Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Наманган вилоятида ҳам коронавирус инфекциясига қарши изчил кураш олиб бориляпти. Фидойи ва ватанпарвар шифокорларимиз уларни дарддан халос қилиш учун туну кун фаолият кўрсатишмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бугун вилоятдаги тўрт нафар коронавирусни юқтирган фуқаро бутунлай соғайиб, реабилитацияга олиниш бахтига муяссар бўлди.
Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ва бошқа масъуллар томонидан вилоят реабилитация марказига кузатиб қўйилди. Касалликдан тузалган фуқаролар маълум муддат шу ерда карантинда бўлади.
– Бугун менинг ҳаётимда унутилмас сана. Худди қайта дунёга келгандек ҳис этяпман ўзимни, – дейди бемор. – Бизни ўйлаб шунчалик шароит яратиб берган Президентимизга беҳисоб раҳмат. Шифокорларимиздан бир умр миннатдормиз. Улар ўзларининг жасоратли хизматлари, юксак малакалари, инсоний муносабатлари билан бизни оёққа турғазишга сабаб бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 42 нафари ушбу касалликдан тўлиқ фориғ бўлишди.