АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда онкология хизмати ва паллиатив ёрдам тизими тубдан такомиллаштирилади

Энг кўп учрайдиган саратон турларини эрта аниқлаш дастурлари ишлаб чиқилиб, тезкор ташхислаш марказлари ташкил этилади.

'Ўзбекистонда онкология хизмати ва паллиатив ёрдам тизими тубдан такомиллаштирилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев онкологик, гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда паллиатив хизматлар тизимини ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда саратон касалликларини эрта аниқлаш, замонавий усулларда даволаш ва аҳоли учун ихтисослаштирилган тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича қатор ташаббуслар кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, мамлакатда аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича мақсадли скрининг текширувлари қамровини камида 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, онкологик касалликка чалинган беморлар орасида беш йиллик яшовчанлик кўрсаткичини ҳозирги 35 фоиздан камида 45 фоизгача ошириш мақсад қилинган.

Бунинг учун 2027 йилдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши кураш миллий дастури ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.

Дастур доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг онкологик ҳушёрлигини ошириш, уларни саратоннинг дастлабки белгиларига эрта ташхис қўйиш ва беморларни ихтисослаштирилган муассасаларга ўз вақтида йўналтириш бўйича қайта тайёрлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, халқаро тавсиялар асосида янги клиник қўлланмалар қабул қилиниб, онкология соҳасида мультидисциплинар ёндашув жорий этилади. Бунда беморга ташхис қўйиш ва даволаш тактикаси бир вақтнинг ўзида бир нечта мутахассис иштирокида белгиланади.

Энг кўп учрайдиган саратон турларини эрта аниқлаш дастурлари ишлаб чиқилиб, тезкор ташхислаш марказлари ташкил этилади. Бу беморларга қисқа муддатларда аниқ ташхис қўйиш имконини беради.

Тақдимотда нур терапияси хизматини модернизация қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, эски кобальт қурилмалари босқичма-босқич замонавий чизиқли тезлаткичларга алмаштирилади, юқори дозали брахитерапия имкониятлари кенгайтирилади.

Паллиатив ва хоспис хизматларини ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Режага кўра, 2030 йилга қадар аҳолининг паллиатив ёрдам билан қамрови камида 80 фоизга етказилади.

Бунинг учун жорий йилнинг 1 сентябридан республикада паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими жорий этилади. Тизим тиббий ва ижтимоий хизматлар интеграцияси асосида ишлайди ҳамда беморларни аниқлаш, рўйхатга олиш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Шунингдек, уй шароитида тиббий хизмат кўрсатувчи мобил паллиатив бригадалар ташкил этилади. Барча ҳудудларда хоспис муассасаларини босқичма-босқич ташкил қилиш режалаштирилган.

Дастлаб Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида паллиатив ёрдамга муҳтож онкологик беморларга хизмат кўрсатувчи мобил гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилади. Самарқанд вилоятида эса оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун махсус хоспис маркази ташкил этилади.

Паллиатив ёрдамга муҳтожлиги электрон тизимда қайд этилган беморларга қўшимча тиббий кўрикларсиз ногиронлик белгилаш амалиёти жорий этилади. Уй шароитида парваришга муҳтож беморлар функционал кроватлар ва махсус матраслар билан ваучер тизими асосида таъминланади.

Тақдимотда гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, 2030 йилга қадар мазкур касалликларни эрта босқичларда аниқлаш кўрсаткичини 60 фоизга етказиш, ташхис қўйилганидан кейин трансплантация амалиётигача бўлган муддатни олти ойдан уч ойгача қисқартириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича ҳам янги таклифлар кўриб чиқилди. Унга кўра, камида 15 йиллик меҳнат стажига эга тиббиёт ходимлари фарзандларининг олий таълим муассасаларидаги контракт тўловларининг бир қисмини ҳамда ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишдаги дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаб бериш таклиф этилмоқда.

Президент Мирзиёев тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, онкологик ва гематологик тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, замонавий ташхис ва даволаш технологияларини кенг жорий этиш ҳамда белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар