Ҳайдовчилик гувоҳномасини текширувчи янги қурилма яратилди

HI-TECH 22.02.2018, 12:07
Ҳайдовчилик гувоҳномасини текширувчи янги қурилма яратилди

Пойтахтимиздаги “Яшнобод” инновация технопарки резиденти бўлган “My Air Group IT Service” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан яна бир инновацион ишланма яратилди, деб ёзади "Халқ сўзи" нашри. Бу ҳайдовчилик гувоҳномаларини текширишнинг автоматлаштирилган тизимидир.

Айни пайтда амалиётга татбиқ этишга тайёр ушбу лойиҳанинг афзалликлари нимада?
— У мамлакатимиз ички ишлар идоралари, хусусан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятида қўл келади, — дейди “My Air Group IT Service” компанияси савдо ишлари бўйича директор Саидазиз Мирзаев. — Мазкур тизимни амалга ошириш учун кўп функцияли назорат касса машинаси (КНКМ) “АСА” қурилмасидан фойдаланилади. Яъни бу қурилма камера орқали ходимнинг ҳайдовчи билан мулоқотини видеотасмага ёзиб олиш имконини беради.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автомобилни тўхтатиб, КНКМ “АСА” қурилмасидаги “Ҳужжатларни текшириш” тугмасини босади. Шунда ушбу қурилма автоматик тарзда камерани ишга туширади.

Бундан ташқари, ускуна ЙҲХ ходимининг транспорт воситасини тўхтатган вақтдан бошлаб, автомобиль эгаси билан мулоқотини узлуксиз равишда ёзади. Бу эса хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ёки ҳайдовчи билан қўпол муомалада бўлиш каби келишмовчиликларга чек қўяди. Буюртмачининг хоҳишига кўра, ёзув автоматлаштирилган режимда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида жойлашган серверга узатилиши ҳам мумкин.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси “АСА” қурилмасининг тегишли нуқтасига яқинлаштирилса, онлайн тарзда сервер билан синхронлашув рўй беради ва экранда ҳайдовчи ҳақидаги маълумот акс этади. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларига доир рўйхат (агар улар мавжуд бўлса) кўринади ҳамда интизомнинг бузилиши ҳақидаги ахборот ифодаланган чек чиқариб беради.

Эътиборлиси, ушбу қурилма орқали жаримани шу жойнинг ўзида тўлашингиз мумкин. Бунинг учун NFC (контактсиз транзакция) ҳуқуқларини текширишдан сўнг, тегишли интизом бузилиши бўлими танланиб, сўнг “Жаримани тўлаш” тугмаси босилади.

КНКМ “АСА” барча турдаги тўлов манбалари, яъни пластик карточкалар, нақд пул, мобиль иловаларни қабул қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1