АсосийJinoyat

Ичкилик жиноятга сабаб бўлди

'Ичкилик жиноятга сабаб бўлди 'ning rasmi

Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш соғлиқ учун зарар. Меъёридан ортиқ ичкилик ҳар қандай инсонни ақлидан айиради. Бунинг натижасида жиноят кўчасига кириб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Жиноятлар таҳлилига назар ташланса, айнан ичкилик оқибатида содир этилган жиноятларнинг аксариятида айбланувчи воқеа пайтида ўз хатти-ҳаракатини билмайди.

2017 йилнинг 19 ноябрида А.И. туғилган кунини нишонлаш мақсадида дўсти Д. билан кўришади. Икковлон Олмазор туманидаги Тансиқбоев даҳасида жойлашган бозорчада 0,5 литр ароқ билан улфатчилик қилишади. “Яримта” билан кўнгиллари жойига тушмайди, шекилли, Келес туманида яшовчи дўстлари Р.нинг уйига боришади. У ерда икки литрга яқин ароқ ичишади. Натижада А.И. ўзини билмас даражада маст бўлиб қолади.

У уйига қайтаётиб, бозор ёнида очиқ ҳолда қолдирилган "Дамас" русумли автомашинани уй калитлари ёрдамида ўт олдиради ва маст ҳолда уйи томонга ҳайдайди. Автомашина эгаси бозордан чиқиб, машинаси йўқлигини билади ва дарҳол ички ишлар идорасига хабар беради. Олмазор туман ИИБ ўтказган тезкор тадбир натижасида А.И. уйи томон ҳаракатланаётганда қўлга олинади. Эртаси куни бу ҳақда А.И.дан сўралганда, ҳеч нарсани эслай олмаслигини айтади.

А.И. “Ҳасанбой ота нон” масъулияти чекланган жамиятида транспорт бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Судланувчининг кўрсатмасига кўра, ўша куни "Дамас" автомашинасини корхонанинг автомобилига адаштирган. Яъни "Дамас"ни қўл остидаги ходимларининг автомашинасига ўхшатган ва ҳайдаб кетган.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани Гуручариқ маҳалласи биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида мазкур жиноят иши ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Судланувчи қилган жиноятига иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди, суддан енгиллик беришни сўради.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди А.И.га нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Фарзандининг қилмишидан ота-она қон йиғлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, инсонни фақат жазолаш эмас, жиноий ҳолатларни туғдирадиган сабаб ва омилларни ҳаётимиздан бартараф этишимиз керак. Ота-онада нима айб, ахир улар фарзандини жиноятчи бўлсин деб вояга етказмайди-ку! Агар айбланувчи озодликдан маҳрум этилса, фарзандларининг ҳоли не кечади?

Суд мажлисида А.И. яшайдиган маҳалладан фаоллар иштирок этиб, унинг адашгани, билиб-билмай жиноятга қўл ургани, жиноятни қасддан қилмагани, бундан олдин жиноят содир этмагани, уни бу йўлдан қайтариш, қайта тарбиялаш мумкинлиги ва буни маҳалла фаоллари зиммасига олишини билдирди.

Судда жабрланувчининг маҳкумга нисбатан даъвоси йўқлиги, айбдор қилмишидан астойдил пушаймон эканлиги, шунингдек, яшайдиган маҳалласи фаолларининг кафиллиги, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда, А.И.га нисбатан икки йил синов муддати тайинланиб, у суд залида қамоқдан озод қилинди.

– Бу жиноятни ичкиликнинг оқибатида билмай қилиб қўйдим, – дейди А.И. – Қилмишимдан мингдан-минг пушаймонман. Оилам, маҳалла-кўй олдида уятга қолдим. Энди спиртли ичимлик истеъмол қилмайман. Шуни билдимки, ичкилик инсонни тўғри йўлдан адаштираркан.

Нурилло Насриев, ЎзА

    Бошқа янгиликлар