1

АҚШлик Сара Логан: Ўзбекистонда ислоҳотлар тезкорлигига гувоҳ бўлдим

СИЁСАТ 26.04.2018, 11:41
АҚШлик Сара Логан: Ўзбекистонда ислоҳотлар тезкорлигига гувоҳ бўлдим

Мамлакатимизда миллий электрон судлов ахборот тизими яратилган бўлиб, фуқаролар судларга интернет орқали мурожаат қилмоқда.

Бунга имкон яратган E-Sud тизими орқали суд жараёнларининг бориши ҳақида хабардор бўлиб туриш ҳамда чиқарилган суд ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиб олиш имконияти ҳам мавжуд.

Мамлакатимизга ташриф буюрган АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг қонун устуворлиги масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Сара Логан E-Sud имкониятлари билан танишиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани судига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров меҳмонни E-Sud тизимининг ишлаш жараёни, аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши билан таништирди.

Мулоқот давомида меҳмонга Ўзбекистон суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

E-Sud ахборот тизими мамлакатимизнинг барча фуқаролик ишлари бўйича судларида жорий этилган. Тизимни бошқа ахборот тизимлари билан интеграциялаштириш ва фуқароларга янги интерфаол хизматларни яратиш борасида амалий ишлар давом эттирилмоқда.

2018 йилнинг биринчи чорагида фуқаролик ишлари бўйича судларга E-Sud тизими орқали жами 204 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Шулардан 128 мингга яқини суд буйруғи бериш тўғрисидаги, 76 мингдан зиёди эса даъво тартибида ҳал қилинадиган даъво аризаларидан иборат.

Электрон судлов фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тезкорлигини оширди. Тизим тарафларнинг оворагарчилиги, турли сансоларликлар, ортиқча қоғозбозлик ва бошқа сарф-харажатларга чек қўймоқда.

Мулоқот якунида Сара Логан Ўзбекистонда ислоҳотлар тезкорлигига гувоҳ бўлганини билдирди. Қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг судга мурожаат қилиши учун қулайликлар яратилаётгани эътиборга лойиқ эканини қайд этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1