Бугунги кунда юртимизда кенг қамровли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида қурилиш компаниялари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бундай фирма ва компанилар юрт ободлигига муносиб ҳисса қўшиш баробарида ўз молиявий барқарорлигини ҳам мустаҳкамлаб бораётир.
Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ушбу соҳада ҳам ўз нафсини жиловлай олмайдиганлар учраб туради.
Қурилиш бизнесида “айланадиган” катта миқдордаги пул айрим нопок кимсаларнинг пайтавасига қурт тушириши эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, давлат томонидан молиялаштириладиган объектлар хусусида гап кетганда. Қуйида ана шу хусусда сўз юритамиз.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судида икки нафар “учар ишбилармон” – «Shark temir» масъулияти чекланган жамияти директори Александр Миронов ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси етакчи мутахассиси Аббос Орифхоновнинг жиноий хатти-ҳаракатлари устидан очилган иш кўриб чиқилди.
“Ўзархив” агентлиги биносидаги қўшимча қурилиш ишларини назорати остига олган Аббос Орифхоновни нафс йўлдан урдими, пудратчи - «Nekbaxt Jaxon Qurilish Servis» қурилиш компанияси мутасаддилари билан жиноий тил бириктириб, турли найрангларни қўллаб, 120 миллион сўм маблағни ўзлаштирди. Бироқ, қурилиш ишлари лозим даражада ва охирига қадар амалга оширилмади.
120 миллион сўм! Бу маблағ 120 нафар оддий ишчи-ходимнинг ўртача ойлик маошига тенг.
Ушбу ҳодисанинг яна бир “қаҳрамони” Александр Мироновни ҳам 2014 йилнинг август ойида болалар спорт мактаби қурилишидаги қинғир ишлари учун суд қилишганди. Айнан унинг ноқонуний қилмишлари сабабли болалар узоқ муддат спорт машғулотларидан бебаҳра қолишган. Ўшанда мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган Амнистия тўғрисидаги қарор Мироновнинг жонига оро кирган ва жазодан қутулиб қолганди. Афсуски, бу инсонпарварлик унга сабоқ бўлолмади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси унинг навбатдаги “қурбони”га айланишди. Ахборот агентлигининг фасадини таъмирлаш мақсадида 2010 йилдаёқ тегишли маблағ – 5,5 миллиард сўм ажратилган. Миронов ва унинг компанияси бу ишни аранг икки йилда – 2014 йилнинг мартида “уддалашди” холос. Фасадни реконструкция қилиш мобайнида деразаларни алмаштириш ҳам кўзда тутилган эди. “Барака топкур” қурувчилар деразаларни алмаштириш учун айнан қиш пайтини танлашганига нима дейсиз?
Натижада эса, ЎзА ходимлари чидаб бўлмайдиган шароитларда ишлашга мажбур бўлишди. Тасаввур қилинг-а, ташқарида ноль даражадан паст ҳарорат ҳукмрон. Деразаси қўпориб олинган, изғирин шамол эса, ичкарига, ходимлар ишлаб ўтирган хоналарга қор-ёмғир билан ёпирилиб кирса...
Бироқ Молия вазирлиги Назорат тафтиш бошқармасининг махсус текширишлари мобайнида бинони таъмирлаш ишлари тўла-тўкис, мукаммал, виждонан бажарилмагани аниқланди. Кейинги қишда бинонинг янги фасадидан ичкарига яна кучли изғирин сизиб кириши маълум бўлди. Наинки бинонинг фасадида, балки молиявий ишларда ҳам “тирқишлар” мавжудлиги юзага чиқди. Жаноб Миронов таъмирлаш пайтида бинодан ажратиб олинган гранит плиталари, дераза ромлари ва витражлар – нақ 97 миллион сўмлик қурилиш материалларини “туя” қилган экан. Албатта, бу ўринда унинг ёнида турган Орифхоновни ҳам қуруқ қўймаган, унинг “улуши” 37 миллион сўмдан кўпроқни ташкил қилган.
Суд ўз ишини якунлади. Айбдорлар қилмишига ярашасини олди. Уларнинг устидан чиқарилган ҳукм ўз кирдикорлари билан кун сайин янгиланиб, чирой очиб бораётган пойтахтимизнинг бетакрор қиёфасига соя ташламоқчи бўлган кимсаларга ибрат бўлар, деган умиддамиз.
Манба: uz24.uz