1

Ноннинг увоғи ҳам нон, бироқ...

САЛОМАТЛИК 14.06.2014, 10:25
Ноннинг увоғи ҳам нон, бироқ...

Қадим замонлардан бери нон инсониятнинг асосий ризқ-рўзи, хусусан халқимиз учун дастурхлон кўрки  бўлиб келаётир. Тандир тафтини олиб пишган сўлқилдоқ нондан ҳам хушбўй, лазатлироқ неъмат топилмаса керак.

Минг афсуски, дастурхонимизга етиб келаётган ноннинг сифати ҳар доим ҳам бизни қувонтиравермайди. Бу нохуш ҳолатнинг сабабини аниқлаш учун “Тошкент-нон” ассоциацияси раиси Мақсуд Қосимовни суҳбатга тортдик.  

Фойдаси нимада?

Нон углевод манбаларидан бири бўлиб, таркибида кўп миқдорда В гуруҳи витаминлари мавжуд. У оқсилга бўлган эҳтиёжимизнинг учдан бир қисмини, калий эҳтиёжининг чорак қисмини, темир эҳтиёжининг тенг ярмини қондира олади. Жисмоний меҳнат билан шуғулланмайдиган катта ёшдаги одамнинг нон истеъмол қилиш меъёри кунига тахминан 300-350 граммни ташкил этади. Бироқ инсоннинг ёши, фаолият тури, тана вазни, вужудининг ўзига хосликлари, овқатланиш рационига кирувчи бошқа озиқ-овқатларнинг миқдори ва таркибига боғлиқ ҳолда бу миқдор ўзгариши мумкин.

Кафолатланган сифатни талаб қилинг

Бизнинг корхоналаримизда асосан 1 навли вазни 600 грамм (±3%) ва қатъий нархи 600 сўм деб белгиланган қолипда пиширилган нонлар ишлаб чиқарилади. Бу нон Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган технологик қўлланмалар асосида тайёрланади.  Нон ишлаб чиқарувчи ноннинг тандирдан чиқарилганидан кейинги 24 соатдан ошиқ бўлмаган вақт мобайнида сифатли бўлишини кафолатлайди, бу корхонанинг савдо тармоқларида реализация қилиш счет-фактураларида кўрсатилган. 

Таркиби қандай?

Ишлаб чиқарилувчи маҳсулотнинг қуйидаги таркиби тасдиқланган:

● 1 навли ун — 100 кг;

● йодланган туз — 1,3 кг;

● прессланган хамиртуруш — 1,0 кг;

● сув уннинг намлилигига боғлиқ ҳолда олинади.

Ёзги қўшимча

Иссиқ даврда нон ёпиш учун  нон таёқчаларининг кўпайишидан сақланиш керак бўлади. Бунинг учун  ошиқча кислоталиликка эга бўлган ачитқидан фойдаланилади. Хамир ошишини тезлаштириш ва шу билан зарарли таёқчаларни йўқотиш учун бир оз сирка кислотаси ҳам солинади.

Биласизми?

Картошка таёқчаси — ёзда энг кенг тарқаладиган нон “касаллари”нинг биридир. Унинг споралари 100°Сдан юқори ҳароратга ҳам бардош беради ва иссиқ ва нам жойда тез кўпаяди. Даставвал нондан валериана томчилари ёки мевалар эссенциясининг ҳидини эслатувчи енгил ҳид таралади.  Бора-бора бу ҳид кучайиб, бадбўйлашади. Бу жараён давомида нон мағзи қорайиб, нам ва ёпишқоқ бўлиб боради, ноннинг таранглиги йўқолиб, синдирганда  чўзилувчан иплар кўринади.  Бундай нон истеъмол учун яроқсиздир.

Бу таёқчалар қандай пайдо бўлади?

Бактериялар ун ичига асосан йиғим-терим пайтида “зарарланган” буғдойни майдалаш пайтида тушиб қолади. Шу сабабли ун доимо қайсидир даражада ушбу таёқчалар билан “касалланган” бўлади. Буғдой тегирмонларга олиб келинган вақтда таёқчаларни йўқотиш чоралари амалга оширилади, аммо уларни юз фоиз йўқотишнинг иложи йўқ. Ҳар сафар ун олиб келинганида, унинг сифати технологларимиз томонидан текширилади. Барча корхоналаримизда мавжуд бўлган махсус лабораторияларда ҳар куни ноннинг ушбу таёқчалар билан зарарланганлиги текшириб турилади.

Даракчи маълумотномаси

Бугунги кунда “Тошкент-нон” нон ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 50 та корхонани бирлаштирган. Улар автомат тарзда бошқариладиган замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бунинг шарофати ила йилдан-йилга ишлаб чиқариш кўлами ошмоқда. Айни вақтда кунига 400 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Корхоналарда 40 турдан ортиқ нон ва нон маҳсулотлари тайёрланмоқда.

“Касаллик”дан қандай ҳимоя қилиш керак?

Бу борада нонни реализация қилувчи корхонага кўп нарса боғлиқ. Улар нонни сақлаш, ҳаво ҳарорати ва бошқа шартларга амал қилишлари лозим. Нон касалланмаслиги учун полиэтилен ёки целлофан билан унинг устини ёпмаслик керак. Нон нафас олиши керак, шунинг учун уни токчаларга уюб тахлаб ташламаслик лозим. Хонадаги ҳавонинг нисбий намлиги 75 фоиздан ошмаслиги керак. Нон тахланадиган токчалар тахтадан ясалган бўлиши керак, чунки тахта намликни шимиб олади.

Нонни авайланг!

