1

​Рўшнолик кўрмаган опам (ҳикоя)

МУТОЛАА 12.11.2018, 11:50
​Рўшнолик кўрмаган опам (ҳикоя)

Кўпинча бирор инсон ҳаётида рўй берган воқеаларни муҳокама қилгандан сўнг, бу унга яратган томонидан берилган синов, ёки пешонасига битилган ёзуғи бўлса керак деган мулоҳазага борамиз. Гоҳида бунинг акси бўлса-чи? Инсон зоти кўп бўлгани билан ҳар бирининг ҳаёти, тақдири турлича-да. Биров ўтган ҳаётига шукр қилса, биров нолийди. Айримлар эса ҳаётда ўз ўрнимни топдим, оғзим ошга етди деган маҳалда бу ёруғ дунё билан видолашади.

…Гулчеҳра опамнинг исми жисмига мос, сарвдек қадди, гулдек чиройи бор эди. Амаким унга ҳамма фарзандларидан кўра кўпроқ меҳр қўйган эдилар. Кўпчилик қизлар каби унинг ҳам бўйи етиб, қўшни маҳаллада яшовчи йигитга унаштирилди. Оилада тўнғич фарзанд бўлгани учун онаси унга ҳамма уй юмушларни ўргатган эди. Нон ёпиш, овқат пишириш, тикувчилик, кашта, белбоғ, тўн тикишни ҳам қойиллатарди.

Унинг қўнғироқдек сочларига, қайрилма қошларига маҳлиё бўлган маҳалла йигитлари унинг отини эшитганда, оғизларининг таноби қочарди. Лекин қиз болага қирқтаси оғиз солсаям, биттасига насиб этади-да! Худди шундай бўлди. Орзу ҳавасли тўй ҳам бўлиб ўтди.

Мен у пайтларда ёш қизча эдим. Кўпинча опамни соғиниб, тез-тез унинг келинлик уйига борардим. Гулчеҳра опам эрта тонгдан туриб қайнота-қайнона хизматини қилар, ҳовлиларни чиннидек супуриб, овсини ва қайнсингиллари тургунча нонушта тайёрларди.

Аммо… Қайнонаси Ҳаловат аяга унинг замонавий кийинишлари, дид билан пардоз қилишлари сира ёқмади. Ҳар юмушидан айб қидириб эрига, бошқа оила аъзоларига ёмонлай бошларди. Куёв ҳам онасининг чизган чизиғидан чиқолмасди. Онасининг ҳар кунги ўринсиз жаврашларидан юраги бездими, баъзида ичиб келиб Гулчеҳрани урадиган, сўкадиган одат чиқарди.

Қайнонасининг, эрининг раъйига қараб, сўнги урфдаги кийим-кечакларни киймай қўйди. Аламини меҳнатдан олди. Кечалари ухламасдан кашта, кўйлак тикди. Белбоғларга гул чизди. Топган пулларини эрига, қайнонасига тутқазди. Онаси айтганидек уйдаги гапни кўчага, бегонага чиқармади. Ҳаловат ая бир ҳафта, ўн кун жим бўлиб кетарди.

Гулчеҳра ҳаммасига чидади. Дардини ҳеч кимга, ҳатто онасига айтишдан истиҳола қилди. Униг қалбида умид пайдо бўлди. Шифокор кўригидан ўтгани борганида она бўлиш ҳақидаги хабар уни севинтириб юборди.

У ўзига сўз берди. Ўлса ҳам энди ота уйига қайтиб бормайди. Гулчеҳранинг ширин орзулари саробга айланди. Ҳомиладорлиги ҳақидаги гап эрини ҳам, қайнонасини ҳам унчалик қувонтирмади.

Яратганнинг иноятидан хурсанд бўлиб кўзи ёришини кутди. Кўп ўтмасдан оналик бахтига муяссар бўлди. Қизи туғилди. Унга Умида деб исм қўйди. Аммо, барибир эрининг, қайнонасининг унга муносабати ўзгармади.

Гоҳида у қизчасини кўтариб бизникига келар, опа-сингил битта уйга кирволиб, узоқ сирлашардик. У ҳеч кимга айтмаган дардларини менга тўкиб сочарди.

“Гоҳида бошимни олиб узоқларга кетсаммикин?” дерди юбаъзида ўз хаёлларига берилиб. Кейин эса, синиқ кулимсираб, “ғалатиман-а” деб қўярди.

Эридан ажралмасликка кўп ҳаракат қилди. Аммо... Кўргулик экан, қизини бағрига босиб ота уйига қайтди. Қайтишга мажбур бўлди. Укалари кўргани келишса, қайнонаси: “Онангга бориб айт, опангни олиб кетсин”, - деди. Қизи Умидани келин бўлган уйида эмас, ижара уйда катта қилди.

Қизи билан турмуш қурмасдан шундай тоқ яшаб ўтишга рози эди. Турмушга чиқай деса, оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек, совчи келса юрагини ваҳима босади. Эрининг урганлари, ҳақоратлари, камситганлари бирма-бир кўз олдидан ўтаверади. У ҳаммасига рози эди. Бувим айтганларидек, сув келса симириб, тош келса кемириб эри билан яшашга тайёр эди. Лекин...

Орадан йиллар ўтди. Умида ҳам ширингина бўлиб ғужурлаб гапира бошлади. Бир куни амакми, бувим, келинойим унга узоқ насиҳат қилишди. “Дўсту душман ичида гапга қолмагин, кўзимиз тириклигида бировнинг маҳрами, бир рўзғорнинг эгаси бўл. Бошинга соябон бўлгани яхши” дейишди.

