1

Ҳомила тушишининг сабаби нима?

САЛОМАТЛИК 12.11.2019, 18:23
Теглар: ҳомила тушиши, ҳомиладорлик
Ҳомила тушишининг сабаби нима?

Кузатувларга кўра, дунёда 15-20 фоиз ҳолларда ҳомиладор аёлларда ҳомила тушиши кузатилади. Бунинг асосий сабаби нима? Ҳомила тушишининг олдини олиш мумкинми? Бу ҳолатни бошдан кечирган аёлларда руҳий стресс жараёни кузатилади. Уларнинг барчасида юқоридаги саволлар туғилиши шубҳасиз. Ушбу саволларга жавоб олиш учун гинеколог шифокор Жамила Алиевага мурожаат қилдик. У қуйидагича жавоб берди.

–Гинекология амалиётида 20-22 ҳафтагача бўлган ҳомила нобуд бўлиши “ҳомила тушиши” деб аталади. Хўш, нега айнан 20-22 ҳафталик дея белгилаб қўйилган? Чунки шифокорлар 500 г ва ундан катта вазнли ҳомилани омон сақлаб қолиши мумкин. Ундан кам вазнда туғилган ҳомилани сақлаб қолиш кафолатлари нолга тенг. 

Сабаблари турлича ва бир-биридан фарқ қилади

Ҳомила тушиши муддатига кўра сабаблари турлича бўлиши мумкин:

Бола тушиши ҳомиладорликнинг қайси даврида юз берганига қараб сабаблар бир-биридан фарқ қилади.

1 ҳафталикда

  • Аёлнинг инфекцион касалликка чалиниши, тамаки чекиши, спиртли ичимлик ёки қандайдир дори ичиши.
  • Эркакнинг кашандалиги ва ичкиликка ружу қўйганлиги. Фарзандли бўлишни режалаштирган эркак 6 ой давомида оғзига спиртли ичимлик олмаслиги нафақат соғлом, балки иқтидорли фарзанд туғилишига замин яратади.
  • Ҳомиладорликнинг эрта даврида нобуд бўлган эмбрионларнинг 70 фоизига генетик бузилишлар сабаб бўлади. Агар бу ҳомила сақлаб қолинса ҳам кейинчалик ногирон ёки ирсий касаллик билан туғилиши эҳтимоли катта бўлади. 

6-12 ҳафталикда

  • Аёл организмида эркакларга хос жинсий гормонларнинг ҳаддан ошиқлиги, аёл жинсий гормонлари етишмаслиги, қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар. Аслида булар ҳомиладорлик юз беришига тўсқинлик қилади, лекин мўъжиза юз бериб, аёл ҳомиладор бўлса, эмбрион бачадон ичида меъёрий тарзда ривожланиб кетолмайди. 
  • Жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар.
  • Ҳомиладорлик давридаги турли касалликлар: оддий шамоллашдан тортиб, грипп, ангина, юқумли ичак инфекцияларигача ҳомила тушишига олиб келади. 
  • Бачадон яллиғланиши ва бошқа гинекологик хасталиклар, олдинги абортлар ҳам ҳомила ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
  • Иммун тизими. Одатда қони манфий резус омили бўлган аёлларда ҳомиладорлик даврида қон таркибида эмбрионга қарши антитаначалар пайдо бўлади ва болани итариб чиқаришга интилади. Буни олдиндан билиб, резус омили манфий аёлларга дори-дармонлар ёрдамида фарзандни соғлом дунёга келтиришга кўмаклашиш имконияти мавжуд.
  • Аёл бачадондаги туғма нуқсонлар ҳомиладор бўлишга имкон бермайди, юз берса-да, уни сақлаб қолишда тўсқинлик қилади.

12-22 ҳафталикда

Ҳомиланинг бу даврда нобуд бўлишида ҳам юқоридаги сабаблар деярли фарқ қилмайди. Бироқ бу ҳафталарда ҳомила тушишига кўпинча бачадон бўйни заифлиги туфайли катталашгани сабаб бўлади. Бундай нуқсонда бачадон ҳомилани ушлаб қололмайди. 

Олдини олиш мумкинми?

Ҳомиладорлик давомида бундай хавф мавжуд бўлса, унинг олдини олиш учун жарроҳлик амалиёти қўлланади. Яъни туғуруққача бачадон бўйнини «ёпиб» қўйиш усулида ҳомилани сақлаб қолишга эришилади.

Жарроҳлик амалиёти асоратсиз ўтиши учун муолажа давомида ёки ундан сўнг УТТда аёлнинг бачадони кўрилади. Кейин аёлга ётоқ тартибига амал қилиш ҳамда витамин, антибиотик ва гормонал дорилар қабул қилиш буюрилади. 2 ҳафтадан сўнг қайта УТТ ўтказилиб, бачадоннинг қисқариш жараёни кузатилади.

22 ҳафталикдан сўнг

Одатда, 22 ҳафтадан катта муддатда тушган (туғилган) гўдакларнинг яшаб кетиш имконияти юқори бўлади. Бундай муддатдаги ҳомила вазни 500 г дан каттароқ бўлади ва яшовчанлиги юқорилиги учун, улар ҳаётини асраб қолиш имконияти мавжуд.

Гормонал бузилишлар қанчалик хавфли?

Кўп ҳолларда ҳомила тушишига гормонал ўзгаришлар сабаб бўлади. Гормонал бузилишлар эндокрин тизимлардаги, жумладан қалқонсимон без, меъда ости бези, жинсий ва бошқа безлар фаолиятидаги муаммолар оқибатида юзага келиши мумкин. Шунингдек, баъзи ҳолларда сурункали стресс ҳам бола тушиши ёки ҳомиладор бўлолмаслик сабаби бўлади. 

Мисол учун, 26 ёшлик аёлнинг 8 ҳафталик ҳомиласи тушган. Шифокорлар бунга гормонал фон ўзгариши сабаб бўлган, дея ташхис қўяди ва аёл шу ташхис билан йиллар давомида даволанади. Аммо у ўша ҳомила кўтарган ойларда яқин одами вафот этгани сабаб у оғир руҳий инқирозга учраган эди. Лекин у руҳий тушкун ҳолатдан чиқишга эътибор қаратмайди. 

Йиллар ўтиб, 15 йилдан сўнг аёл 40 ёш бўлганда узоқ кутилган фарзанд дунёга келади. Ваҳоланки аёл организмидаги стресс натижасида юзага келган ўзгаришларни кўпи билан бир йил ичида тўғрилаш мумкин эди. Гормонлар ишлаб чиқарилиши мия фаолияти билан боғлиқ бўлганлиги сабабли ҳар қанча даволанса ҳам руҳиятда қўрқув ва ҳавотир бўлса, тиббий чоралар фойда бермаслиги мумкин.

Ҳомиладор бўлишга шошилманг!

Баъзан қайта ҳомиладорликда ҳам бола ташлаш рўй беради. Бунинг боиси ҳомиласи тушган аёлларнинг кўпи яна ҳомиладор бўлишга шошилади. Организм ўзини тиклаб олиши учун бола тушгандан кейин камида ярим йил ўтиши шарт!Негакимуддатидан олдин тўхтаган ҳомиладорлик гормонлар ўзгаришига сабаб бўлади. Гормонал фонни изга солиш учун шифокор тавсияларига амал қилиш зарур. 

Энди нима бўлади?

Баъзан организм ривожланишдан тўхтаган ҳомилани чиқариб ташлайди, яъни бола тушиши содир бўлади. 

Агар ҳалок бўлган ҳомила бачадонда 6-7 ҳафта қолиб кетса, бунда қон кетиш хавфи ортади. Бундан ташқари нобуд бўлган ҳомила қолдиқлари аёл организмини заҳарлай бошлайди. 

Тезкорлик талаб этиладиган вазиятларда бачадон махсус усулда тозаланади. Кейин нобуд бўлган ҳомиланинг тўқималари гистологик ва бошқа текширувларга юборилади. Уни текшириш жуда муҳим. Чунки ривожланишдан тўхтаган ҳомила аёл бачадонида узоқ вақт қолиб кетса, ҳаёт учун хавфли асоратларга олиб келиши мумкин. 

Дарвоқе

Бу аломатлар кузатилганда вақтни ўтказмай гинекологга мурожаат қилинг.

Аниқ ташхис ҳомиладор аёл УТТ ҳамда вагинал текширув ўтказилганидан кейин қўйилади.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1