1

Reuters: "Шавкат Мирзиёев жойлардаги асл вазиятни чуқур билади"

СИЁСАТ 24.04.2018, 16:43
Reuters: "Шавкат Мирзиёев жойлардаги асл вазиятни чуқур билади"

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий соҳа ходимларининг жамоат ишларига мажбурий жалб этилиши, бу борада айрим маҳаллий раҳбарлар йўл қўйган қонунбузарлик ҳолатлари ҳамда кўзбўямачиликларга нисбатан билдирган жиддий танқиди хорижий оммавий ахборот воситаларида ўз акс-садосини бермоқда.

Хусусан, “Regnum” ахборот агентлиги (Россия) қайд этганидек, жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон Президенти Сирдарё вилояти Сайҳунобод тумани ҳокимияти ва кенг жамоатчилиги вакиллари билан учрашди. “Бўлиб ўтган мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти фаоллари билан йиғилишда вилоятларга сафарлар олдидан давлат хизматчилари томонидан кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини кескин танқид қилди”, дея хабар беради агентлик.

Шавкат Мирзиёевнинг узоқ йиллар Бош вазир лавозимида ишлагани ҳамда жойлардаги асл вазиятни чуқур билишини эътироф этар экан, “Reuters” агентлиги (Буюк Британия) Ўзбекистон раҳбарининг мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни бошлаб юборганига юқори баҳо беради.

Британиялик журналистлар Ўзбекистон раҳбари ҳудудлардаги “кўзбўямачилик” ҳолатларини таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган чораларни ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди. “Фуқаролар мажбурий равишда ободонлаштириш ишларига жалб қилишга йўл қўйган амалдорлар, керак бўлса, жиноий жавобгарликка тортилади”, деб ёзади агентлик ўз материалида.

Ўқувчилар сони бўйича Қирғизистонда етакчи ўринда турувчи “24.kg” ахборот агентлиги тарқатган материалда Ўзбекистон Президенти Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диана Еникеева жамоат ишларига жалб этилган вақтда машина уриб кетиши оқибатида вафот этганини қанчалик куйиниб гапиргани хабар қилинади. Шавкат Мирзиёевнинг бу каби ҳолатлар республикада юритилаётган сиёсатга хиёнат экани, маҳаллий раҳбарларнинг бундай нотўғри хатти-ҳаракатлари ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳақидаги сўзлари мақолада алоҳида ажратиб кўрсатилади.

Тожикистоннинг нуфузли “ASIA-Plus” медиа-гуруҳи веб-сайтида жойлаштирилган мақолада эса Ўзбекистонда юқоридаги каби ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизм яратиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. “Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ишлаб чиқилиши кутилмоқда”, деб ёзади тожикистонлик журналистлар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1