оила — муқаддас қўрғонлигини, сал шамолга ҳам уни бузиш ярамаслигини эрингиз ҳам англасин! Бунинг учун у оиласига талпинадиган эркак бўлиши керак!

МУХЛИСА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар