Хушхабар. Собиров ва Лутфуллаев Самсунда чемпион бўлишди

СПОРТ 28.03.2015, 14:18
Хушхабар. Собиров ва Лутфуллаев Самсунда чемпион бўлишди

Туркиянинг Самсун шаҳрида дзюдо бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир давом этмоқда. Мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг 70 давлатидан 566 нафар спортчи жами 14 вазн тоифасида татамига чиқяпти. Мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг 12 нафар аъзоси ҳам иштирок этмоқда.

Қувонарлиси, мусобақанинг илк куни терма жамоамиз ҳисобига 2 та олтин медалини тақдим этди. Эркаклар ўртасидаги 60 ҳамда 66 кг вазн тоифаларида ўзбекистонлик полвонларга тенг келадиган рақиб топилмади, деб ёзади olamsport.com нашри.

60 кг вазнда татамига чиққан Шарофуддин Лутфуллаев барча рақибларини енгиб, финалга етиб келди. У финалда озарбайжонлик Орхан Сафаровни ҳам мағлуб этиб, Гран-при ғолибига айланди. Сафаров ярим финалда яна бир ҳамюртимиз Диёрбек Ўрозбоевни мағлуб этганди. Ўрозбоевга бешинчи ўринни банд этди.

66 кг вазн тоифасидаги терма жамоамиз етакчиси, икки карра Олимпия ўйинларининг бронза медал совриндори Ришод Собиров ҳам финалда татамига чиқди. Собиров ярим финалда португалиялик Сергиу Олейникни таслим этган эди. Олтин медал учун кечган баҳсда эса мўғулистонлик Тумурхулег Даваадоржни мағлубиятга учратди.   

Эслатиб ўтамиз, Самсун татамиларида юртимиз спорт шарафини Шарофиддин Лутфуллаев, Диёрбек Ўрозбоев (иккиси ҳам 60 кг) ва Ришод Собиров (66 кг)дан ташқари Сарвар Шомуродов, Ғиёсжон Бобоев (иккиси ҳам 73 кг), Яҳё Имомов, Шахбоз Собиров (иккиси ҳам 81 кг), Шерали Жўраев, Давронбек Сатторов (иккиси ҳам 90 кг), Рамзиддин Саидов (-100 кг) ҳамда мутлоқ вазн тоифаси Абдулла Тангриев ва Болтабой Болтаевлар ҳимоя қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1