1

Ўзбекистон-Россия: ҳаво маконидан фойдаланиш ва қуролли кучларни ривожлантириш йўлида умумий мақсадлар

СИЁСАТ 18.10.2018, 09:50
Ўзбекистон-Россия: ҳаво маконидан фойдаланиш ва қуролли кучларни ривожлантириш йўлида умумий мақсадлар

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари томонидан 2019 йилги икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг ҳарбий ҳаво кемалари томонидан икки мамлакат ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича келишувлар имзоланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

12 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия мудофаа идоралари раҳбарлари Тошкентда учрашиб, томонлар икки мамлакатнинг мудофаа соҳасига оид масалаларини ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилганди. Абдусалом Азизов Россия мудофаа вазири билан суҳбатда россиялик ҳарбий мутахассислар билан қўшма тадбирларни ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтган. Учрашув якунига кўра, ҳарбий ҳаво кемалари томонидан икки мамлакат ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича келишувлар имзолангани маълум қилинди.

Охирги марта, вазирлар Тошкентда, шу йилнинг 21 май куни Россия Федерацияси Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги ҳарбий делегация расмий ташрифи доирасида учрашганди. Томонлар мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ва унинг истиқболларини муҳокама қилиб, ҳарбий-техника йўналишида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашишган.

Бир йил муқаддам Жиззах вилоятидаги «Фориш» тоғ дала ўқув майдонида 12 йил ичида илк маротаба Россия Федерация ҳамда Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари бўлинмалари ўртасида қўшма машғулот ўтказилганди. Ўзбекистон—Россия ўртасидаги сўнгги ўқув машғулотлари айнан мана шу полигонда 2005 йилда ташкил этилганди. Катта танаффусдан кейин қўшма машғулотда икки мамлакатдан жами 400 нафарга яқин ҳарбий хизматчи иштирок этди.

2017 йилнинг ўзида яна иккита диққатга сазовор ҳодиса рўй берди: биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси қошида ҳарбий атташе лавозими жорий этилди. Иккинчидан, минтақада хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган Ўзбекистон–Россия маслаҳатлашувларининг 5-босқичи Тошкентда бўлиб ўтди.

2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар йили имзоланадиган Ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида амалга оширилади. Мазкур келишувларни амалга ошириш йўлида томонлар тезкор ва жанговар тайёргарлик, таълим, ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, замонавий ахборот коммуникация технологиялари, ҳаво кемалари ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб тадбирларни ташкил этиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида икки мамлакат ҳудудида 300 га яқин ҳамкорлик тадбирлари ўтказилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1