1

"Тўрт девор ичида"ги нолалар

МУТОЛАА 24.08.2018, 17:43
"Тўрт девор ичида"ги нолалар

Оиласидаги носоғлом муҳит туфайли оғир аҳволда қолган аёлларни кўп кўрганмиз. Собиқ қайнона томонидан қасддан беватанга айлантирилган, бир неча йиллар олдин сотилиб кетган, ҳозирги кунда оиласига тегишли бўлмаган манзилда рўйхатда турувчи Собира Раззоқова ҳам тўрт нафар фарзанди билан оғир аҳволда, сарсон-саргардон ҳолда кун кечирмоқда.

– ТошМИдаги ИТИ кардиология бўлимида лаборант вазифасида ишлаш билан бирга институтда олий ҳамширалик йўналишида ўқир эдим, – деб ёзади у. – 1985 йили Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани Қора-қамиш мавзеига келин бўлиб тушдим. Қайнона-қайнотам: “Келин уй юмушлари билан банд бўлади, ўқиш-ишлаш эса эркакларнинг иши”, деб ишлашимга ҳам, ўқишимга ҳам рухсат беришмади.
“Ўқиш-ишлаш эркакнинг иши”, деган қайнонам ўша йилиёқ келгусида давлат пенсиясига эга бўлиш мақсадида совхоз даласига ўзининг ўрнига мени ишга чиқара бошлади. Тошкент вилоятида участкамиз бор эди. Қишда пойтахтдаги уйимизда, ёзда эса вилоятдаги участкада яшаб, совхозда қайнонам ўрнига ишлаб юравердим.
1986 йил тўнғич фарзандим Мир­алишер дунёга келди. 1988 йил иккинчи фарзандим Шаҳрибону туғилди. Шу йили гўё бизнинг рўзғоримизни бўлак қилиб, ўз кунингни кўр, дея қишлаш учун дала ҳовлида қолдирдилар. Ўша кезлар қишлоғимизда газ таъминоти умуман йўқ эди! (1993 йил газ тармоғи тортилди) ичимлик сувини эса уч километр наридан ташиб келардик.

1992 йил ўғлим Мўмин туғилди. Врачлар таҳлилига кўра фарзандим бўйин соҳасида жисмоний ноқислик мавжуд бўлиб, унга уқалаш (массаж) муолажаси зарур эканлигини айтдилар. Аммо қайнонам мазкур муолажани олишга йўл қўймай, турмуш ўртоғимни менга қарши қайрай бошлади. Натижада оилавий тинчлигимиз бузилди ва арзимас баҳона билан эрим мени аёвсиз калтаклашни одат қилди.

1993 йил қайниларимни уйлантирдик. Кўпқаватли уйнинг битта квартирасида тўрт оила... Турмушимда зиддият кучайгандан кучайиб бораверди... Тўнғич фарзандим Миралишер мактаб ёшига етгач, шаҳардаги мактабга ўқишга бердик. Қишни қишлоқдаги уйда ўтказдик. Қайнонам эса “Ўғлинг Миралишерни ўзим тарбия қиламан”, деб фарзандимни ўзиники қилиб олди. (Бу тадбирдан кўзлаган мақсади ўғлимни менга нисбатан бегона қилиб тарбия­лаш бўлган экан). Шу тариқа тўнғич фарзандим ёзда биз билан, қишда эса бобо-бувисига дастёрлик қилиб вояга етди. Оқибат шу даражага етиб бордики, қайнонам фарзандимга менга салом беришни ҳам таъқиқлаб қўйди. Турмуш ўртоғим эса овозингни чиқарма, ўғил энди уларники, деб мени фарзандимга зор бўлиб яшашга мажбур қилар эди.

Ўғлим Миралишер бухгалтерия коллежини тугаллаб, Кейинги фарзандларим эса қишлоқ мактабида ўқидилар. Худо қайнона-қайнотамга уч ўғил, тўрт қиз фарзанд ато этган. Оилада фақат қизлар фарзанд ўрнида кўрилади. Ўғиллар уйлангач эса уларнинг оиласига кўрсатиладиган меҳрибончиликдан гўё келинлар ҳам манфаатдор бўлиб қолади, “нега бировнинг боласига меҳр кўрсатишим керак”, дегандек, келинларнинг текин кучидан фойдаланишарди-ю, ўзларини сира қадрлашмасди. Менинг оиламга кўрсатилганидек, зуғумлар овсинларим турмушига ҳам раҳна солиши натижасида улар ҳам оила бахти нима эканлигини билмай кун кўрдилар.
Турмуш ўртоғимдан кейин туғилган қайним Ғолибнинг аёли Гулнозахон 1995 йил “Бу хонадонга келин эмас, чўри лозим экан”, деб кўчини ортиб, ота-онасининг уйига жўнаб кетди. Кейин бошқа турмуш қуриб, бахтини топди.

Кейинги овсиним Зулфизархон ҳам андиша кучлилик қилиб, чидаб яшади, аммо эри билан ишлаб келиш мақсадида Россияга кетиб, 2012 йил Москвадан мурдаси келди. Бу орада қайнонамнинг ташаббуси билан келинлардан биронтаси эга чиқиб қолишининг олдини олиш мақсадида, биз келинлар тушган уй сотиб юборилган эди. (Мен ҳозирги кунга қадар ўша уйда рўйхатда тураман).

