АсосийJamiyat

Устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш – муқаддас бурч

'Устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш – муқаддас бурч'ning rasmi

(Академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов хотирасига)

Устоз ... ҳаёт тушунчаси пайдо бўлганидан буён яшаб келаётган сиймо. Шу боис, азал-азалдан устоз-мураббийларга бўлган ишонч, ҳурмат-иззат ўзгача. Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.

Устоз Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов... У кишини миллий цивилистика фанларининг чинорига менгзашади. Бу ўхшатишда устоз номи ва ундан қолган юридик адабиётларнинг умрбоқийлигига ишора бордек. Аслида,
бу эътирофда шу ям-яшил чинор соясида қад ростлаган, у кишининг меҳру-мурувватидан баҳраманд бўлганларнинг эҳтироми ҳам мужассам.

«Фуқаролик ҳуқуқи фуқаролик жамиятининг ташкил топиши ва ривожланиши учун муҳим ҳуқуқий воситадир. Фуқаролик жамиятини шаклланишида фуқаролик ҳуқуқи зиммасига энг юксак вазифа юклатилади. Фуқаролик ҳуқуқининг таъсирчан кучи шундан иборатки, шахснинг ҳаётда юқори мақомга эга эканлигини юридик жиҳатдан мустаҳкамлайди, мулкнинг дахлсизлигини ва унинг асосида вужудга келадиган муносабатларнинг эркинлигини таъминлайди. ...», – дейди устоз олим асарларидан бирида.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулович ўзининг серқирра фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан кенг жамоатчиликда ўчмас ва ёрқин из қолдирди. У киши мамлакатимизда юридик фан ва амалиёт ривожига улкан ҳисса қўшган, катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган атоқли олим сифатида танилган эди.

Устоз олимнинг ҳаётга келиб орттирган дунёси нимада эди? Ижоди, тайёрлаган шогирдлари, асарларими? Дарҳақиқат, миллий цивилистика фанларида муносиб ўрин олган «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг биринчи қисмига умумий тавсиф ва шарҳлар», «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг иккинчи қисмига шарҳлар», «Мулк ҳуқуқи», «Хусусий мулк ва унинг дахлсизлиги», «Мажбурият ҳуқуқи», «Фуқаролик ҳуқуқининг субъектлари», «Фуқаролик ҳуқуқи объектлари», «Олди-сотди шартномаси», «Фуқаролик ҳуқуқи муаммолари», «Халқаро хусусий ҳуқуқнинг долзарб муаммолари ва ривожланиш истиқболлари», «Инсонпарвар давлат Конституцияси» сингари 400 га яқин монография, дарслик, илмий мақолалар, ўқув қўлланмалар, фуқаролик қонун ҳужжатларига шарҳлар юридик фанларни илмий-назарий жиҳатдан янада бойитишда, соҳага оид миллий қонунчиликни такомиллаштиришда, «Фуқаролик ҳуқуқи» ҳамда «Тадбиркорлик ҳуқуқи» фанлари бўйича ўқув машғулотларини мазмунан юқори савияда ташкил этишда муҳим манба бўлиб келаётир.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулович ҳақида сўз айтганлар кўп. Айтмаганлар эса ундан-да кўп. Устознинг дўстлари ва шогирдлари қалбидаги ёруғ хотиралар – ўзи алоҳида олам. Улар қоғозга тушса, ибрат ва ўрнак кўзгусига айланиши тайин. Улуғ устозга шогирд бўлиш бахти менга ҳам насиб этган эди.

Устознинг садоқатли шогирдларидан, таниқли олимлардан бири, профессор Омонбой Оқюлов «Зиёли инсон, устоз қандай бўлиши керак?» деган саволга бир оғиз сўз билан: «Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловичдай бўлиши керак», деб жавоб берган бўлардим», деган гапи барча шогирдларнинг номидан айтилганидек.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловичнинг ташаббуси билан Марказий Осиё давлатларида биринчи бўлиб Тошкент шаҳрида юридик фанлар бўйича докторлик ва номзодлик диссертацияларини ёқлаш бўйича Ихтисослашган кенгаш ташкил этилди, нафақат Ўзбекистон, балки бошқа қўшни мамлакатлар учун ҳам юқори малакали ҳуқуқшунос олимларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. У киши Конституциявий комиссиянинг аъзси сифатида мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасининг «Жамият ва шахс» деб номланган бўлимини тайёрловчи ишчи гуруҳига раҳбарлик қилди. Фуқаролик ва Оила кодекслари лойиҳаларини ишлаб чиқишда бош-қош бўлди.

1995-1996 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида таҳсил олиш жараёнида устоз биз ёшларга «Фуқаролик ҳуқуқи» фанидан ўтган маъруза машғулотлари тингловчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлган. 1998 йилда у кишининг Академия профессори лавозимида ишлаш даврида менга илк маротаба устоз билан яқиндан суҳбатлашиш жараёнида келажакда илм йўлини танлаш, номзодлик диссертацияси устида илмий изланишларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида билдирган қимматли фикр-мулоҳазалари ўқиш давридан кейинги ҳаётимни ушбу йўналишда давом эттиришга «тамал тоши» бўлиб хизмат қилди.

Кейинчалик Академиянинг кундузли бўлим адъюнктурасида ўқиган давримда академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулович раҳбарлигида номзодлик диссертациясини, меҳнат фаолиятим даврида эса докторлик ишини тайёрлаш ҳамда уларни муваффақиятли ҳимоя қилиш бахтига мушарраф бўлдим.

