АсосийHi-tech

Google Тьюринг мукофотининг соврин жамғармасини 1 миллион долларгача оширди

Ҳисоблаш техникаси уюшмаси (ACM) информатика соҳасидаги энг нуфузли ҳисобланган Тьюринг мукофотининг миқдори оширилганини маълум қилди. ACM’га грант ажратган Google компанияси сабаб, мукофот миқдори аввалгига нисбатан 4 баробар ўсиб, ҳозирги вақтда 1 миллион долларни ташкил этмоқда.

Шундай қилиб, одатда информатика соҳасидаги Нобель мукофоти дея таърифланадиган Тьюринг мукофоти соврин жамғармаси бўйича ҳам Нобель мукофоти билан тенглашиб олди.

«Биз компьютер илмидаги олимларнинг фундаментал ҳиссасини юқори баҳолаймиз ва ACM улар ва уларнинг ютуқлари ҳақида бутун жаҳонга маълум қилиши учун ёрдам беришни хоҳлаймиз», – дейди Google вице-президенти Стюарт Фельдман.

Тьюринг мукофоти таниқли инглиз математиги, мантиқчиси ва криптографи Алан Тьюринг шарафига номланган. Ушбу мукофот илк бор 1966 йилда тақдим этилган.

Алан Тьюринг – сунъий идрок назариясини ривожлантирган олимлардан, абстракт ҳисоблаш бўйича «Тьюринг машинаси» асосчиси ва ҳисоблаш машиналарида идрок борлигини аниқловчи тест ишлаб чиқувчисидир. Бундан ташқари, у Британия Кодлар ва шифрлар ҳукумат мактабида ҳам ишлаган бўлиб, Иккинчи Жаҳон уруши давомида немисларнинг «Энигма» кодини расшифровка қилишда иштирок этган.

    Бошқа янгиликлар