Ирода Тўлаганованинг улкан ғалабаларини бутун мамлакат кузатган. «Катта дубулға» турнирининг ёшлар ўртасидаги баҳсларида бир неча бор ғалабани қўлга киритган ёш Ирода миллионлаб ўзбек қизларининг ибрат манбаига, ўзбек спортининг умидига айланди. Ҳозир эса Ирода ёшларга устозлик қилиш ва ўғлини тарбиялаш каби ширин ташвишлар билан яшамоқда.
Машҳур спортчи Ирода Тўлагановани нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда яхши билишади. Катта муваффақият Иродага 1999 йилдаёқ насиб этди, ўшанда у Уимблдон турнирининг қизлар ўртасидаги баҳсида ҳамда теннис бўйича АҚШ очиқ чемпионатида ғалаба қозонган. Шунингдек, қизлар ўртасидаги Бутунжаҳон ўйинлари (Москва) ғолиби бўлган эди. 2000 йили Ирода Tashkent Open чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди, 2002 йили эса қизлар ўртасида Осиё чемпиони бўлди. Ироданинг катта ғалабалари 1990-йиллар охири 2000-йиллар бошига тўғри келди. Бугун Ирода Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатга спортчи, халқаро тоифадаги спорт устаси, теннис бўйича аёллар терма жамоасининг бош мураббийи. «Шуҳрат» медали ва «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби.

Мана 10 йилдирки у катта теннисда иштирок этмайди, халқаро мусобақаларда кўринмайди, аммо ҳаракатдан тўхтагани йўқ. ҳозирда ўз теннис мактаби бор. Аммо энг катта ютуғи 4 яшар ўғли Париснинг севимли онаси эканлиги ва унга ука-сингиллар олиб келиш орзуси борлиги. «Фарзандимнинг туғилиши мен учун катта бахт бўлди, бу туйғу энг ёрқин ғалаба нашидаси билан тенг. Бугунги кунда мен учун бахт — севимли ишим билан шуғуланиш, ўғлимни тарбиялаш, келажак учун режалар тузиш...» дейди теннисчи.
— Эндигина спортга қадам қўйган онларингиз бутун умрингизни унга бағишлашингиз ҳақида ўйлаганмидингиз?
— Албатта 9 ёшимдан теннис билан шуғуллана бошлаган қизалоқ катта режаларни тузишга қодир эмас. Аммо илк ғалабаларим илҳом бағишлаб, ўша пайтдаёқ спорт менинг ҳаётим эканини англай бошладим. Бутун фаолиятим давомида мени теннис ўйнаш ва ғалаба қозониш иштиёқи руҳлантириб турди. Албатта, мувафақият яхшигина даромад ҳам келтиради. Аммо доим ғалабанинг ўзи, унга интилиш, ҳаммадан яхшироқ бўлиш истаги биринчи ўринда турган. Менинг бош мураббийим — отам эди, у профессионал боксчи, онам эса волейболчи бўлган. Уларнинг ғамхўрлиги ва қатъиятисиз мен ҳозирги чўққиларни забт эта олмасдим.

— Ирода, 12 йиллик спортчилик фаолиятидан сўнг қўлингиз шикастланиб теннисни так этишга мажбур бўлдингиз. Бу даврни қандай ўтказдингиз?
— Ҳа, чиндан ҳам қўлим шикастлангани учун 3 йилгача спортни тарк этишга тўғри келган. Аммо у пайтлар тинимсиз машғулотлар, мусобақалар, сафарлар, уйқусизликдан шунчалик чарчаган эдимки, бу танаффус менга катта қувонч бахш этди. Ва ниҳоят мен дам олиш, яқинларим билан вақт ўтказиш, кафеларга бориш, гўзаллик муолажаларини ўтказиш имконияти туғилганидан мамнун эдим. Қўлим тузалгач спортга қайтиш осон кечмади. Чунки яна ҳаммасини бошидан бошлаш, қайтадан юқорига кўтарилиш керак эди. Аммо бу йўлдан аввал ҳам ўтганим учун яна уддаладим.
— Ўшанда бир кун келиб катта спортни тарк этишингиз ҳақида ўйлаганмисиз? Агар шундай бўлса нима билан шуғулланишни режалаштиргансиз?
— Ҳеч қачон спортни бутунлай тарк этишни режалаштирмаганман. Шунинг учун фаолиятимни тугатгач ёш авлодга маҳорат сирларини ўргатишга қарор қилдим. Ўзимнинг теннис мактабимни очишни истагандим ва очдим ҳам. Яқинда тарбияланувчиларим Туркиядаги халқаро турнирда қатнашдилар, энди Қозоғистонда ўтказиладиган халқаро турнирга тайёрланяпмиз. Шунингдек, мода бизнеси билан ҳам шуғулланиш, ўзимнинг либослар туркумимни яратиш истагим бор. Фақат ҳозирча бу режам бироз тўхтаб турибди, чунки спорт формасини ушлаб туриш учун кортга чиқишим, теннис оламидаги ўзгаришларни кузатиб боришим керак.
— Спорт машаққатларини ўз тажрибангиздан билганингиз ҳолда ўғлингизнинг спортчи бўлишини истайсизми?
— У эндигина 4 ёшда. Ҳозир келажакда ким бўлиши ҳақида бирон нима дейиш мушкул. У билан ўтаётган ҳар бир дақиқамдан лаззатланаман. Албатта, боланинг ҳаётида спорт бўлиши керак, ўғлимнинг ҳаётига ҳам бир кун у кириб келади. Ўшанда фарзандимг ҳар томонлама ёрдам бераман. Унга ўзим босиб ўтган йўлни раво кўрмайман, лекин ўзи шуни истаса, қўллайман.

— Эндигина спортга қадам қўяётган қизларга нима тилаган бўлардингиз?
— Асосийси — меҳнаткашлик. Мендан «Қачондир Ўзбекистонда иккинчи Ирода Тўлаганова пайдо бўладими?» деб сўрашади. Балки бўлар, чунки теннисда истеъдоли қизлар кўп, аммо... Бунинг учун кўп нарсалар бир нуқтада жамланиши керак: боланинг истаги, ота-онанинг кўмаги ва қатъияти, ҳомийлар ва малакали мураббийлар. Шундагина катта муваффақиятга эришиши мумкин.
Сурия МАГДЕЕВА суҳбатлашди.






