1

Янги фармон: Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизими тубдан такомиллаштирилади

СИЁСАТ 25.01.2018, 11:17
Янги фармон: Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизими тубдан такомиллаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ривожланишини таҳлил қилиш натижалари тизимнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини ва туб ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатган. Хусусан:

биринчидан, касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлаштирилганлиги, айниқса, ҳудудларда транспорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаганлиги ҳамда об-ҳаво шароитлари туфайли ўқувчиларнинг вақти-вақти билан оммавий равишда дарс машғулотларини қолдиришларига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини шакллантиришнинг мавжуд амалиёти касб-ҳунар коллежлари таълим йўналишларига жавоб бермайдиган ўқув устахоналари ташкил этилишига, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан етарли даражада таъминланмаслигига олиб келди. Касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник жиҳозланишининг ўртача даражаси бугунги кунда атиги 56 фоизни ташкил этади, 31 та касб-ҳунар коллежида ўқув устахоналари умуман мавжуд эмас;

учинчидан, етарли даражада молиялаштирилмаганлиги натижасида касб-ҳунар таълими тизими учун зарур бўлган кўплаб дарсликлар ва ўқув қўлланмалари нашр этилмади, дарсликларнинг 50 фоизи рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинмаган, амалдаги дарсликлар бирор марта янгиланмаган;

тўртинчидан, касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш тизими ҳудудлардаги иқтисодий тармоқларнинг реал эҳтиёжларидан ортда қолганлиги, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари учун белгиланган қабул квоталарида меҳнат бозори конъюнктурасива ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш имкониятлари ҳисобга олинмаслиги битирувчиларни ишга жойлаштиришда қийинчилик туғдирмоқда;

бешинчидан, касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд ўқув жараёнини ташкил этишнинг ҳозирги ҳолати, қўлланилаётган ўқув-норматив ҳужжатлар ҳамда ўқитиш муддатлари касбларнинг мураккаблик даражасига жавоб бермайди, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишдаги камчиликлар олинаётган билим даражаси тушиб кетишига ва тегишли равишда қатор таълим йўналишлари бўйича битирувчиларга бўлган эҳтиёжнинг пасайишига олиб келади ва натижада ўқишни тамомлагандан кейин иш жойларида уларни қўшимча ўқитиш заруратини келтириб чиқармоқда;

олтинчидан, аҳоли турли тоифаларини “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи бўйича касбга тайёрлаш тизимининг етарли ривожланмаганлиги аксарият катта ёшли аҳоли, шунингдек, ишсиз ёшлар ва ногирон шахсларнинг меҳнат бозорида кераксиз бўлиб қолишига олиб келмоқда;

еттинчидан, касб-ҳунар коллежларида ўқув жараёнини ташкил этишга ва ўқувчиларни интеллектуал, маънавий-маърифий тарбиялашга юзаки ёндашиш, уларнинг бўш вақтларини банд этишнинг самарасиз механизми ўқувчилар томонидан содир этилган хуқуқбузарлик ва жиноий қилмишлар сони ортишига, уларнинг ўқишга қизиқиши ҳамда давоматнинг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1