АсосийJamiyat

Ўқувчилар учун янги мактаб формаси яратилади

'Ўқувчилар учун янги мактаб формаси яратилади'ning rasmi

2018/2019 ўқув йили ўзгача бошланиши кутилмоқда. Янги ўқув йилидан барча ўқувчилар учун ягона мактаб формаси жорий этилади.

Халқаро пресс-клуб сессиясида бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Ота-оналар, уларнинг фарзандлари ва ўқитувчилар хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ягона мактаб формасини яратиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилган эди. Ўтган вақт мобайнида бу борада аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан соҳа мутахассислари ва етакчи дизайнерларни жалб этган ҳолда мактаб ўқувчилари формаларининг намуналари яратилди. Янги намунадаги формалар ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Кўпчилик фикрига кўра, энг мақбул топилган 10 турдаги мактаб формаси тажриба-синовдан ўтказишга қўйилди.

Синов жараёни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 91-умутаълим ва Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 4-умумтаълим мактабида давом этмоқда. Жараённи сифатли ташкил этиш мақсадида ота-оналар учун сўровнома тарқатилган. Яқин кунларда тажриба-синовдаги формаларнинг қайси бири мақбул экани ушбу сўровномаларда билдирилган фикрлар орқали аниқланади.

Мутахассислар фикрича, мактаб формаси нафақат, ташқи кўриниши, бола организмига таъсири, сифати, балки ёш авлодда ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи восита ҳамдир. Шу боис формаларни танлашда уларнинг ранги, табиий хусусияти ва ихчам дизайнига ҳам эътибор қаратилди.

Мактаб формаси 3 ёш гуруҳига бўлинган ҳолда танланиши кўзда тутилмоқда. 1-4, 5-8 ва 9-11 синф ўқувчилари учун алоҳида-алоҳида формалар яратилган.

Тадбирда иштирок этган ота-оналар тажриба-синовдаги формалар барчага манзур эканини таъкидлади. Уларнинг сифати яхшилиги, материали 100 фоиз пахта хомашёсидан экани ҳам мақсадга мувофиқ.

Сўровномалар ва жамоатчилик якуний хулосасига таянган ҳолда танланган мактаб формаларини барча мактабларга етказиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, формаларни тикиш жараёнига чекка туман ва қишлоқлардаги тикувчилик цехлари жалб этилади.

Кўп фарзандли ота-оналарнинг мактаб формаларни харид қилиши учун қисқа муддатли кредитлар ажратилиши йўлга қўйилмоқда. Мактаб формаси нархларининг ижтимоий оммабоп бўлиши таъминланади.

    Бошқа янгиликлар