Уйда ҳам нонни сақлаш қоидаларига амал қилиш керак. Ҳозир кўпчилик нонни целлофан халталарда сақлайди, бу асло мумкин эмас. Айниқса, иссиқ пайтда…

Нон нафас олишини унутманг, шу туфайли ҳам уни пластик ёки шиша нондонларга солиб қўйманг. Нонни ёғочдан ясалган нон идишларида сақлаш мақсадга мувофиқ.

Ноннинг картошка таёқчаси билан зарарланиши юз бергудек бўлса, уни сақлаш жойлари дезинфекцияланиши шарт. Нон идишини яхшилаб ювинг, артиб қуритинг ва сирка кислотасининг сувдаги эритмаси билан ишлов беринг.

Сифати қандай аниқланади

Яхши нон ташқи кўриниши, мағзининг ҳолати, таъми, ҳиди, намлиги, кислоталилиги, ғовакдорлигига қараб ёмон сифатли нондан фарқланади.  Сифатли нон тўғри шаклга эга, сиртида ёриқ ва синиқлар йўқ, сирти мағзига зич ёпишган бўлади. Ноннинг мағзи эса яхши пишган, таранг, бўшлиқлари йўқ, уваланмайдиган, қўлга ёпишмайдиган, бир меъёрда ғовакли, енгил босилганидан кейин яна ўз шаклига қайтадиган бўлади.

Хавфдан ҳоли эмас!

Баъзи виждонсиз ишлаб чиқарувчилар сифатли нон тайёрлаш учун яроқсиз бўлган клейковинаси паст ундан нон ёпиб, ўз қилмишларини яшириш ва сақланиш муддатини ошириш учун унга нон кўринишини яхшиловчи махсус модда қўшадилар.

Баъзан, хамир ошишини тезлаштириш мақсадида унга пирофосфатлар, аммоний карбонати, глюконат кислота каби  кабонат кислота ажралиб чиқишини кучайтирувчи кимёвий юмшатгичлар қўшадилар (бу таркибий қисмлар ёрлиқда кўрсатилади ҳам). Юмшатгичлар қўшилганида, хамирни оширмасдан ҳам фойдаланиш мумкин. Турган гапки, бундай нон чиройли бўлади, аммо таъми ва ҳиди бўлмайди.  Бунақанги қўшимчалар қўшилганини аниқлаш учун нон ҳидланса кифоя,  унинг табиий ҳиди бўлмайди.

Ноннинг сақланиш муддатини узайтириш учун хамирга консервантлар ҳам қўшилади. Агар нон ва нон маҳсулотлари 24 соатдан ошиқроқ айнимай турса, уларга консервантлар қўшилганлиги эҳтимоли бор. 

Мутаҳассис шарҳи

Омонқул Бойқулов, Республика Санэпидназорати овқатланиш гигиенаси бўлими мудири:

● нон ишлаб чиқарувчилар ва реализация қилувчилар нонни ташиш, сақлаш ва реализация қилишга оид барча қоида ва меъёрларга амал қилишлари лозим;

● нонни сотиш ва реализация қилиш ишлари нон билан савдо қилиш қоидалари ва меъёрларига мувофиқ жиҳозланган жойларда амалга оширилиши, яъни нон ёғочдан ясалган токчаларга тахланиши керак. Нон тахланадиган токчаларга бошқа молларнинг қўйилиши мумкин эмас.

● ҳар куни нон маҳсулотлари сотилганидан сўнг дўкон ходимлари тозалаш ишларини бажаришлари лозим.  Апрель ойидан то октябргача бўлган вақтларда токчалар (жуда бўлмаганда ҳафтада бир марта) кучсиз уксус эритмаси ёки бошқа дезинфекцияловчи эритма билан артилиши лозим.

● нонларни автомобиль кузовида ёки юкхонасида ташиш мумкин эмас. Нон сотув жойига фақат махсус жиҳозланган транспортда етказилиши шарт.

● истеъмолчи қонунга мувофиқ ўзи сотиб олаётган нон қайси корхонада тайёрланганини, тайёрланиш санасини, маҳсулот таркиби ва бошқа маълумотларни билишга ҳақли.

Истеъмолчилар фикри

Алена Евстафьева, уй бекаси, 35 ёш, Тошкент:

— Мен айни вақтда 600 сўмдан сотилаётган 1-навли нонларнинг сифатидан норозиман. Бир неча марта сотиб олган “буханка” нонларимнинг ичидан оқ гувалачалар чиқди. Баъзан эрталаб нон сотиб олсам, у кечгача айниб, ёпишқоқ бўлиб қолади, бадбўй ҳидини-ку, асти гапирмай! Шу сабабли,  кейинги пайтда ёпган нон ва четдан келтирилган оқ нонларни сотиб оляпман. Улар анча қиммат бўлса-да, ҳар ҳолда нонни мазза қилиб ейман.

Расул Маҳсудов, пенсионер, 68 ёш, Тошкент шаҳри:

— Доим бир дўкондан кулранг нон сотиб оламан, унинг сифати ва арзонлиги менга ёқади. Фақат бу дўконда нон тез сотилиб кетади, кечга томон умуман қолмайди. Бир сафар бошқа дўкондан худди шунақанги нон сотиб олгандим, аммо таъмидан қониқмадим. Яна ўша ўзим билган дўкондан нон сотиб ола бошладим. Дуч келган нонни егандан кўра, сал вақтлироқ дўконга чиққаним маъқул, деган қарорга келдим.

Агар истеъмолчининг нонни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ёки сотиш борасида эътирозлари бўлса, у Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш жамиятлари федерациясининг қуйидаги  “ишонч телефони”га қўнғироқ қилишга ҳақли: 259-22-12

САОДАТ тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1