АсосийSiyosat

Россиядаги ватандошларимиз ҳуқуқий ҳимояга олинади

'Россиядаги ватандошларимиз ҳуқуқий ҳимояга олинади'ning rasmi

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Паспорт ва виза хизмати Бош директори Сергей Машин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлди.

Ташрифдан мақсад Россия Федерациясига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари учун суғурта, консалтинг ва бошқа хизматларни тақдим этиш, ишлаш учун патент беришни ташкил қилиш, паспорт ва виза хизмати бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

Сергей Машин билан “Ўзагросуғурта” АЖда ҳам учрашув ташкил этилди. Унда таъкидланганидек, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россияга жўнаб кетаётган Ўзбекистон фуқароларига барча шароитлар яратиб берилиши борасида икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланади. Булар ҳақида ЎзA хабар берди.

Таъкидлаш лозимки, бу борада Президентимизнинг 2019 йил 20 августда “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармонида бир қатор тавсиялар берилган эди. 

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичда ривожлантириш истагини билдирди. 

– Фуқароларни турли хил кўнгилсиз воқеа-ҳодисалардан ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, хорижий давлатда меҳнат қилувчилар учун муносиб шарт-шароит яратиш ҳозирги куннинг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади, – деди “Ўзагросуғурта” АЖнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси раҳбари С.Папов. – Биз ишлашга отланган мигрантларни суғурта қиламиз. Маълумки, ҳаёти суғурта қилинмаган мигрантлар бехавотир ишлаш имкониятига эга бўлмайди. Шу сабабли, мигрантларнинг Россияда яшаши учун зарур бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳам ёрдам берамиз.

Учрашув якунида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, полисларини расмийлаштириш ишлари Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида амалга оширилишига келишиб олинди.

Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида мазкур масала юзасидан яна бир муҳим учрашув бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг сўнггига қадар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Паспорт ва виза хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланиши кутилмоқда.

Бошқа янгиликлар