Гулчеҳра опам йиғлади, сиқтади. Сўрамасдан узатиб хато қилаётганларини катталарга тушунтирмоқчи бўлди. Шўрлик муштипарнинг гапини ким ҳам тингларди? Бир ҳафтадан сўнг уни ёши ўзидан анча катта кишига узатишди.

Гулчеҳра яна тақдирга тан берди. Ҳаммасига қўл силтаб, хонадонидан файз учган Ҳикмат тоғанинг уйини уй, жойини жой қилишга киришди. Уй ишлари, тикиш-бичишдан ортиб ишга кирди. Ҳикмат амакини ҳам ишга киришга ундади. Қизини сингилларига қолдириб, ишга бориб келаверди.

Улар аста-секин уйларни таъмирлаб, рўзғорга керакли бўлган буюмларни харид қилишди. Гулчеҳра опам яна бир эмас, уч фарзандни дунёга келтирди.

Сиртдан қараганда уларнинг оиласи тинчга ўхшарди. Аммо... Гулчеҳра эрининг ярим кечада ичиб келишини, олдинги хотини, фарзандларини эслаб, ўкириб йиғлашини, баъзида қўлига пичоқ олиб уни қувлашини мендан бўлак ҳеч кимга айтмасди. Айтса яна ажрашиши турган гап. Қайтиб ота уйига боришга номус қиларди.Буни шармандалик деб тушунарди.

У кундан-кун эриб бораётган шамга ўхшарди. Кўзга кўринмас дард умрини соат сайин қисқартириб бораётганини ич-ичидан сезсада бировга дардини дастурхон қилмасди. Ҳаммани тўплаб, қизини сўратган қўшни маҳаллада яшовчи аёлнинг жиянига беришга розилик билдирди.

Ноғора-ю, сурнайлар билан тўй ҳам бўлиб ўтди. Кўнгли анча хотиржам бўлди.

Бир куни Гулчеҳра опамни кўргани бордим. Жувоннинг юзлари сўлғин бўлса-да, чиройли эди.

— Келдингми? - деди аллақандай мунгли овозда. — Бир ўзим ўтираман. Болалар дадаси билан нариги уйда телевизор кўришади.

Унинг сарғайган юзларига, ич-ичига чўккан кўзларига қараб ғалати бўлиб кетдим. Сездирмасликка ҳаракат қилиб:

— Опа, соғлигингиз яхшими? - деб сўрадим.

— Анча тузукман. Болаларингни ҳам олиб келмабсан-да. У ёнидаги столга қўл узатиб, майиз, қанд, мураббо, нон олиб мен томонга қўйди.

— Опа, кўп уринманг! — Шу сўз оғзимдан чиқди-ю, Гулчеҳранинг чеҳраси ўзгарди.

— Сендан яшириб нима қилдим, ҳамма ёғим шишиб кетган. Мен... яқинда ўламан, - деди кўзлари тўла ёш билан. Уни юпатишга ҳаракат қилдим. Уни охирги марта кўриб турганлигимни билмасдим. Куз фасли эди. Яна хабар оламан дедиму вақт топиб боролмадим.

Ўша йили қалин қор ёғди. Декабрнинг охирги кунларида унинг вафот этгани ҳақида хабар келди. Хилватга бориб айтиб-айтиб йиғладим.

Гулчеҳра катта амакимнинг қизлари эди. Унинг уйига жаноза маросимига бордик. Олти синглиси, тўрт укаси, яқинда келин бўлган ёшгина қизи, уч нафар вояга етмаган ўғил-қизлари мени кўриб баттар иззиллашди. Ўзимни тутолмай овозимни чиқариб йиғладим.

Видолашиш учун катта уйга кирдик. Унинг кўзлари юмуқ. Бўйи янаям чўзилиб кетгандек. Юзлари, оқ рўмолча билан танғилган ияги, ярим очиқдек лаблари қонсиз, совуқ.

Жанозага кўп одам келди. Ҳамма сел бўлиб йиғлади. Азадорлар ўз дардини, Гулчеҳранинг эрта хазон бўлган умрини, қисқа кечган ҳаётини айтиб-айтиб йиғлади. Қулоқларимни беркитаман, ўзимни тутишга ҳаракат қиламан. Марсиялар қулоғим остида жаранглайверади...

Орадан йиллар ўтди. Унинг фарзандлари уйли-жойли бўлиб кетишди. Ҳикмат тоға яна икки марта уйланди. Икки аёли ҳам икки-уч ойда бўғчасини кўтариб кетиб қолаверди. Одамлар “Гулчеҳранинг уволи тутди. Хотинга ёлчимади бояқиш” деб гапиришди.

Хотира куни маҳалланинг қабристонига бориб ўтган боболарим, бевақт вафот этган укам Бахтиёрнинг ва албатта бу ёруғ оламдан кун кўриб, куни рўшнолик кўрмаган опамнинг қабрини зиёрат қилиб қайтаман. Мунғайибгина турган қабр яқинидаги ўриндиққа омонат ўтириб, билганимча Қуръон ўқийман.

Кўз ўнгимдан унинг қор ва ёмғир остида ишдан қайтаётгани, аёл киши бўлса ҳам лой қориб пахса ураётгани, ошхонаси деворини суваётгани, ҳовлисидаги цемент йўлакларни тузатаётгани, ярим кечагача ухламасдан кашта, белбоғ, тўн тикаётгани, тўй ва маъракаларга бош бўлиб, қувноқ ҳолда юрганлари кўз ўнгимдан ўтаверади…

Ўтганларни Аллоҳ раҳмат қилсин...

Назира Ҳамидова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1