АсосийSalomatlik

Астма – бир умрлик ташхис эмас!

'Астма – бир умрлик ташхис эмас!'ning rasmi

Бронхиал астма – бронхларнинг аллергик ёки инфекцион сабабларга кўра яллиғланиши касаллиги ҳисобланади. Сурункали хасталик потогенезида бронх шиллиқ қаватларининг шишиши, бронхлар шиллиқ ишлаб чиқаришининг кучайиши ва бронх деворларининг торайиши каби ҳолатларни кўриш мумкин. Касаллик ўз вақтида муолажа қилинмаса, астма хуружлари келиб чиқади. Хўш, бронхлар яллиғланишидан қандай ҳимояланиш мумкин? Бугун шу ҳақида.

Мутахассис: Фотима Юлдашева, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор

АТРОФИМИЗ ТЎЛА АЛЛЕРГЕНЛАР?!

Бронхиал астма юзага келишининг асосий сабабларидан бири аллергенлар ҳисобланади. Аллергенлар тўрт асосий гуруҳга бўлинади, булар: озиқ – овқат, уй - рўзғор (уй чанги канаси, у асосан пар ёстиқлар, юмшоқ кўрпачалар, хуллас чанг йиғиладиган барча анжомларда “яшайди”), эпидермал аллергенлар (уй ҳайвонларининг юнги ва уларнинг ҳаёт фаолияти жараёнидаги маҳсулотлари), ўсимлик аллергенлари (ўтлар, буталар, дарахт гуллари чанглари) дир.

Совуқ ҳаво, вирусли инфекция, жисмоний зўриқиш, руҳий тушкунлик, ўткир ҳидлар – булар аллерген ҳисобланмайди. Аммо шундай бўлса-да, улар астма ҳуружини келтириб чиқариши мумкин.

Бронхиал астма билан оғриган беморда сезгирлик кучли бўлади. Ҳатто оддий кўринган кир ювиш кукунидан фойдаланиш ҳам астма хуружининг келиб чиқиши учун етарли асос бўлади.

Хасталик келиб чиқиш сабаблари орасида наслий мойиллик ҳам бор. Хусусан, атопик, яъни аллергик бронхиал астмада ирсий омиллар биринчи ўринда туради. Ота-онанинг бирида астма мавжуд бўлса, туғилажак фарзандда хасталикнинг эҳтимолий даражаси 20-30 фоизни ташкил этади. Борди-ю, ота-онанинг иккиси ҳам астма билан касалланган бўлса, насл суриш эҳтимоли 75 фоизни кўрсатади.

“НАФАС ОЛИШГА ҚИЙНАЛЯПМАН...”

Одатда, бронхиал астмага чалинган бемор нафас сиқилиши, ҳуштаксимон тарзда нафас олиш, кўкрак устида оғирлик, йўталдан безовта бўлади. Бронх йўллари шишади ва бронхлар шиллиқ қавати (ички қисми) шишиши туфайли нафас оғирлашади. Касаллик мавсум ўзгаришларида айниқса авж олади. Хусусан, аллергенлар таъсири фаоллашган баҳор ва куз ойларида астма хуружлари кўпаяди.

Бронхиал астмада бемор нафас чиқаришга қийналади. Хуруж йўтал тутиши билан биргаликда келиб, бронхлар ички юзасини қоплаб турган балғам чиқариб ташлангач, бемор аҳволи енгиллашиши мумкин. Касаллик хуружида ўпка альвеолаларида газлар алмашинуви кескин сусаяди. Бу эса организмнинг кучсизланиши ва тахикардия (юрак тез уриб кетиши) ни келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Шуни унутмангки, жисмоний зўриқиш, совуқ ҳаво, инфекцияли касалликлар касаллик зўрайишига олиб келувчи омиллар саналади.

“БОЛАЖОНИМ БРОНХИТ БЎЛДИ...”

Сунъий овқатлантириш, ирсий мойиллик, онанинг нотўғри таомланиши ёки боладаги юқори нафас йўлларининг сурункали аллергик касалланиши – гўдакларда бронхиал астмани келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, диатез, қулоқ орқаси терисининг бичилиши – чақалоқда аллергияга мойиллик мавжудлигини англатиши мумкин.

Бир ёшдан ошган болаларда эса замбуруғлар ёхуд атроф-муҳитдаги аллергенлар таъсирида касаллик аломатлари пайдо бўлади. Аллергик реакцияга сезгир болалар одатда бурун битиши, томоқ қичишиши (йўтал), аксириш ва бурундан рангсиз ажралма келишидан безовта бўлишади. Бу боладаги аллергик касалликлар белгиси бўлиши мумкин. Агар ота-она фарзандидаги ўзгаришларга диққат қилса, астманинг олдини олиш мумкин. Борди-ю, йўтал хуружлари фаоллашиб, тунда ҳам кузатилса, аллерголог шифокор кўриги шарт.

ҚАНДАЙ ТЕКШИРУВЛАР ЎТКАЗИЛАДИ?

Шифокор касалликка ташхис қўйишда, бемор билан суҳбатлашиб анамнез йиғади. Оила аъзоларида аллергия бор-йўқлиги, меҳнат фаолияти тури, сурункали касалликлар – барчаси тўлиқ ўрганилади. Мутахассис бурун ва ўпка рентгенини ўтказиши мумкин. Шунингдек, ташқи нафас функциясини аниқлашга доир текширув ҳам бажарилади. Тиббий хулоса хасталикка аниқ ташхис қўйиш ҳамда керакли даво чораларини белгилаш учун хизмат қилади.

ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН!

Биринчи навбатда аллергенлар миқдорини камайтириш ёки имкон қадар улар билан
“учрашиб” қолишдан эҳтиёт бўлиш керак. Уй шароитида ҳар куни ҳўл латта билан чанг артиш, хонани шамоллатиш, ўзида чанг йиғувчи жиҳозлар (юмшоқ мебель, гилам) ни хонадан чиқариб ташлаш, китоб сақланадиган жовонларни ойна билан тўсиш лозим. Супуриш, чанг артиш каби юмушлар астма билан хасталанган кишилар учун тавсия этилмайди. Мабодо бунинг иложи бўлмаса, ниқоб билан нафас йўллари тўсилиши даркор. Уй тозалашда замонавий, сув буғида ишлайдиган чангютгичлардан фойдаланган маъқул.

Уй ҳайвонлари юнги, қазғоғига аллергия кузатилганида, жониворларни хонадонда сақламаслик тавсия этилади. Бронхиал астмани келтириб чиқарувчи аллергенлар тури вақт ўтиши билан кенгайиб боради. Мисол учун, ҳайвон юнгига аллергияси бор беморда кейинчалик уй чангига аллергия пайдо бўлиши мумкин. Ёки аксинча.

Ўсимлик чангларига аллергия мавжуд бўлган ҳолларда ўсимликларнинг гуллаш даврини билиб қўйган маъқул.

Озиқ-овқат маҳсулотларига аллергия кузатилганида эса асосий шарт – парҳезга риоя этишдир. Шу билан бирга ошқозон – ичак тизими касалликларини ўз вақтида даволаш, дисбактериозга йўл қўймаслик лозим.

Астма касали бўлган бемор ҳамиша аллергенлар қуршовида бўлади. Оддий мисол – уй чангидан бутунлай халос бўлиш имконсиз. Шу боис бемор бронхларини ҳимоя қила билиши керак. Бунинг учун юқори самарали махсус дорилар ишлаб чиқилган бўлиб, улар бронх деворлари яллиғланишини пасайтириб туради.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар