2018 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Вазирлар 27 март куни ниҳоясига етган Тошкент форуми натижалари юзасидан фикр алмашдилар.
Қирғизистон ТИВ раҳбари таъкидлаганидек, конференциянинг муваффақиятли якунланиши Афғонистон можаросининг тезда ҳал этилиши учун конструктив асос яратди.
Суҳбат чоғида икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунига кўра Абдулазиз Комилов ва Эрлан Абдилдаев томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.