1

Бухорода Халқаро пакетли коммутация маркази боғламасининг қурилиши якунланди

HI-TECH 07.05.2015, 12:12
Бухорода Халқаро пакетли коммутация маркази боғламасининг қурилиши якунланди

“Ўзбектелеком” АК зиммасидаги вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун 2005 йилда Интернет провайдерларга глобал Интернет тармоғи ресурсларига уланишни таъминловчи “Ўзбектелеком” АК Халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро алоқа хизматларига эҳтиёж ҳамда ўсиб бораётган талабларни, шунингдек, транзит сиғимига бўлган талаб ва эҳтиёжларни ҳисобга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикасида Интернет хизматларини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни қабул қилиш учун мавжуд ўтказиш қобилиятини ошириш ва чегарадош мамлакатлар операторлари билан янги чегарага ўтиш нуқталарини қуриш бўйича лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Қўнғирод (Ўзбекистон) - Бейнеу (Қозоғистон), Пахта (Ўзбекистон) - Абай (Қозоғистон), Келес (Ўзбекистон) – Жибик Жоли қ. (Қозоғистон), Келес (Ўзбекистон) – Сарағоч (Қозоғистон), Денов (Ўзбекистон) – Чиртак (Тожикистон), Андижон (Ўзбекистон) – Ош (Қирғизистон), Олот (Ўзбекистон) - Туркманобод (Туркманистон), Термиз (Ўзбекистон) – Ҳайратон (Афғонистон) ва бошқа участкаларда хорижий мамлакатлар операторлари билан янги ўтиш нуқталари фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбектелеком” АК томонидан “Халқаро пакетли коммутация марказини кенгайтириш” лойиҳаси амалга оширилиши, унга мувофиқ минтақаларда ХПКМнинг янги боғламалари босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида Бухоро шаҳрида ўтказиш қобилияти келажакда янада кенгайтириш имконияти билан 40 Гбит/с. бўлган  ХПКМ янги боғламасининг қурилиши якунланди.

ХПКМ боғламаларини ўзаро боғлаш ва Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш учун “Ўзбектелеком” АК  Япониянинг NЕC корпорацияси ва Toyota Tsusho савдо уйи билан ҳамкорликда бир лямбдаларда 100 Гбит/с. тезликдаги янги DWDM-линиясини фойдаланишга топширди. Янги линия Республика пойтахти – Тошкентни  Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликлар маскани – Бухоро шаҳри билан боғлади.

Таъкидлаш зарурки, бу Марказий Осиё мамлакатларида 100 Гбит/с.гача тезликда ишлайдиган биринчи тизимдир. Мазкур тизимда 10 Гбит/с.гача тезликда ишлайдиган анъанавий DWDM-тизимларидан катта фарқ қиладиган энг илғор  когерент қабул қилиш ва узатиш технологиялари қўлланилган.

Мазкур лойиҳа магистрал алоқа линиялари ўтказиш қобилиятини ва маълумотлар узатишни бир неча марта оширди, бу эса мамлакатимиз фойдаланувчиларининг Интернет-хизматларига ишончли ҳамда юқори тезликда уланишига шароит яратилишига ёрдам беради.

 

          

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1