Facebook компанияси касб эгалари (профессионаллар) учун мўлжалланган янги Facebook at Work сайти устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда, ўз манбаларига асосланиб, The Financial Times хабар бермоқда.
Газета маълумотларига кўра, янги лойиҳа Google, Microsoft ва LinkedIn билан бевосита рақобат қилади.
Қайд этишларича, Facebook at Work фойдаланувчилари чатда ҳамкасблари билан мулоқот қилишлари, иш бўйича алоқага чиқишлари ва Google Drive ва Microsoft Office’даги каби ҳужжатлар билан ишлашлари мумкин бўлади.
Манбаларнинг маълум қилишларича, янги сайт кўп жиҳатдан Facebook’га ўхшаб кетади, хусусан, унда янгиликлар лентаси ва гуруҳлар бўлади.
Мақолада таъкидланишича, янги лойиҳа обуначиларга “таътилдаги суратлар, сиёсий баҳс-мунозаралар ва аҳмоқона видеолардан иборат” шахсий профилни профессионал “шахсият”дан алоҳида сақлашга ёрдам беради.
Facebook’нинг ўзи ушбу лойиҳадан кўпдан бери фойдаланиб келади, уни бошқа компаниялар учун ҳам очиш масаласи Facebook ичида бир неча бор муҳокама қилинган. The Financial Times’нинг қайд этишича, кўплаб компанияларда ижтимоий тармоқларнинг иш унумдорлигига салбий унумдорлигидан хавфсираб, Facebook ижтимоий тармоғидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган.
Facebook’нинг ўзи ушбу хабарлар юзасидан ҳозирча баёнот берганича йўқ.