У кишининг хонадонига борганимизда монография ёки дарсликни ёзиш устида ишлаб ўтиришларининг, ушбу ҳолатнинг гоҳида эрталабгача давом этишининг гувоҳи бўлганмиз. Устоз ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, фан йўлидаги тинмай изланишлари, ёшларга нисбатан хайрихоҳлик, меҳрибонлиги, ҳар қадамда қўллашга уринишлари сингари олим ва инсонга хос ажойиб фазилатлари билан ажралиб турар, у кишининг бу хислатлари шогирдларига ўрнак ва ёрқин намуна бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Суҳбат жараёнида устоз ўтмишда илмга берилган эътибор, машаққатли кунлар, Улуғ Ватан уруши давридаги бошидан ўтказган кечинмалари, цивилистика фанларининг долзарб муаммолари ва уларни ҳал этиш истиқболлари ҳақида сўзлаб берар, илмий ишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларни эринмасдан тушунтириб берардилар. Байрамларда, туғилган кунларида дўстлари, шогирдлари, яқинлари, ҳамкасблари устознинг хотираларини мароқ билан тинглардилар, ҳазил-мутойибалари кўтаринки кайфият бағишлар эди.

У киши билан ўтказган ҳар бир суҳбат кишининг руҳиятини кўтаришга хизмат қилар эди. Шахсан менда илмий ишдан ташқари, оиламдаги турмуш шароитимга, қийинчиликларга эътибор қаратишлари, фарзандларимнинг таълим-тарбиясида, меҳнат фаолиятимдаги дуч келаётган масалалар билан яқиндан қизиқишлари, ўз маслаҳатларини беришлари, ҳатто ёш оила бўлган пайтда шахсий муаммоларни ҳал этишга кўрсатган амалий кўмаклари ёрқин хотира бўлиб қолган.

Халқимизда «Устоз отангдек улуғ», деган яхши ибора бор. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради.

Устоз билан биргаликда монографиялар ёзиш бахтига муяссар бўлдим. Диссертация ишим бўйича нуқтаи-назарлари, хусусан Фуқаролик кодекси билан Тадбиркорлик кодексининг ўзаро нисбати ҳақида билдирган фикрлари келгусидаги илмий изланишларимда, шогирдларимнинг номзодлик ва докторлик диссертациялари бўйича мўлжални тўғри олишда бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этиб келмоқда, бир сўз билан айтганда, ижтимоий ҳаётда шахс сифатида вояга етишимда, муносиб ўрин эгаллашимда устознинг ўгитлари пойдевор вазифасини ўтади ва бугунги кунда ҳам ўтиб келмоқда. Бу борада буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг қуйидаги фикрларини эслаш ҳам айни муддаодир.

Билимни буюк, ўқувни улуғ бил,

Бу иккиси танланган бандасини улуғлайди.

Заковат қаерда бўлса, улуғлик бўлади,

Билим кимда бўлса буюклик олади.

Дунё ҳамиша эзгу ниятли одамлар, буюк ишларга қодир салоҳиятли инсонларнинг ва атоқли олимларнинг борлиги ва фидойилиги билан барқарордир. Ҳадисларда айтилганидек, касбнинг энг яхшиси кишининг ўз қўли билан бажарилган иши ва ҳалол саводидир.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқулович ана шундай мутафаккир донишманд олимлардан эди. Устоз умрининг охиригача ўйлашдан, холис фикрлашдан, одамларга яхшилик қилишдан тўхтамаган киши, ёшларга мададкор бўлган, сабр-матонатли, ҳаёт йўли барчага ўрнак бўлган, мамлакатимиз илм-фанига, миллий қонунчилиги ривожига катта ҳисса қўшган буюк инсонлардан эди, бундай кишилар эса ҳаётда «устоз» сўзига қараганда кенг маънога эга бўлган «устод» деган номга ҳам сазовордир. Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий тўғри таъкидлаганидек, «Кишиким қилса олимларга таъзим, андоқки қилур пайғамбарга таъзим».

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳожи-Акбар Раҳмонқулович ўз шогирдларини илмий жамоатчиликка таништиришда, сафига қўшишда ҳамда илм-фан тараққиётининг фаол иштирокчиси бўлишларида, улар ўртасида бирдамликни ҳосил қилишда, шу билан бирга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда бевосита ҳисса қўшишларини таъминлашда бош-қош бўлган, ўзининг миллий цивилистика фанлари мактабини яратган забардаст олимлардан биридир. Меҳрибон устоз яратган илмий таълимот ва илгари сурган илғор ғоялари бугунги кунда кўплаб шогирдлари томонидан давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда юридик фанларнинг, хусусан фуқаролик ҳуқуқи, тадбиркорлик ҳуқуқи, халқаро хусусий ҳуқуқ, оила ҳуқуқи каби фанларнинг равнақ топаётганлиги ва бу соҳаларда нафақат амалга оширилаётган илмий изланишларда, балки миллий қонунчиликнинг ривожида ҳамда ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётини такомиллаштиришда Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловичнинг ўз вақтида амалга оширган илмий-ташкилий саъй-ҳаракатларнинг натижасида, яратган мактабининг самарасида кўриш мумкин.

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,

Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.

Устозни эслаганда кўз ўнгимизда юксак фазилатлар эгаси, зиёли, билими ва меҳри оқар чашмадек тўлиб-тошган инсон гавдаланади. Умрларининг охиригача у кишининг илмга садоқат, ижодий шижоат, изчилликнинг сусаймагани, ёш авлодни тарбиялаш, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ўргатишлари, ҳар қандай кишининг шахсий ҳаётида, меҳнат фаолиятида, илм йўлида берган насиҳатлари ва қўллаб-қувватлашлари кўпчиликнинг қалбида, у кишининг таниган, билганларнинг қалбида бутун умр сақланиб қолиши, юксак ибрат намунаси бўлиши шубҳасиздир.

Нуриддин Норматов, юридик фанлари доктори, профессор

    Бошқа янгиликлар