Франция пойтахти мезбонлигида ўтадиган 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақаси Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларига саноқли кунлар қолди. Ўзбекистонлик спортчилар унда муносиб иштирок этиш учун астойдил бел боғлашган. Жумладан дзюдо бўйича терма жамоа аъзолари ҳам. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур мусобақа аввалидан федерация раҳбарлари ҳамда дзюдочилар иштирокида Париж Олимпиадаси олдидан сўнги матбуот анжумани ташкил этилди.
Алоҳида эътироф этиш керак, дзюдочилар Ўзбекистон делегатси ҳисобига энг кўп йўлланма тақдим қилган жамоа ҳисобланади. Улар томонидан қўлга киритилган лицензиялар сони 13 тани ташкил қилса, шундан 12 таси яккалик ва яна бир йўлланма жамоавий беллашув учун нақт қилинган. Шубҳасиз, бу ўзбек дзюдоси учун тарихий натижадир. Матбуот анжуманида бу каби ютуқлар фахр билан тилга олинди. Эндиги вазифа эса тарихни янгилаш.
“Ўзбек дзюдоси тарихида Олимпиада чемпионлари йўқ! Ўша кунни кутяпти ҳамма. Шаҳсан ўзим ҳам. Менимча у ердаги "атмосфера" бошқача бўлади. Ўзбекистон дзюдо терма жамоасининг ўз шиори бор, "Ҳар қадамда тарихни янгилаш". Биз Парижда тарихни янгиламоқчимиз”, - дейди дзюдочи Музаффарбек Тўрабоев.
Анжуман давомида терма жамоамизнинг бугунги кунда олиб бораётган тайёргарлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан жамоа сардори, Токио 2020 Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби Давлат Бобонов кичик жароҳат сабаб, сўнги мусобақаларда иштирок эта олмаган бўлсада, унинг ҳозирги жисмоний ва руҳий ҳолати яхши экани, мусобақада муносиб иштирок этишга 100 фоиз тайёр эканини маълум қилди.
"Ҳар доимгидек, Токио олимпиадасига ҳам, Париж олимпиадасига ҳам бизга қилинган эътибор ва шароитлар энг юқори даражада. Бу тарафлама Токио олимпиадасидан кейин ҳам айтганман, ҳамма бизга ҳамма шароитни қилиб берилган. Ютқизишлар ё шунга ўхшаш нарсалар бўлса бу бизни спортчиларни айби билан бўлади", - дейди дзюдочи Давлат Бобонов.
Маълумот учун, Диёра Келдиёрова ва бир қатор дзюдочи қизларимиз айни пайтда Японияда машғулот олиб боришмоқда. 14 июль куни эса терма жамоамиз тўлиқ таркибда сўнгги йиғинни ўтказиш учун Францияга йўл олади.