Ўзбекистонда энди яроқсиз ҳолга келган давлат рақамини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали масофадан туриб алмаштириш мумкин.
Қайд этилишича, янги хизмат орқали фуқаролар давлат рақамини янгилаш учун давлат идораларида навбат кутиб ўтирмайди. Бунинг учун my.gov.uz порталига кириб, “Шикаст етган автотранспорт воситасининг давлат рақами белгисини тиклаш” хизматини танлаш ва аризани тўлдириш етарли. Ариза топширишда шикастланган давлат рақами фотосуратини илова қилиш талаб этилади.
Тўлов амалга оширилгач, фуқаро кўрсатилган ҳудудий бўлинмага бориб, эски давлат рақамини топширади ва янгисини олади. Хизмат нархи базавий ҳисоблаш миқдорига асосланган бўлиб, бир жуфт рақам учун 1 854 000 сўм, битта рақам учун эса 927 000 сўм этиб белгиланган.






