1

Янги вакцина саратоннинг олдини оладими?

САЛОМАТЛИК 18.02.2015, 16:29
Янги вакцина саратоннинг олдини оладими?

Болалар учун бепул вакциналар миқдори кундан-кунга ошиб бормоқда. 2014 йилда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Миллий тақвимига  ротавирус инфекциясига қарши иммунизация вакцинасини киритганди. Хўш, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Миллий эмлаш тақвимига қандай касалликларга қарши иммунизация вакциналарини киритади? Республика санитария эпидемиологик Маркази иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Люция Ким даволаш муассасаларига тарқатилаётган вакциналар ва уларнинг назорати ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Эмлаш организмга қандай таъсир этади?

Эмлашнинг тарихи  қадим замонларга бориб тақалади. Илк эмлашлар сувчечакнинг енгил кўринишига қарши амалга оширилган... Инсоният тарихи шуни кўрсатдики, вакцина у ёки бу юқумли касалликларга иммунитет шакллантиради. Яъни у иммун тизимининг қайсидир инфекцияга қарши курашини  кучайтиради. Кейин иммунитет организмга киритилган инфекция билан курашади ҳамда уни чақирган микроорганизмни эслаб қолади. Инфекция яна организмга тушган тақдирда, табиий ҳимоя қилган ҳолда у билан курашади.

ЖССТ Европа ҳудудий бюроси берган маълумотларга кўра, полиомелит, қоқшол, дифтерия, кўкйўтал, қизамиқ ва эпидемик паратитга қарши режали эмлаш  ҳар йили бутун дунёда 3 миллион боланинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолади.

Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган янги вакциналар яна ҳам кўпроқ — қарийб 8 миллион боланинг умрини сақлаб қолишга кўмак беради.

Кимлар қамраб олинган?

Мамлакатимизда санитария-эпидемиология ҳолатни барқарор сақлаш ва юқумли касалликларга қарши курашнинг замонавий тизими яратилган. Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ ўн саккиз ёшгача бўлган болалар ўнта касалликка қарши эмланмоқда. Миллий эмлаш тақвимига киритилган иммунопрофилактика тадбирларига кетадиган маблағлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Назорати қандай йўлга қўйилган?

Эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган энг самарали эмлаш воситалари мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда тиббий-лаборатория синовларидан ўтказилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мувофиқлик сертификати билан кафолатланди ва совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказиб берилади.

Статистика нима дейди?

Сўнгги ўн йилликда республикада профилактик эмлаш қамрови 95% ни ташкил этган бўлса, охирги ойларга келиб 99% ни ташкил этмоқда. Ва бу ўз натижаларини бермоқда. Мамлакатда болаларнинг инфекцион касалликларини бирданига кўп миқдорда камайтирилишига эришилди.

Сўнгги 10 йилда Миллий эмлаш тақвимига уч марта ўзгартириш киритилди. 2001 йилнинг октябрь ойидан бошлаб гепатит Вга қарши вакцина жорий этилган бўлса, 2007 йилда мамлакатда қизамиқ, эпидемик паротит ва қизамиққа қарши эмлаш ишлари ташкиллаштирилди. 2009 йилда қоқшол, дифтерия,  гепатит В вируси, гемофиль инфекцияларининг барчаси фақатгина битта вакцина билан алмаштирилди ва бир вақтнинг ўзида болаларни ушбу касалликлардан озод қилинишига сабаб бўлди.

Янги вакциналар кимларга жорий қилинади?

2014 йилнинг иккинчи ярмида иммунизация Миллий тақвимига  янги вакцинация киритилди ва бу ротавирус вакцинаси дея ном олди. Уни икки-уч ойлик болаларга қўллашади. Узоқ вақтлар вакцина АҚШ ва Европада мавжуд эди, холос. Болаларга вакцинацияни ташкиллаштиришдан асосий мақсад болаларни ушбу инфекциядан батамом  қутқаришдир. Бу болалар ўртасидаги диарея касаллигини 15-20% камайтиришга ёрдам беради. Дарвоқе, бундай вакцина Ўрта Осиёда илк бор бизнинг мамлакатимизда амалга оширилади.

2015 йилда иммунизация тақвими пневмокок инфекциясига қарши эмдори билан тўлдирилади. Шунингдек, бу йилдан полиомелитга қарши инъекцион вакцина жорий этилиши кўзда тутилган, яъни агар аввал вакцина томчи йўли билан киритилган бўлса, энди инъекция йўли билан амалга оширилади. Мазкур вакцина билан бир ёшгача бўлган болаларни қамраб олади.

Саратонга қарши вакцина

2016 йилда эса HPV – инсон папилломаси вирусига қарши эмдорилар татбиқ этилади. Ушбу иммунизация ўсмир қизларга татбиқ этилиб, улар бачадон бўйни саратонини келтириб чиқарадиган папиллома вируси касаллигининг олдини олишга қаратилган.

Ушбу касаллик статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳар йили бачадон бўйни саратони билан 470 минг ҳолат рўйхатга олинади. Улардан қарийб ярми ўлим билан якунланади.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан ушбу мақсадлар учун бюджетдан 36,227 млрд. Сўм,  Вакцинация ва иммунизация бўйича глобал альянс ва ЖССТ томонидан  4,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилиши  режалаштирилган.

 Лайло РУСТАМОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1