Менга гапирмасалар-да, 2012 йил онам менинг ташвишларимдан эзила-эзила оламни тарк этдилар. 2016 йилга келиб катта фарзандларим орқасидан икки қудалик бўлдим. Учинчи фарзандимга тинимсиз совчилар кела бошлаганида турмуш ўртоғим қўлига қарам бўлиб ўтирмай, ҳарна ёрдам бўлар, деган ниятда ёш болаларга пайпоқ, кўйлакчалар тўқиб сотдим. Кейинчалик бу ҳунарни қизларга ҳам ўргата бошладим. Мунтазам пастга энгашганча иш билан машғул бўлишим, совхоз ерларидаги оғир меҳнат таъсири, оиладаги нотинч-лик, доимий асабий вазият оқибатида ерга қарасам бошим қаттиқ оғрийдиган дардга чалиндим. Ўз дардим етмаганидек, менинг оила бюджетига қўшаётган уч-тўрт тангам қайнонамнинг феълини бузди, “Ҳали вақти келиб топган пулини миннат қилади”, деган тушунчани турмуш ўртоғим онгига шу даражада жойладики, жаҳлини боса олмаган эрим мени яна аёвсиз калтаклай бошлади.

Ур-сур авжига чиққан паллада бизларни ажратиш мақсадида кенжа қизим ўртага тушди. Отасидан еган калтаги оқибатида қизимнинг жигари қаттиқ эзилиб, шифокорлар жигар касалининг оғир кўриниши, деб ташхис қўйдилар. Ўзимнинг эса бурун тоғай суякларим қаттиқ эзилиб, йиринги миямга ўтиш хавфи борлиги шифокорлар томонидан аниқланди. Ўзим ва қизимни даволатиб юрган вақтимда ҳолимга биров ачинмади, аҳволинг нима, демади. Қўлингдан нима келади, дея қайнонамнинг боши осмонда эди.

Бу вақтда ота-онам уйида бўлдим. Фалокат бир келса қўшалоқлашиб келар экан. Шу даврга келиб отам бир тарафдан кексалик, иккинчи тарафдан менинг дардим билан бўлиб қаттиқ оғриб ётиб қолдилар. Шунга қарамай турмуш ўртоғим ҳолидан хабар олай, деб уйга борсам мушт кўтариб мени уйдан ҳайдаб соларди. 2016 йил менинг бахтсизлигим отамни ҳам бу дунёдан олиб кетди.

Қайнонамдаги бахиллик ва ҳасад шу даражада эдики, келинлардан биронтамиз қайнона-қайнота уйидан бошпаналик бўлмадик. Оиладаги ўғилларнинг бирортаси бахтли бўлолмади. Ҳозирги кунда катта қайним фарзанд кўролмай доғда, кичик қайним эса бедаво дардга йўлиққан. Ўзимнинг турмуш ўртоғим 2017 йил ота-онаси зулми жонидан ўтиб, дардини бировга айтмай, юрак хасталиги билан оламдан ўтди.

Шу кунга қадар асосан қишлоқдаги уйда яшаб келдим. Оилам яшаган уйга тегишли барча коммунал ва бошқа тўловларни турмуш ўртоғим тўлаб келган. Аммо мазкур уй-жой келинлардан эҳтиёт қилиш мақсадида на қайнонам, на қайнотам, на фарзандларидан биронтасининг номига расмийлаштирилган эмас.
Кейинроқ қайнотам оғир хасталаниб ётиб қолди. Кўргани борсам, ўзи бир аҳволда ётибди-ю, тағин: “агар уйдан кўчларингни олиб кетмасанг рози эмасман”, дедилар. Бу ҳолатда ҳам қайнонамнинг “хизмати” бор эди албатта. Қайнотамнинг гапини икки қилмай, бир қариндошимнинг уйига кўчиб ўтдим. Ҳозирги кунда, умрим ўтган уйда икки ўғлим яшамоқда.

Қайнонам беш вақт намозни канда қилмайдилар, аммо “режаси” ўша-ўша. Энди икки ўғлимни ҳам уйдан мосуво қилиб, уй-жойни қизлари номига расмийлаштириш ниятида юрибдилар. Аллоҳ умр­ларини узоқ қилсин. Мен икки ўғлимни уйлантириб, отасидан қолган уйда яшашини истаяпман”.

Собира Раззоқова узоқ йиллар давомида бу дардини кимга айтишни билмай келгани ҳақиқат. Аммо кейинги пайтда оғир ижтиомий аҳволда яшаётган хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор туфайли кўпчилик опа-сингилларимизнинг мушкули осон бўлаётганини эшитиб, ушбу мурожаатни ёзишга жазм этганини ийманибгина билдирди у.

“Оиласида зуғумга учраган аёлларнинг “тўрт девор ичидаги” нолаларини ҳам эшитадиганлар бор экан-ку”, дейди у кўзда ёш билан. Президентимизнинг “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказининг ташкил этилгани, оғир шароитда кун кечираётган аёлларнинг муаммоларига ечим топилаётгани Собира Раззоқова каби “уйдаги гапни ташқарига чиқармай, тишида тишлаб яшаётган” опа-сингилларимизнинг кўнглида яшашга умид, ишонч уйғотяпти.

Акбарали Мансур,
филология фанлари номзоди.
Насиба Убайдуллаева,
ТИУ ўқитувчиси.

«Оила ва жамият» газетасидан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1